Спорт | 10:25 / 18.03.2019
16116
2 дақиқада ўқилади

Луис Суарес Ўзбекистон билан ўйинга беш кун қолганда жароҳат олди

Фото: REUTERS

«Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес Ла Лига доирасидаги «Бетис»га қарши баҳсда жароҳат олди ва шу боисдан 90-дақиқада Филиппе Коутиньога алмаштирилди.

32 ёшли футболчи рақибга қарши прессинг қўллаш вақтида ўнг оёғини қайириб олди, майдонни тарк этаётиб эса оёғини ерга боса олмади. Ҳозирча унинг шикастланиши тафсилотлари, хусусан қанча вақт майдонга туша олмаслиги мумкинлиги маълум эмас.

Суарес Уругвай терма жамоаси бош мураббийи Оскар Табарез томонидан март ойидаги ФИФА кунларида Хитойда ташкил этиладиган халқаро мусобақада иштирок этувчи футболчилар рўйхатига киритилган. Уругвай «China Cup» ярим финалида Ўзбекистонга қарши майдонга тушади. Учрашув 22 март куни Наннинг шаҳрида бўлиб ўтади.

Ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида мезбон Хитой ва Таиланд термалари тўқнаш келишади. 25 март куни учинчи ўрин учун баҳс ва финал ўйини бўлиб ўтиши белгиланган.

Қайд этиш керак, Хитойдаги турнирда жанубий америкаликлар таркибида ҳужумчи Эдинсон Кавани ҳам қатнаша олмаслиги мумкин. «ПСЖ» аъзоси 9 февралдаги «Бордо» билан баҳсда сонидан жароҳат олиб, бир ой майдонга туша олмаган эди. У 6 март куни ЕЧЛ 1/8 финалида «Манчестер Юнайтед»га қарши жавоб ўйинининг 90+9-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилди, аммо кеча «Марсель» билан ўйин қайдномасига киритилмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уругвай Ўзбекистонга қарши ўйинни янги дизайндаги либосда ўтказиши хабар қилинган эди.

Маълумот учун, Суарес «Бетис»га қарши кечаги баҳсда (4:1) дарвозани ишғол этиб, Испания чемпионатида энг кўп гол урган уругвайлик футболчилар рўйхатида пешқадам бўлиб келган Диего Форланга етиб олди. Ҳар икки ҳужумчи ҳисобида 128та гол бор.

Мавзуга оид