Ўзбекистон | 12:12 / 28.03.2019
51026
2 дақиқада ўқилади

Солиқ қўмитаси: Ўрикзордаги ҳолатда солиқ инспектори ноҳақ бўлмаган

Бугун, 28 март куни «Жисмоний шахслар жами йиллик даромадларини декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари ва кўчмас мулк объектлари ижара шартномаларини солиқ хизмати органларида ҳисобга олиш тартиби» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман чоғида мутахассислар нафақат мавзу юзасидан, умуман тизимга оид саволларга ҳам жавоб бердилар. Жумладан, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлаётган «Ўрикзор» савдо комплексидаги ҳолатга ҳам ойдинлик киритилди.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Тўрабек Тўраевнинг маълум қилишича, солиқ ходими ўз ваколати доирасида ҳаракат қилган.

«Бу ҳолатда шов-шув, ғала-ғовур кўтаришнинг ҳожати йўқ эди ва харидлар чекини кўрсатиш кифоя қиларди. Давлат солиқ инспекцияси ходимининг асоссиз ҳаракатлари бўйича туну-кун ишловчи ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш ёки бошқа тартибда мурожаат қилиш мумкин ва улар дарҳол кўриб чиқилади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Бундан аввалроқ, ижтимоий тармоқда «Ўрикзор» бозори ҳудудида солиқ инспекторлари харидорларни тўхтатиб чек сўраётгани, чек бўлмаган ҳолда бозор ҳудудидан чиқармасдан ушлаб тургани тасвирланган видео тарқалганди.

Мавзуга оид