Ўзбекистон | 15:49 / 30.03.2019
26090
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги қўшма баёнотнинг тўлиқ матни эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 2019 йил 24-26 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларида расмий ташриф билан бўлди.

Давлат раҳбари Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ва Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги қўшма баёнот матнини эълон қилди.

Қайд этилишича, раҳбарлар икки қардош мамлакат ўртасидаги стратегик муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, улар бўйича аниқ келишувларга эришиш масалаларини муҳокама қилдилар ҳамда ўзаро қизиқиш уйғотадиган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашган.

Раҳбарлар:

давлатлараро алоқаларнинг ўсиш суръатини, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва сермаҳсул муносабатларнинг жадал ва изчил ривожланиб бориш тенденциясини мамнуният билан эътироф этиб, икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида узоқ муддатли, конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишга катта туртки беришига ишонч билдирган ҳолда, қуйидагилар тўғрисида баёнот бердилар:

1. Раҳбарлар икки давлатнинг ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион-технологик ҳамкорлигини янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар. Шу муносабат билан, раҳбарлар икки томонлама товар айланмаси ҳажмини янада ошириш, ўзаро экспорт-импорт операциялари, хусусан, юқори даражада қайта ишланган маҳсулотларни етказиб беришни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиш масалаларида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг фаолиятига янги туртки беришга қарор қилдилар.

2. Раҳбарлар икки мамлакат вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро делегациялар алмашинувини фаоллаштириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги технологиялар ва илмий ишланмаларни жорий этишни рағбатлантиришга чақирдилар.

Шу билан бирга, томонлар товар айирбошлаш тузилмасини тўлиқ диверсификация қилиш ва унинг ҳажмини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида тегишли давлат органлари ўртасидаги мунтазам мулоқотни қўллаб-қувватладилар.

3. Раҳбарлар кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган интилишларидан келиб чиқиб, турли даражаларда маслаҳатлашувлар ўтказиш ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

4. Икки мамлакат ўртасидаги мавжуд тарихий ва маданий муштаракликка асосланган дўстона алоқалардан келиб чиқиб, раҳбарлар маданият, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар. Шу ўринда, раҳбарлар икки давлатнинг мусулмон мамлакатлари орасидаги мустаҳкам ўрни, ислом сивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, маданий ва тарихий меросни муҳофаза этишдаги хизматларини эътироф этдилар.

5. Ўзбекистон томони Бирлашган Араб Амирликларининг мамлакатда хавфсизлик ва фаровонлик ўрнатишга қаратилган олиб борилаётган саъй-ҳаракатларини ҳамда Яқин Шарқ минтақасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этишга йўналтирилган пухта ўйланган, вазмин ва амалий ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг сўнгги йилларда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришган салмоқли ютуқлари президент шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар муваффақиятининг ёрқин далили эканлиги қайд этилди.

6. Ўз навбатида, Амирликлар томони Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган, мамлакат салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ва сермаҳсул кўп томонлама ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратадиган кенг кўламли ўзгариш ва ислоҳотлар ҳамда муҳим халқаро ташаббусларнинг ижобий натижаларини эътироф этди.

7. Раҳбарлар минтақавий ва глобал даражада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга интилишларини яна бир бор таъкидладилар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори эканликларини тасдиқладилар.

8. Раҳбарлар терроризм, бузғунчи экстремизм, ноқонуний миграция, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласи, трансмиллий уюшган жиноятчилик, хавфсизликка оид бошқа таҳдид ва хавфларга қарши курашишда қатъий эканликларини ҳамда ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама даражаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида эканликларини тасдиқладилар.

9. Раҳбарлар икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини амалий, муҳим ва истиқболли битимлар билан янада кенгайтиришга даъват этдилар. Шу муносабат билан, Фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги давлатлараро битимни яқин орада имзолашнинг муҳимлигини таъкидладилар.

10. Раҳбарлар самарали учрашувлар, шунингдек, мазкур ташриф давомида имзоланган иқтисодий ва техникавий ҳамкорлик ҳамда бошқа турли соҳалардаги битим ва меморандумлар Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги қардошлик муносабатларини ўзаро манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

11. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга меҳмондўстлик ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда унга ўзи учун қулай бўлган вақтда Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлишни таклиф этди. Таклиф мамнуният билан қабул қилинди. Ташриф санаси дипломатик каналлар орқали келишилади.

Мавзуга оид