Жамият | 21:04 / 01.04.2019
10076
3 дақиқада ўқилади

Тамара Хонимнинг 113 йиллиги нишонланди

Ўзбек рақс санъатининг беқиёс устаси бўлган Тамара Хоним ҳамон ҳаётдек, орамизда яшаб келаётгандек. Чунки унинг такрори йўқ санъати ҳар бир юртдошимиз қалбидан мустаҳкам жой эгаллаган.

Тамара Хоним 1906 йил 29 мартида Артём Сергеевич Петросян ва Анна Николаевна Анибекова оиласида дунёга келади. Бошқа миллат вакили бўлсада, Тамара Хоним бутун умр ўзбеклар билан бир жону-бир тан бўлиб яшади, шу миллат санъатини чуқур эгаллади.

У 1921 йилда Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов тавсиясига кўра «Шарофатхон» тахаллуси билан чиқишлар қилади. 1924 йилда Москва театри артистлари томонидан ташкиллаштирилган «Шарқ оқшоми» дастурларида биринчи марта «Тамара Хоним» номи билан саҳнага чиқади.

1935 йилда Лондонда бўлиб ўтган Халқ рақслари бўйича дунё фестивалида устози Уста Олим Комилов билан бирга Олтин медалга сазовор бўлади.

Чет элликлар бу ажойиб аёл қайси миллат вакиласи эканлигини тушуна олишмаган. Келиб чиқиши арман, ўзи эса ўзбек маҳаллада катта бўлган Тамара Хоним ҳар бир чет эл сафаридан уйига янги рақс олиб келаркан, унга батамом шўнғиб кетарди. Унинг ижодий ғалаёнида 86 халқ рақси жамланди. Тамара нафақат рақси, балки турли халқларга хос ўзгача қадам ташлашлари, юз имо-ишоралари, тана ҳаракатлари билан ажралиб турарди. Рақс либослари, грим ва у ижро этган рақс шу даражада ўзгарар эдики, бу ажойиб аёлни кўрган ҳар бир халқ уни ўз ватандоши деб ўйларди.

2019 йилнинг 30 мартида президентнинг бевосита ташаббусига асосан, «Тамара Хоним» уй-музейининг 2019 йилги режасига мувофиқ санъаткорнинг 113 йиллиги кенг нишонланди. Унда нафақат Ўзбекистон санъати арбоблари, балки хориждан ташриф буюрган кўплаб меҳмонлар ҳам иштирок этишди. Ўзбекистон Халқ артисти Мансур Тошматов, Ўзбекистон xалқ артисти Вилоят Оқилова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Дилором Омонуллаева, Тамара Хонимнинг Озарбойжондан атайлаб ташриф буюрган набираси Қоракўз хонимлар шулар жумласидандир.

Мавзуга оид