Ўзбекистон | 15:16 / 12.04.2019
153139
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантиришга масъул бўлди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, вазирлик ва мутасадди идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда ҳукумат ва Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорликни кучайтириш, ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ахборот хавфсизлигини таъминлашга оид тизимли ишларни ташкил қилиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ахборот хизматларининг нуфузини ошириш, Агентлик тизимига маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, матбаа ва ноширлик, кутубхоначилик соҳасини замонавий ускуналар билан таъминлаш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус бўйича белгиланган вазифаларни сифатли ва самарали амалга ошириш масалалари алоҳида қайд этилди.

Кенгайтирилган йиғилишда, шунингдек, йиғилиш иштирокчиларига ва Агентлик жамоасига янги раҳбарият таркиби таништирилди – Агентлик директори вазифасини бажарувчи Комил Исмоилович Алламжонов, директорнинг биринчи ўринбосари Авазбек Жабборкулович Ходжиметов, директор ўринбосарлари этиб Саида Шавкатовна Мирзиёева ҳамда Ғайрат Назарович Бозоров тасдиқланди.

Саида Шавкатовна Мирзиёева
Авазбек Жабборкулович Ходжиметов
Ғайрат Назарович Бозоров

С.Мирзиёева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикасининг чет элларда ижобий имижини шакллантириш – PR-марказ вазифаси ижроси, шунингдек, агентликнинг давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш каби вазифалар учун масъул бўлади. 

Эслатиб ўтамиз, Агентлик ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Мавзуга оид