Кундузи чироқ ёқиб: нега йўл ҳаракати қоидалари бўйича бундай қарорга келинди?
Kun.uz мухбири Ички ишлар вазирлиги ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов ва бош бошқарма қошидаги Жамоатчилик кенгаши котиби Мансур Рихсиев билан йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгаришлар, йўл четидаги радар, муляжларнинг нечоғли самарадорлиги ва жарима ёзишдаги хатоликлар тўғрисида суҳбатлашди.
ИИВ ЙҲХ ББ вакиллари кундузги вақтда автомобиль чироқларини ёқиб юриш қоидаси тўғрисида изоҳ беришди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
«Бу борада, аввало, илғор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди. 2016 йил 1 мартдан кучга кирган йўл ҳаракати қоидаларида автобус ва микроавтобуслар, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи транспорт воситаларига кундузги вақтда ҳам яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юриш мажбурий қилиб белгиланганди.
Кейинчалик, таҳлиллар ва ўзгаришларга асосланган ҳолда барча транспорт воситалари кундузи яқинни ёритувчи ва кундузги сигнал чироқларини ёқиб юриши зарурлиги тўғрисидаги қарорга келинди.
Жаҳон тажрибасида чироқларни ёқиб юриш йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ижобий таъсирини кўрсатиши исботланган.
Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган иқлим масаласига тўхталадиган бўлсак, бу ҳолатда иқлимий шароитларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
Чироқни ёқиб келаётган транспорт воситасини пиёда бўладими, бошқа ҳайдовчилар бўладими, узоқ масофадан илғайди, ҳушёр бўлади. Шу мақсадда ҳам бу қоида жорий этиляпти. Ўйлаймизки, бу ўз натижасини беради ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади», дейди ИИВ ЙҲХ ББ матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов.
ИИВ ЙҲХ ББ қошидаги Жамоатчилик кенгаши котиби Мансур Рихсиев эса ушбу қоида юзасидан шундай фикр билдирди:
«Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги 292-сонли қарор чиққач, кундуз пайти автомобиль олд чироғини ёқиб юриш масаласида кўплаб мурожаатлар бўляпти. Қуёшли ёз кунларида бу моторнинг қизиб кетишига сабаб бўлишидан хавотирланаётганларга айтишим мумкинки, ҳозирги автомобилларда бунинг барча жиҳатлари ҳисобга олинган.
Масалан, мамлакатимиздан ҳам иссиқроқ иқлим шароитига эга давлатларда транспорт воситалари кундуз пайти чироқ ёқиб юради. Олд томонга қараб ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчиси ён томондан чироғини ёқиб келаётган транспорт воситасини кўз қири билан ҳам илғай олади.
Буларнинг барчаси хавфсизлик учун. Жаҳон тажрибасида ушбу амалиёт орқали йўл-транспорт ҳодисалари 15%гача камайишига эришилган. Ўзбекистон ҳудудида йилига 9 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлса, унинг 15%гача камайиши сезиларли рақамни келтириб чиқаради. Рақамлар ортида эса инсонлар ҳаёти туради».
Йўл ҳаракати қоидалари борасидаги ўзгаришлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси вакиллари билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини Kun.uz’нинг YouTube ва Mover’даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
18:02 / 19.12.2024
Қатарда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузган ҳайдовчининг автомобили йўқ қилинди
16:29 / 19.11.2024
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
17:51 / 06.10.2024
Йўлларда авариялар кўпайди, тезлик ҳайдовчиларни қотилга айлантирмоқда
14:49 / 05.10.2024