Жаҳон | 20:58 / 15.04.2019
24580
2 дақиқада ўқилади

Самолёт йўловчиларни ташлаб уларсиз учиб кетди

Фото: Stephane Mahe / Reuters

12 апрелда EasyJet авиакомпаниясининг Лондондан Лиссабонга учган самолёти йўловчиларни Портуда тушириб, Лиссабонга уларсиз учиб кетган. Бу ҳақда Daily Mail нашри маълум қилди. 

Самолёт Португалия пойтахтида маҳаллий аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги вақтинчалик ёпиқ бўлгани сабабли қўна олмаган. Шундан кейин самолёт Порту аэропортида қўнган ва самолётга ёнилғи қуйилиши кераклиги айтилиб, ундан йўловчилар туширилган. Бироқ 5 соатдан кейин йўловчиларга самолёт Лиссабонга уларсиз учиб кетгани маълум қилинган ва у ерга автобусда етиб олиш таклиф қилинган. 

“Биз аэропортга келгач, у ерда самолёт бизсиз Лиссабонга учиб кетганини айтишмагунча кутиб ўтирдик. Ҳамма бундан карахт ҳолга тушиб қолди. Кейин ҳамма Лиссабонга автобусда олиб кетилди”, деб айтган йўловчилардан бири. 

EasyJet’да Лондондан учган EJU8717 рейси Портуда қўнгани тасдиқланган, йўловчилар эса самолётдан уларга қулайлик яратиш мақсадида туширилганлари маълум қилинган.

Авиакомпания вакилининг айтишича, учиш-қўниш йўлагининг ёпилиши экипажнинг қонун билан белгиланган ишчи вақт лимитидан ўтиб кетишига олиб келган. Шу сабабли йўловчиларга бепул ичимликлар ва Лиссабонгача автобус таклиф қилинган.

“Биз етказилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраймиз ва уларга сабр-тоқатлари учун миннатдорлик билдирамиз”, деб айтган авиакомпания вакили.

Таъкидлаш жоиз, йўловчиларга Портудан Лиссабонгача 315 кмлик масофани автобусда босиб ўтишга тўғри келган.

Мавзуга оид