Спорт | 10:20 / 17.04.2019
21646
8 дақиқада ўқилади

ЕЧЛда ностальгия. Роналду – «Аякс»нинг навбатдаги қурбони

Фото: AFP

«Аякс» яна бир сенсация қайд этди. Ёш нидерландлар «Реал» ортидан «Ювентус»ни ҳам жавоб ўйинида мағлуб этиб (2:1), Чемпионлар лигасидаги юришини давом эттирди.

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Жавоб ўйини 
«Ювентус» (Италия) – «Аякс» (Нидерландия) – 1:2 (1:1)
Голлар
: Криштиану Роналду, 28 (1:0). ван де Бек, 34 (1:1). де Лигт, 67 (1:2).
«Ювентус»: Шченсни, Де Шильо (Жоау Канселу, 64), Ругани, Бонуччи, Сандро, Пьянич, Матюиди, Эмре Жан, Криштиану Роналду, Дибала (Кин, 46), Бернардески (Бентанкур, 80).
«Аякс»: Онана, Фелтман, де Лигт, Блинд, Мазравий (Синкгравен, 11. Магальян, 82), ван де Бек, Шоне, де Йонг, Нерес, Тадич, Зиёш (Ҳунтелаар, 88).
Огоҳлантиришлар: Эмре Жан, 69. Криштиану Роналду, 90+3.
Ҳакам: Тюрпен (Франция).
16 апрель. Турин. «Ювентус» стадиони.
Биринчи ўйин – 1:1.

Амстердамлик кекса синьора
«Аякс» мавсумдаги энг муҳим ва энг мураккаб ўйинларидан бирига юмор билан тайёрланди. Чемпионлар лигаси чорак финалидаги жавоб учрашувини «Аякс» расмий сайтида кекса синьора анонс қилди. «Аякс» мухлиси бўлган 80 ёшли хоним ўз клуби муваффақиятларига ишонч билдирди. «Мен Френки де Йонгга ишонаман», - деди Соня исмли амстердамлик кекса ёшли хоним.

Кейинги кунларда амстердамликларнинг 21 ёшли етакчиси Туриндаги ўйинда майдонга тушиш-тушмаслигини ҳамма муҳокама қилди. Де Йонг шанба куни ички чемпионат доирасида «Эксельсиор»га қарши ўйинда белидан жароҳат олган ва ўйин бошланишига бир соат қолгунича у сафга қайтганини ҳеч ким билмасди. Фақат мураббийлар таркибларни эълон қилганида ёш организм ўзини кўрсатгани, Френки бошланғич таркибда ҳаракатланишга тайёрлиги маълум бўлди. Биринчи ўйинда дуранг натижага эришилишида катта иш қилган «Аякс» етакчиси бундай ўйинни ўтказиб юбориши мумкин эмасди. «Юве» эса ўйин олдидан жиддий йўқотишга учради - жамоанинг асосий ҳужумчиларидан бири Марио Манжукич шамоллаб қолди ва майдонга чиқа олмайдиган бўлди. Массимилиано Аллегри Дибалани майдонга ташлашга қарор қилди - жамоа сардори боғичи билан.

«Аякс» барибир йўқотишдан қутулиб қололмади. Итальянлар чап қанотдан ҳужум уюштириб, тўпни дарҳол ўнг қанотга узатишганида бу тўп учун Дибала билан курашда муваффақиятсиз ҳаракат қилган Мазравий жиддий жароҳат олди ва 11-дақиқадаёқ ўз ўрнини Синкгравенга бўшатиб беришга мажбур бўлди.

Роналдуда яна гол
«Юве» тезкор гол урди. Буни яна Роналду қилди ва яна тўпни биринчи ўйинда бўлгани каби бош билан дарвозага йўллади. Португалиялик ҳужумчи «Аякс»нинг барча футболчилари кўзини шамғалат қилиб, Онанани ҳам доғда қолдирди. Бу вазиятда кўпчилик футбол мухлислари ҳужум вақтида туринликлар томонидан қоида бузилганини иддао қила бошлашди, аммо ҳакам видеотакрорни кўриб чиқиб, голни ҳисобга олди. Ҳақиқатан ҳам бу вазиятда «Аякс» ҳимоячилари ўзаро тўқнашиб кетганди.

«Аякс» устози Эрик тен Ҳааг хафалигини ичига ютиб, Криштиануни навбатдаги голи билан табриклади. У кўп вақт хафа бўлиб турмади - 5 дақиқа ўтиб ван де Бек рақиб ҳимоясидаги палапартишликдан фойдаланиб ҳисобни тенглаштирди.

Бу вазиятда ҳам франциялик арбитр Клеман Тюрпан видеотакрорга мурожаат қилди ва бу сафар ҳам гол ҳаққоний урилганини тасдиқлади. Бу ўйинда VAR ишлатилганининг ягона фойдаси бу футбол спектаклининг янада узоқроқ давом этишига сабаб бўлгани бўлди - ҳакам ўйинга 5 дақиқа қўшиб берди.

Ўйин янада узоқроқ давом этишини истаган яна бир инсон туринликлар дарвозабони Шченсни эди. Иккинчи бўлимда «Юве» мудофааси сочилиб кетди, дарвозабон эса мўъжизалар кўрсатишга мажбур бўлди. У гоҳ Зиёшнинг кучли зарбасини тўсиб қолар, гоҳ ван де Бекнинг дарвоза «тўққизлиги»га кетаётган зарбасини бартараф этарди.

Аллегрининг ҳужумдаги режалари ўзгариб кетди
Шченснининг «Юве»ни қутқариб қолиш йўлидаги ҳаракатлари зое кетди. Меҳмонларнинг яна бир ҳужуми бурчак зарбаси билан якунланди. Бу вазиятда рақиб жарима майдонида ҳаммадан баланд сакраган 19 ёшли сардор Маттейс де Лигт бош билан аниқ зарба йўллаб, ҳеч кимда шубҳа туғдирмайдиган гол муаллифи бўлди.

«Кекса синьора»нинг ҳужумдаги режалари чиппакка чиқди. Аллегри танаффусда ғалати қарор қабул қилди ва Дибалани ўйиндан олиб, 19 ёшли Мойзе Кинга ишонч билдирди (ўйиндан кейинги матбуот анжуманида у бу қарорини аргентиналик ҳужумчида кичик жароҳат юзага келгани билан изоҳлади). Аммо туринликларнинг ёш форварди Роналду ва Бернардески билан ўйнаб кета олмади. «Юве»нинг танаффусдан кейинги ўйини шунчаки иложсизликнинг ўзгинасига айланди, де Йонг эса майдон марказида яккаҳокимлик ўрнатди.

Иккинчи голдан кейин ҳам «Аякс» ҳимояга ётмади - ҳолбуки энди «Ювентус»га иккита гол керак, амстердамликларни эса дуранг натижа ҳам қониқтирарди. Аммо тен Ҳааг шогирдлари рақиб майдонида босим уюштирар, тўпни эгаллаб олгач эса зарба беришга шошилмасдан, рақиб ҳудудига бир-бирига аниқ паслар узатиб «вақтни ўлдирар», ҳам рақибни чарчатарди. Ўйин якунланиб боргани сари эса меҳмонлар учинчи голни уришга уринишди ва вазиятлардан бири тўп дарвоза тўрига бориб тушиши билан якунланди. Аммо қанот ҳаками Зиёш бу вазиятда офсайдда қолган деб топди. Аммо «Ювентус» икки гол тугул бир гол уролмади. На Роналду, на унинг шериклари ва на видеоҳакамга эътирозлар «Аякс»га сенсация яратишга халақит қилолди. Ёш футболчилар охири йўқ паслар билан «Юве» ҳимоячиларининг бошини айлантириб ташлашди.

ЕЧЛ тарихида энг яхши тўпурар сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаган Роналду иккинчи голни уролмади, «Юве» унинг даражасига етолмади, жамоадошлари унга тўп етказиб бера олишмади, унинг ўзи ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда фол ишлатиб, сариқ карточка олди. 16 апрель оқшоми унинг фаолиятидаги энг ёмон оқшомлардан бирига айланди. У қаторасига тўртинчи бор ЕЧЛни ололмайди. Мухлислар финалда Месси ва Роналду қарама-қаршилигига гувоҳ бўлишдан мосуво бўлди. Роналду эртага ҳам, индинга ҳам, кейинги мавсумда ҳам, бир асрдан кейин ҳам буюк футболчилигича қолади, аммо у бу оқшом ЕЧЛни тарк этди.

Бу оқшомда мухлислар ҳақиқий футбол гувоҳи бўлишди. Бу футболда номлар ҳеч нарсани англатмайди. «Аякс»да катта юлдузлар йўқ, аммо бу болалар роҳат олиш учун тўп суришади. Ёзда бу жамоа талон-торож бўлиб кетиши мумкин, аммо улар бугун роҳатланиб футбол ўйнашади. 

Аяксид ҳаммани ўтган асрнинг 90-йилларига қайтарди. Бу жамоани энди ҳамма яхши кўриб қолди. Бу жамоа босим нелигини билмайди. «Манчестер Сити», «Тоттенҳэм», «Барселона» ёки «Ливерпуль» рақиб бўладими, бу болаларга фарқи йўқ.

Мавзуга оид