Жамият | 16:33 / 19.04.2019
32206
7 дақиқада ўқилади

«Билимлар беллашуви» баҳолаш мезонларида нималар ўзгарди?

Фото: Pixabay

 «Билимлар беллашуви» баҳолаш мезонларида нималар ўзгарди?

Ҳар йили анъанавий тарзда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун фанлар бўйича «Билимлар беллашуви» уч босқичда (мактаб, туман/шаҳар, вилоят) ўтказилади. Ўқувчилар билимини баҳолаш, уларни изланишга янада рағбатлантиришга хизмат қилувчи мазкур беллашув баҳолаш мезонларига бир қатор янгиликлар киритилди. Баҳолаш мезонидаги ўзгаришлар ҳақида Республика таълим маркази бўлим бошлиғи Фаррух Абдуллев батафсил маълумот берди.

Илгари тўрт, кейин эса уч босқичда

Мутахассиснинг баён этишича, «Билимлар беллашуви»ни ташкил этишнинг икки ҳуқуқий асоси мавжуд. Халқ таълими вазирининг 2017 йил 16 январдаги 13-сонли буйруғига асосан танловнинг Низоми тасдиқланган. Кейинчалик ота-оналар ва ўқитувчиларнинг фикр ва таклифларига биноан 2017 йил май ойида танлов низомига ўзгартириш киритилган. Яъни беллашувни 4 босқичда (мактаб, туман/шаҳар, вилоят, республика) эмас, балки 3 босқичда ўтказиб, тугатиш, республика босқичини бекор қилиш белгиланди. Бунга ўқувчиларнинг кичик ёшда эканлиги, республика босқичи учун пойтахтга келиш зарурати ноқулайлик туғдиргани сабаб бўлди.

Тест саволлари миқдори камайтирилди

Тест топшириқларини онлайн платформада топшириш йўлга қўйилган. Яъни ўқувчи компьютерда онлайн тарзда ишлаган тест натижаларини ўша заҳотиёқ билиши мумкин. Бу тестларни баҳолаш жараёнида нохолисликларга йўл қўйилмаслигини кўзда тутади. Шунда ҳам иштирокчида эътироз бўлса, хатоликларини кўриб чиқиши учун имконият берилади.

Тест топшириқлари миқдори билан боғлиқ ўзгаришлар мавжуд. Тестлар сони 30тадан 25тага туширилган. Илгари 30та тестга 2 баллдан берилган бўлса, энди 25та тестга 2,4 баллдан ажратилади.

Бу иштирокчилар учун бир қатор қулайликлар яратади. Ўқувчи компьютер қаршисида камроқ ўтиради. Жараённи тезроқ якунлаб, уйига тезроқ қайтиши мумкин бўлади. Шунингдек, тест сонларининг камлиги ҳам иштирокчига енгиллик беради, руҳий босим камроқ бўлади.

Фақат тарих, ҳуқуқ ва иқтисодиёт фанлари бундан мустасно. Чунки бу фанларда иштирокчи фақат тест ишлайди, ёзма иш бўлмайди. Шу боис улар иккинчи босқичда 40та, учинчи босқичда 50та тест ишлайди. Уларга ўзгартириш киритилмаган.

Дарсликдан ташқари манбалардан ҳам саволлар тузилади

Халқаро олимпиадаларнинг ўтказилиш меъёрлари ўрганилган ҳолда яна бир янгилик жорий этилди. Яъни беллашув топшириқларига 20-25 фоизгача дарсликдан ташқари манбалардан ҳам саволлар киритилиши мумкин. Бу орқали иштирокчининг масалага ижодий ёндашувини ошириш кўзланган. Шунингдек, ўқувчиларнинг халқаро олимпиадалар тизимига мослашишига ҳам ёрдам беради.

Мисол учун, ўқувчи физика дарсида Ньютоннинг иккинчи қонунини ўзлаштирган. «Билимлар беллашуви»даги топшириқлар айнан мактаб дарслигидан олинмайди, янги масалалар берилади, аммо уларнинг ечими айнан Ньютоннинг иккинчи қонуни асосида топилади. Бу жиҳатдан ўқувчи масала билан таниш бўлади.

Агар ўқувчи дарсликдан ташқари манбалар билан таниш бўлмасачи, деган саволга мутахассис қуйидагича жавоб берди: «Ҳар бир мавзу бўйича дарсдан ташқари ўқиш тавсия этилган адабиётлар мавжуд. Иқтидорли ўқувчилар улар билан таниш бўлиши керак. Дарсдан ташқари ўқувчилар танишиши керак бўлган адабиётлар рўйхати Халқ таълими вазирлигининг сайтига ҳам жойлаштирилган, улар бўйича маълумот ҳудудий бошқармаларга ҳам юборилган».

Топшириқлар учун кўпроқ вақт ажратилади

Физика ва кимё фанлари бўйича ёзма иш учун 90 дақиқа ажратилган эди, эндиликда бу миқдор 120 дақиқа (2 соатга) узайтирилди. Бу фанлар бўйича топшириқлар сони 5талиги инобатга олиниб, вақт миқдори оширилди.

Иқтисодий билим асослари (7-, 8-синфлар учун) бўйича тест топшириқлари учун 40та саволга 90 дақиқа вақт бериларди. Эндиликда бу вақт 100 дақиқага етказилган. Яъни ҳар бир савол учун 2,5 дақиқа вақт ажратилади.

Белгиланган нормативлар бўйича ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 2 дақиқа, аниқ фанлар учун эса 3 дақиқа ажратилади. Иқтисодий билим асослари назарий фан бўлиш билан бирга унда ечилиши керак бўлган масалалар ҳам борлиги боис унга ҳар бир савол учун 2,5 дақиқа кераклиги белгиланди.

Кўпроқ вақт берилиши ўқувчи учун қулайлик беради, хатоларга камроқ йўл қўяди, ўзини назорат қила олади.

Янги тартиб қачон кучга киради?

Мазкур ўзгартиришлар 2019 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган Илмий-методик кенгашларда кўриб чиқилиб, тасдиқланган. Шу боис 2019 йил учун ўтказилаётган «Билимлар беллашуви»нинг учинчи (вилоят) босқичида баҳолаш жараёни шу тартиб асосида амалга оширилади. Агар кейинги йилга қадар бошқа ўзгартиришлар киритилмаса, 2020 йилдаги беллашувда ҳам янги тартиб амал қилади.

«Баҳолаш мезонларининг ўзгариши танловнинг ҳаққонийлик принциплари асосида ўтишига қанчалик таъсир кўрсатади?» деган савол туғилиши табиий. «Танловларнинг ўтказилиш принциплари кўпроқ Низомга боғлиқ. «Билимлар беллашуви»нинг Низомига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Янги ўқув йилида билимлар беллашуви янгиланган Низом ва янада такомиллаштирилган баҳолаш мезонлари асосида ўтказилиши кутилмоқда», дея таъкидлайди Фаррух Абдуллаев.

Фан олимпиадаларида ҳам ўзгаришлар бўладими?

Олий таълим муассасасига имтиёзли кириш ҳуқуқини берувчи фан олимпиадалари ҳам ҳар йили катта баҳс ва зиддиятларга сабаб бўлади.

«Олимпиаданинг ўтказилиш тартибига ҳам ҳаққонийликни таъминловчи ўзгартиришлар киритиладими?» деган савол билан мутахассисга мурожааат қилдик.

«Бу йилги фан олимпиадаси ўтган йилдагиларга қараганда анча яхши ўтди. Ижтимоий тармоқлардаги «клавиатура қаҳрамонлари»нинг барча гап-сўзлари ҳам юз фоиз далилларга асосланган деб бўлмайди. Жараённи четдан кузатиб мутлақо холис баҳо бериш осон эмас», дейди Фаррух Абдуллаев.

Мутахассиснинг маълум қилишича, бу йили олимпиадалар катта павилонларда ташкил этилди, овозли камералар орқали мониторларда кузатувчилар учун намойиш этилди. Ота-оналар, ўқувчилар, ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан «олимпиаданинг адолатлигига қандай баҳо берасиз?», «саволлардан қониқдингизми?» каби саволлардан иборат анкета сўровномалари олинди. Унда билдирилган таклифлар ва фикрларга таянган ҳолда жараённи кейинчалик янада яхшилаш, такомиллаштириш вазифаси қўйилади.

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид