Жаҳон | 22:07 / 22.04.2019
7443
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон президентининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди

Фото: «Спутник»

22 апрелдан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг виртуал қабулхонаси ишлай бошлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Берик Вали маълум қилди. 

“Давлат раҳбари ҳар куни турли манбалардан талайгина маълумотлар олади. Президент, шунингдек, янги коммуникация воситалари – интернет-ресурслар ва ижтимоий тармоқлар билан ишлайди. Бугунги кунда ахборот оқими жадал кўпаймоқда. Президент қўлини долзарб ҳодисалар пульсида ушлашга мажбур. Шу сабабли давлат сиёсатининг устувор вазифаси аҳоли билан самарали тескари алоқа, жамият билан мулоқотни йўлга қўйиш ҳисобланади. Қосим-Жомарт Тоқаев твиттерда аккаунт (@TokayevKZ) юритади, яқинда эса инстаграмда саҳифа (tokayev_online) очди, бу ерда одамлар ўз изоҳлари, таклифлари, муносабатларини қолдирадилар. Уларда тизимлироқ ишни талаб қилувчи қимматли ва муҳим ахборот сақланади. Шу сабабли давлат раҳбари одамлар расмий сўровлар билан мурожаат қила оладиган Президент виртуал қабулхонасини очиш топшириғини берди. Ҳар бир мурожаат президент ва унинг топшириғи билан маъмурият ходимлари томонидан кўриб чиқилади. Виртуал қабулхона, шубҳасиз, давлат раҳбарига энг ўткир ижтимоий муаммоларни уларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида аниқлашда ёрдам беради”, деб ёзган Вали Facebook’да.      

Айни вақтда Ўзбекистон, Россия, Қирғизистон, Беларусь, Украина ва бошқа кўплаб давлатларда президент виртуал қабулхоналари бор. Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси 2016 йил сентябрида ишга туширилган.   

Мавзуга оид