Иқтисодиёт | 00:25 / 26.04.2019
39477
5 дақиқада ўқилади

Нима учун долларни яхши кўрамиз ва уни «ёстиғимиз остида» сақлаймиз?

Энг камтарона ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси қўлида бир неча миллиард доллар бор, дея ҳисоблайди Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров. "Бизнес лабораторияси"га берган интервьюсида Назиров унинг агентлиги аҳоли тасарруфидаги маблағлар ҳажмини баҳолагани ҳақида сўз юритди.

"Бугунги кунда аҳоли "ёстиғи остидаги" нақд пул воситалари ҳажми бир неча миллиардларга баҳоланмоқда, агар ўнлаб миллиард (доллар) бўлмаса", - дейди у.

Унинг сўзларига кўра, бу пулларни ишга тушириш учун молиявий жиҳозларни ривожлантириш керак. Шунда бизнес инвестиция сифатида аҳоли маблағларини ҳам жалб қилиши мумкин бўлади.

"Нима учун бу пуллар "ёстиқ остида?.. Улар ишлаши учун молиявий жиҳозлар, тушунарли қоидаларни ривожлантириш керак. Мулкдорлар ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва баҳсларда ғолиб бўлиш учун адолатли суд тизими бўлиши керак", - деди Назиров.

Kun.uz мавзу долзарблигидан келиб чиқиб, "Сизнинг фикрингиз" Telegram-каналида экспресс сўровнома ўтказди. Сўровнома онлайн ўтказилгани боис овоз берувчиларнинг жинси, ёши ва бошқа омиллар инобатга олинмаган. Бундан ташқари, ҳар бир саволга жавоб берган респондентлар сони турлича, яъни бир саволга 50 киши жавоб берган бўлса, бошқасига - 65 киши ва ҳ.к.

"Ўз пулларингизни қайси валютада сақлашни маъқул кўрасиз?" деган саволга 313 киши жавоб берган. Шуниси қизиқки, респондентларнинг 80 фоизи ўз маблағларини - АҚШ долларида, 15 фоизи - сўмда, 3 фоизи - еврода ва 2 фоизи бошқа валютада сақлайди. Сўровнома натижаларига кўра, овоз берганлар орасида ўз маблағларини Россия рублида сақлайдиганлар йўқ.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг февралида Марказий Банк (МБ) "Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва корхоналарининг инфляция истиқболлари" мавзуидаги маърузасини тақдим этди. МБ маълумотларига кўра, 2018 йилнинг тўртинчи чорагида пулларни жамғариш билан боғлиқ танлов АҚШ доллари фойдаси ҳисобига ўзгарган. Ўз пулларини сўмда сақлашни маъқул кўрувчилар улуши 40 фоизгача қисқарди, АҚШ долларида сақлашни маъқул кўрувчилар улуши эса 37 фоизга ошди.

Бундан ташқари, респондентлардан ўз маблағларини қаерда сақлашни маъқул кўришлари ҳақида сўралган. Бу саволга 344 киши жавоб берди. 84 фоиз респондент ўз маблағларини уйда сақлашни маъқул кўришини маълум қилган. Афсуски, бор-йўғи 16 фоиз иштирокчи ўз маблағларини банкларда сақлашини қайд этган.

МБ маълумотларига кўра, 2018 йилнинг октябрида маблағларни банкларда сақлашни маъқул кўрувчилар улуши 34 фоизгача қисқаргани, нақд пул шаклида сақлаш жозибадорлиги эса 44 фоизга ошгани аниқланган. 2018 йилнинг декабрига келиб респондентлар гуруҳлари маълумотлари улуши яқинлашди ва 38/39 фоизни ташкил қилди.

Kun.uz мухбири эксперт фикрини билиш мақсадида иқтисодчи Юлий Юсуповга мурожаат қилди. "Нима учун одамлар ўз пулларини уйда сақлашни маъқул кўради?" деган саволга иқтисодчи ўзбекистонликлар банк сектори ва бошқа молиявий институтларга хали у қадар ишонмасликларини айтиб жавоб берди.

"Ўзбекистонликлар банкларнинг банкрот бўлиши, уларнинг омонатчиларни алдаши ёки давлат уларнинг маблағларини тортиб олиши мумкинлигидан хавфсирашади. Қимматли қоғозларга маблағ киритишга келсак, Ўзбекистонда бу борада муносиб таклифлар жуда кам, аҳолининг асосий қисми бу ҳақида билмайди ҳатто. Боз устига, одамлар бунда ҳам алданишдан ҳамда мулкнинг қайта тақсимланиши (яъни унинг бир қисмини тортиб олишлари) мумкинлигидан қўрқишади", - деди Юлий Юсупов.

Нима учун маблағлар кўпроқ АҚШ долларида сақланади? Иқтисодчининг сўзларига кўра, биринчидан, нақд шаклдаги доллар сўмдан кўра камроқ қадрсизланади. Бу Ўзбекистондаги юқори инфляция ва сўмнинг бошқа валюталарга нисбатан доимий девальвацияси натижасидир. Иккинчидан, АҚШ доллари - жуда қулай тўлов воситаси, дунёнинг деярли исталган нуқтасида долларда ҳисоблашиш мумкин. Шу билан бирга, одат кучи ҳам катта роль ўйнайди. 

Юсуповнинг фикрича, одамлар ўз маблағларини молиявий бозорларга киритиши учун қуйидаги ишларни амалга ошириш лозим:

- инфляцияни пасайтириш;

- банк секторида тараққий этган ўйин қоидаларини шакллантириш, пулларни банкларда сақлаш жозибасини оширувчи рақобатни ривожлантириш;

- ўзбекистонликларни омонатларни сақлашнинг муқобил шакллари (акциялар, облигациялар, пенсия жамғармалари, суғурта полислари ва б.) билан таъминловчи молиявий бозорлар ривожига туртки бериш;

- мулкдорлик ҳуқуқини мустаҳкамлаш ва ҳимоялаш.

Бундан аввал Kun.uz'да нима учун ўзбекистонликларнинг одатда миллий валютани тан олмаслигига оид мақола тақдим этилган эди.

Улуғбек Акбаров

Мавзуга оид