Спорт | 15:36 / 27.04.2019
10263
4 дақиқада ўқилади

Суперлиганинг 7-тур тақвимида ҳам ўзгариш рўй берди

Суперлиганинг 7-туридан ўрин олган «Пахтакор» – «Металлург» ўйини аввал белгиланганидек 3 май санасида эмас, 1 май куни бўлиб ўтади.

Бу ўзгариш «Пахтакор»нинг Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки билан боғлиқ. Жамоа 6 май куни гуруҳ босқичининг 5-турида Эроннинг «Персеполис» клубини қабул қилади.

Шу муносабат билан «Пахтакор» «Металлург»га қарши ўйинни икки кун олдинга суришни сўраб, ПФЛга мурожаат қилган. Клуб расмий сайтида маълум қилинишича, «Металлург» ҳам ўйинни 1 майда ўтказишга қарши эмаслигини билдирган.

«Халқаро майдонда ўйин ўтказадиган клубнинг тайёргарлигига етарлича вақт бўлиши учун ПФЛ мазкур баҳсни 1 май санасига кўчириш сўровига ижобий жавоб берди», - дея тушунтирилган ПФЛ расмий сайтида.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, «Пахтакор»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичида қатнашиши 19 февралда аниқ бўлган, бир ҳафтадан сўнг - 26 февральда ПФЛ Суперлиганинг биринчи давра тақвимини эълон қилган эди. Бундан кўринадики, «Пахтакор»нинг халқаро ўйин учун «тайёргарлигига етарлича вақт бўлиши», боз устига бу гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи сўнгги турларидан бири экани ПФЛ томонидан тақвим тузилаётган пайтда инобатга олинмаган.

Қайд этиш керак, Ўзбекистоннинг ОЧЛда иштирок этаётган яна бир клуби «Локомотив» 5-турни 7 май куни Абу-Дабида «Ал-Ваҳда»га қарши ўтказади. «Темирйўлчилар» бундан 4 кун олдин – 3 майда водийга сафар қилиб, «Қўқон-1912» меҳмони бўладилар. Иккала ўйинини ҳам ўз майдонида ўтказадиган «Пахтакор»дан фарқ ўлароқ, иккала ўйинини ҳам сафарда ўтказадиган «Локомотив» ички чемпионат ўйинини кўчиришни сўраб мурожаат қилган-қилмагани ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон чемпионатида 6-тур давом эттирилади. Аввалроқ тақвимда бўйича бугун бўлиб ўтиши белгиланган ўйинлар орасидан «Сурхон» — «Андижон» учрашуви Сурхондарё вилояти ҳокимлиги илтимоси билан икки кунга кечиктирилган эди.

СУПЕРЛИГА, 6-тур
27 апрель, шанба
18:30 Металлург — Қўқон-1912
19:35 Локомотив — Қизилқум 
19:35 Сўғдиёна — Пахтакор
29 апрель, душанба
17:30 Сурхон — Андижон

СУПЕРЛИГА, 7-тур
1 май, чоршанба

18:30 Пахтакор — Металлург
3 май, жума
18:20 Қўқон-1912 — Локомотив
4 май, шанба
17:30 Навбаҳор — Сўғдиёна
19:45 Бухоро — Насаф
5 май, якшанба
17:20 Андижон — Динамо
17:30 ОКМК — Сурхон 
19:45 Қизилқум — Бунёдкор

ОЧЛ. Гуруҳ босқичи, 5-тур
6 май 20:00. Пахтакор – Персеполис
7 май 23:00. Ал-Ваҳда – Локомотив

Мавзуга оид