Ўзбекистон | 13:57 / 01.05.2019
101997
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилоятига ҳоким тасдиқланди

2019 йил 1 май куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (кейинги бир ой давомида Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи - таҳр.) вазифасида ишлаб келаётган Тўра Боболов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия қилди.

Халқ депутатлари қўллаб-қувватловига кўра Тўра Боболов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.

«Тўра Боболов Сурхондарёнинг иқтисодий-ижтимоий шароитини яхши билиши, вилоят халқи, туман ҳокимлари ва секторлар раҳбарлари ҳамжиҳат бўлиб, белгиланган вазифаларни тўла бажаришига ишонч билдирилди», дейилади ЎзА хабарида.

Тўра Боболов 1970 йилда туғилган. 1992 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, 1994 йилдан 2003 йилгача Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти бошқармасида турли лавозимларда ишлаган, 2003-2004 йилларда Сурхондарё вилояти Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси раиси, 2004-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи, 2016-2017 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи бўлган. У 2017 йилдан 2019 йил апрелига қадар Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 апрелида 2018 йилнинг июлидан Сурхондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келган Баҳодир Пўлатов ишдан олиниб, унинг ўрнига Тўра Боболов вақтинча раҳбар этиб тайинланганди.

Мавзуга оид