Ўзбекистон | 22:34 / 02.05.2019
160973
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг собиқ элчиси айғоқчиликда айбланиб, қўлга олинди

Фото: Facebook/Kadyr Yusupov

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ амалдори, Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) вакили лавозимида ишлаган Қодиржон Юсупов «давлатга хоинлик қилиш»да айбланмоқда. Ушбу айблов Давлат хавфсизлик хизмати томонидан илгари сурилмоқда ва гумонланувчи қўлга олинган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Юсуповнинг яқин қариндоши айбловни инкор этиб, ҳолатга бошқача шарҳ берди.

«У киши руҳий хасталиклардан азият чекади. Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги вакили сифатида Қодиржон 1994 йили декабрда ўтган саммитга масъул эди. Будапештда ўтган саммитга Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов келган, тадбирлардан кўп ўтмай Юсупов руҳиятида биринчи ноодатий ҳолат кузатилган. Шахсий шифокор унда шизофрения аломатларини топган ва даволаш курсини назоратга олган», — дейди суҳбатдош.

Kun.uz'га маълум бўлишича, Юсупов қаттиқ стресс ва босим остида ишлагани унинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатган. Яқинларининг таъкидлашича, тутқаноғи ва касаллиги оқибатида у ўз ҳаракати, онгини бошқара олмаслиги мумкин, аммо тегишли муолажалар бардавом қилинса, унинг соғлиғи нормаллашади. Шундан сўнг, атрофга ижтимоий хавф туғдирмайди.

2018 йил 3 декабрь куни Қодиржон Юсупов тахминан соат 8.45да Тошкент метрополитенининг «Пушкин» метро бекатидаги темир йўл рельсига йиқилиб тушган. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, у енгил тан жароҳати билан шифохонага ётқизилганди.

Фото: Facebook/Kadyr Yusupov

Суҳбатдошнинг айтишича, Ўзбекистон Республикасининг Австрия, Буюк Британия ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида, шунингдек Ўзбекистоннинг БМТ ва ЕХҲТдаги доимий ваколатхонасида ишлаган, 2002-2005 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматини бошқарган Юсупов рельсга йиқилиб тушмаган, балки ўз жонига қасд қилганди. 

«У ўша кунлари ўзини ноодатий тутишни бошлади, касаллиги кучайганди. Шифохонага ётқизилган Қодиржон турли сўзларни айтиб, алаҳсирай бошлади. Ўзини хориж махсус хизматлари айғоқчиси, дея тан олган Юсупов аслида нима дейишини билмасди», — дейди унинг қариндоши.

Маълум қилинишича, Юсупов шифохонадан ДХХ Тергов қамоқхонасига ўтказилган. Унга нисбатан ЎзЖК 157-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этиш тўғрисида айблов эълон қилинган.

Юсуповнинг яқинлари адвокат Аллан Пашковскийдан ҳуқуқий кўмак сўраб, Қодиржоннинг қонуний вакили бўлишини илтимос қилишган. Аммо Юсупов адвокат хизматидан воз кечиб, давлат бюджетидан молиялаштирилаётган адвокат Шарипов хизматини маъқул кўрган.

«Ҳимоям остида бўлган шахс билан учрашишга бир неча марта ҳаракат қилдим. Белгиланган тартибда учрашишнинг имкони бўлмай, биз биринчи (сўнгги ҳам) марта терговчи хонасида жонли суҳбат қилдик.

Қонунга кўра, у адвокат билан мулоқот қилиши, унинг хизматидан воз кечишини билдириши ва бу ҳақда ариза ёзиши керак. Аслида терговчининг хонасида мени тайёр ариза ва мум тишлаган Юсупов қарши олди. Унинг ўнг қўли лат еган (гипс қилинган), шунга қарамай ариза матни унинг сўзларидан эмас, ўзи ёзганига ишора қилади. Менда шубҳалар ортиб кетди», — дейди адвокат Пашковский. 

Адвокатнинг айтишича, айбланувчи ўзини ноодатий тутиб, «барчаси тугагани»ни такрорлаган ва асабийлашган. Юсупов айнан нимани назарда тутгани ОАВга маълум эмас.

Human Rights Watch ташкилоти вакили Стив Свердловнинг таъкидлашича, хулқ-атвори нотурғун ва ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган шахсни оғир жиноятда айблашдан аввал профессионал терговни ташкил этиш керак.

«Адвокат сингари Юсуповнинг яқин қариндошлари ҳам айбланувчи билан мулоқот қилиши қийин кечмоқда», — дейди Стив Свердлов.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова Юсуповнинг оила аъзолари тергов органига учрашув юзасидан тегишли тартибда мурожаат қилган тақдирда, ЖПК талаблари асосида уларнинг учрашув масаласи кўриб чиқилишини билдирди. 

«Юсуповнинг оила аъзолари унинг аҳволидан қонуний ҳимоячиси орқали хабардор бўлишлари ёки тергов органига тегишли тартибда мурожаат қилган тақдирда, ЖПК талаблари асосида уларнинг учрашув масаласи кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, айбланувчининг синглиси Вазира 2 марта, Назира ва ўғли Темур 3 мартадан Юсуповнинг руҳий ва жисмоний аҳволи ҳақида терговчига телефон қўнғироқлари орқали берган саволларига тўлиқ жавоб бериб келинган», — дейди Раҳмонова.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 230-моддасига мувофиқ, ушлаб турилган шахсга қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашувга ушлаб турилган шахслар сақланадиган жойнинг маъмурияти ушлаб туриш тўғрисидаги материаллар қайси терговчи ёки суриштирувчининг иш юритувида бўлса, фақат ўша терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсати асосида ижозат беради, ҳимоячи билан учрашув бундан мустасно.

2015 йилдан буён Юсуповнинг саломатлигини кузатиб келаётган шифокор Владимир Дьяков айни пайтда «давлатга хоинлик қилиш»да айбланаётган собиқ дипломатнинг ҳақиқатан руҳий ҳолатида ўзгаришлар бўлганини айтади.

«У ёмон уйқу, кайфиятнинг тез тушиб кетиши, жаҳлдорлик ва маиший келишмовчиликлардан азият чеккан. Бемор мунтазам равишда психотроп терапия, церебропротеторлар ва дорилар қабул қилган. Юсуповнинг яқин қариндошлари (таҳририятга уларнинг исм-шарифи маълум) шизофрения билан курашган. Уларнинг айримлари маҳаллий руҳий-асаб касалликлар шифохонаси диспансерида рўйхатда турган», — дейди шифокор.

Бироқ Бош прокуратура томонидан ДХХ Тергов изоляторида сақланаётган Қодиржон Юсуповнинг руҳий ҳолати қониқарли экани тасдиқланмоқда.

«Келгусида унинг руҳий ҳолатида ўзгариш бўлган тақдирда, тегишли тартибда ЖПК талаблари асосида масала ҳал этилиши таъминланади», — дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Шунга қарамай, Свердлов яқин ўтмишда юз берган айрим ҳолатларни мисол қилиб келтиради ва терговда шаффофлик таъминланишини сўраган.

«Жиноят кодексининг 157-моддасидан («давлатга хоинлик қилиш») кўпинча нотўғри мақсадларда фойдаланишган. Масалан, турколог тадқиқотчи Андрей Кубатин иши бунга мисол бўлса, бундан ташқари айрим ҳарбийлар ҳам шу айблов билан қамалиб кетди», — дея таъкидлаган у. 

Тергов сири туфайли Қодиржон Юсупов ишига оид батафсил маълумотлар ошкор этилмаяпти. Айни пайтда тергов жараёни давом этмоқда.

Мавзуга оид