Ўзбекистон | 13:16 / 04.05.2019
11840
2 дақиқада ўқилади

Бош прокурор ўз вақтида ижро этилмаётган суд қарорлари бўйича маълумот берди

Фото: KUN.UZ

Бош прокурор Отабек Муродов суд қарорлари ўз вақтида бажарилмаётганлиги юзасидан йўлланган фуқароларнинг мурожаатлари ва уларни қаноатлантириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда у Сенатнинг 19-ялпи мажлисида берган ҳисоботида таъкидлаган.

«2016 йилда 2 млн. 396 мингта суд қарорлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди. Мажбурий ижро бюроси ташкил этилгандан кейин эса 3 миллионта мурожаат ижобий ҳал етилди. 2016 йилда суд қарорлари бўйича 11 трлн.сўм ундирилган бўлса, ўтган йили 16 трлн. сўмни ташкил этди. Суд қарорлари ўз вақтида бажарилмаганлиги юзасидан 123 минг 655 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 61 фоизи (75 минг 664 та) ҳал қилинган. 2019 йилнинг дастлабки 3 ойида 31 мингта мурожаатдан 19 мингтаси (62 фоизи) алимент ундируви билан боғлиқ».

Маълум қилинишича, масалани ҳал қилиш учун дастлабки чоракда алимент бўйича 113 мингта мурожаат тарафлар билан суҳбат ўтказиш тарзида кўриб чиқилди. Шунинг натижасида, 4 минг 586 та оила яраштирилди ва ижро ҳужжати бекор қилинди. 

«Бундан хулоса қилинадики, шу йўналишда ҳам тизимли ишларни давом эттириш лозим. 2019 йилнинг биринчи чорагида алимент ундируви билан боғлиқ 24 мингта (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баравар кўп) ижро ҳужжатлари тамомланди», - дея қўшимча қилди Муродов.

Шунингдек, Бош прокурор мурожаатларни кўриб чиқишда электрон тизим жорий этилганини айтиб ўтди. Бунда уларни категориялаш мумкин бўлади ва сабабини аниқлаш имконияти пайдо бўлади.

Мавзуга оид