Спорт | 16:52 / 21.05.2019
11103
2 дақиқада ўқилади

Мхитарян сиёсий зиддият туфайли Европа лигаси финалида қатнаша олмайди

Фото: AFP/Getty Images

«Арсенал»нинг арманистонлик яримҳимоячиси Генрих Мхитарян Бокуда ўтадиган Европа лигаси финалида иштирок этмайдиган бўлди. «Тўпчилар» расмий сайтида мазкур ҳолат юзасидан баёнот эълон қилинди.

«Афсус билан шуни маълум қиламизки, Генрих Мхитарян жамоа билан «Челси»га қарши ўтадиган ЕЛ финал ўйинига бормайди.

Биз Генрихнинг бу ўйинда иштирок этишига оид барча вариантларни синчковлик билан ўрганиб чиқдик. Бу масалани Мхитарян ва унинг оиласи билан муҳокама қилгач, у жамоа билан финалга бормагани маъқул, деган хулосага келдик.

УЕФАга хат юбориб, бу вазият юзасидан чуқур хавотирда эканимизни билдирдик. Мхитарян асосий ўйинчиларимиздан саналади, шунинг учун унинг йўқлиги «Арсенал» учун катта йўқотишдир.

Қолаверса, футболчи йирик еврокубок финалида мана шундай шароит туфайли қатнаша олмаётгани ҳам ачинарли ҳол. Футболчининг карьерасида бундай ҳолатлар камдан кам учрайди.

Жамоа Бокуга йўл олмагунга қадар, Мхитарян кубок финали учун тайёргарлик жараёнида қатнашишда давом этади», – дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тоғли Қорабоғнинг ҳудудий мансублиги юзасидан зиддият мавжуд. Аввалроқ Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Мхитарян иккала давлат ўртасидаги совуқчиликка қарамай, финалда иштирок этиши мумкинлиги, унинг хавфсизлиги таъминланишини маълум қилиб чиққан эди.

30 ёшли арман бу мавсум АПЛнинг 25та ўйинида майдонга тушиб, 10та голда (6+4) бевосита қатнашди.

Қайд этиш жоиз, Европа лигаси финали учун Озарбойжон пойтахти танлангани туфайли УЕФА кўплаб танқидларга учради. Хусусан, Лондондан Шарқий Европага транспорт муаммоси сабаб кўплаб мухлислар ўйинни бевосита кўришга бора олишмаяпти. Бокудаги аксарият меҳмонхоналар нархи бир неча баробарга кўтарилиб кетгани айтилмоқда.

Учрашув 29 май куни «Олимпия» стадионида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид