Ўзбекистон | 11:50 / 28.05.2019
10230
2 дақиқада ўқилади

«МИФИ» филиали 17 июндан ҳужжатлар қабул қилишни бошлайди

Фото: МИФИ

Россия миллий ядро тадқиқот институтининг “Москва инженерлик-физика институти” (МЯТИ МИФИ) шу йили ёзда Тошкентда очилиши кутилаётган филиалига биринчи абитуриентларни қабул қилишга тайёр. Бу ҳақда “Ўзатом” хабар бермоқда.

Институтнинг қабул ҳайъати ўз ишини жорий йилнинг 17 июнь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети “Физика факультети” биносида бошлайди. Ҳужжатларни қабул қилиш 2 июлга қадар давом этади. 

Абитуриентлар МЯТИ МИФИ филиалига физика, математика ва рус тили бўйича ўтказилувчи имтиҳон натижаларига кўра қабул қилинади. Имтиҳонлар 3 июлдан 9 июлга қадар россиялик ўқитувчи ва мутахассислар томонидан ўтказилиб, жавоблар 12 июль куни эълон қилинади.   

Энг юқори балл тўплаган 100 нафар талаба давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниб бепул таълим олиш имкониятига эга бўладилар. 

Бу йилги қабул бакалавриатнинг қуйидаги тўрт таълим йўналиши бўйича амалга оширилади:   

•  Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси; 
•  Ядро физикаси ва технологиялари;
•  Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси;
•  Электр энергетикаси ва электр техникаси.

Институт талабалари ядровий энергетика ва иссиқлик физикаси соҳасида халқаро меъёрлар асосида инженер-техник мутахассислиги бўйича таълим оладилар. 

Филиалнинг барча битирувчилари Ўзбекистонда тан олинадиган Россия андозасидаги диплом оладилар ҳамда ўқишни тугатганларидан сўнг, “Ўзатом” агентлиги тизимида доимий иш билан таъминланадилар.

Мавзуга оид