Жамият | 15:22 / 31.05.2019
89142
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Қурбоновнинг лицензияси тугатилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Яқинда ижтимоий тармоқларда хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг чиқарган видеосига ҳақоратомуз тарзда ўз муносабатини йўллаган хонанда Абдулла Қурбонов томонидан санъаткор одобига тўғри келмайдиган ноўрин сўзлар орқали муборак Рўзаи Рамазон ойида кенг омманинг ғашига тегиш ҳоллари кузатилди. 

А.Қурбоновнинг ижтимоий тармоқлардаги кетма-кет чиқарган бундай номақбул аудио-видеолари ўз навбатида ёшлар орасида ва жамоатчилик ўртасида салбий фикр уйғотмасдан қолмади ҳамда норозиликларга сабаб бўлди. 

“Ўзбекконцерт” хабарига кўра, юқоридаги ҳолатлар бўйича хонандага бир неча маротаба ушбу ноўрин муносабатларни тўхтатиш тўғрисида огоҳлантириш берилган. Бунга қарамасдан, хонанда томонидан ножоиз муносабатли фикрларни кенг оммага тарқатиш яна такрорланган.
 
Шу боис лицензиат А.Қурбонов билан тузилган лицензия битимининг 4.2.9-бандида назарда тутилган талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузилганлигини инобатга олиб, “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосланиб, Абдулла Акбарович Қурбонов номига концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун берилган лицензиянинг амал қилиши 2019 йил 31 май кунидан тугатилди.

Бундан олдин, «Ўзбекконцерт» барча хонандаларга огоҳлантириш билан чиққанди.

Мавзуга оид