Light | 00:07 / 05.06.2019
30580
3 дақиқада ўқилади

Иссиқда чанқоқни яхши босувчи ичимлик маълум қилинди 

Фото: iStock

Сув билан аралаштирилган олма шарбати иссиқ ҳавода, одам терлаб, тер билан бирга турли тузларни йўқотганда энг яхши ичимлик ҳисобланади. Бу ҳақда Россия шарбат ишлаб чиқарувчилари иттифоқи лойиҳаси раҳбари Людмила Хомич маълум қилди. 

Организм қон босими ва барча алмашув жараёнларини меъёрлаштириш учун туз балансини сақлаши лозим. Чанқоқни босишда оддий ичимлик суви ёрдам беради. Бироқ бу камлик қилади. Сув билан аралаштирилган олма шарбати эса йўқотилган тузлар ўрнини тезда қоплайди.

Канадалик олимлар олиб борган охирги тадқиқотлар натижаларига кўра, бундай ичимлик организмда тузлар балансини тезда тиклаши аниқланган. У болаларга ичак касалликларидаги сувсизланишда бериладиган бемаза туз эритмаларининг муқобили сифатида қўллаб кўрилган. “Олма шарбати махсус электролитлардан кўра 17 фоизга самаралироқ бўлиб чиқди”, деб айтмоқда Хомич. 

Бундай ичимликда калийнинг мавжудлиги муҳим ҳисобланади. Калий организмдаги сув-туз балансига жавоб берувчи асосий элементдир. Умуман олганда барча шарбатлар калийга бой. Ичимликнинг бир стаканида организмнинг ушбу элементга бир кунлик эҳтиёжи миқдорининг 20 фоизи сақланади.

Бироқ чанқоқни босиш учун шарбатларни бирга бир ҳажмда сув билан аралаштириш маъқулдир.

“Шарбатлар ичимликдан кўра, кўпроқ егуликдир. Сувни иссиқ ҳавода чекланмаган миқдорда ичиш мумкин бўлса, шарбатларни чеклаш лозим. Парҳезшунослар бир кунда шарбатдан 1-3 стакан ичишни тавсия қилишади”, деб таъкидлаб ўтди мутахассис. Бунда апелсин, грейпфрутдан тайёрланган нордон шарбатлар ёки резаворлардан тайёрланган морслар ичиш маъқулроқ. Улардаги органик кислоталар организмда кислота балансини сақлашга ёрдам беради.

“Шунингдек, чанқоқни сабзавотли шарбатлар яхши босади, чунки уларда мевали шарбатлардан кўра шакар камроқ бўлади. Шу билан бирга улар микроэлементларга бой, бу ҳам иссиқда яхшидир. Томат шарбатини тузи камроқ бўлганини танлаш лозим”, деб қўшимча қилган мутахассис. 

Бироқ шуни эсда сақлаш лозимки, шарбатлар, айниқса янги сиқилганлари пляж шароитида энг яхши ичимлик ҳисобланмайди, Чунки иссиқ ҳавода уларда турли микроорганизмлар тез кўпаяди, деб тавсия қилди Хомич.

Мавзуга оид