Жамият | 10:50 / 06.06.2019
27986
8 дақиқада ўқилади

Зиёратгоҳ ёнидаги ўйин-кулгилар ва кўчириш ишларидан норози чустликлар

Уй бузилишлари янги даврнинг оғриқли нуқталаридан бўлди, десак адашмаймиз. Одамлар ўз яшаб турган бошпаналаридан, савдогарлар дўконларидан, тадбиркорлар биноларидан оддийгина, бирор қонунга амал қилинмаслиги оқибатида ажраб қолиши ҳолатлари кўп кузатилмоқда.

Бундай масала юзасидан президентимиз ўз маърузасида қатъий фикр билан чиққанди. «Мулк эгасига зарарни тўлиқ қопланмагунча, давлат ва жамият эҳтиёжи учун ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкни бузиш тартиби бекор қилинди», дея таъкидлаганди Шавкат Мирзиёев.

Kun.uz таҳририятига навбатдаги мурожаат ҳам шунга ўхшаш ҳолат юзасидан бўлди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Чустликлар - «Огоҳлантириш йўқми?»

«17 март куни дабдурустдан кадастрдан келишиб уй майдонларини ўлчай бошлашди. Ёнимиздаги боғда йиғилиш ўтказилди. Айтишларича, зудлик билан сентябргача боғни кенгайтириш керак экан. Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз. Хоҳласангиз ҳам хоҳламасангиз ҳам шу дейишди. Хоҳишларимиз инобатга олинмас экан. Боғни кенгайтириш учун уйларимиз бузилар экан. Бизни ҳайрон қолдирадиган жиҳат шуки, нега шундоқ ҳам зич Чуст марказида боғ яна ҳам кенгайтирилади? Нега?», дейди Машраббой Шарипов.

«Бу жойлар бизга отамерос ҳисобланади. Биздан бир оғиз сўрамасдан, бу жойларингни қўшамиз дейишяпти. Аввало бизни кўндириш, бизнинг айтганимизни қилиш керак-ку? Майли, жойни бериш бўйича давлатга қарши бормаймиз. Лекин, бизга шароит яратиб берилиши керак эмасми? Туманда қанча бўш жойлар турибди», дейди яна бир мурожаатчи Илёс Тошматов.

Эътиборсиз қолган зиёратгоҳ

«Биз учун янги уйлар қурилгунга қадар коллеж ётоқхонасига жойлашишимиз керак экан. Бунга қаршилигимизни айтдим. Биз қандай қилиб ётоқхонага чиқамиз? Бола-чақамиз бор. 90 ёшли бувимиз бор. 80 ёшли ногиронлиги бўлган онахонимиз бор. Менинг ўзим ҳам 65 ёшдаги нафақадаги аёлман. Шу санаганларим тўрт кишига ҳамшира қизим қарайди. Уй қуриб берасизларми ёки коттеж берасизларми деб сўрасам, «Ҳокимлик олтин балиқмас сизга!» деган жавобни олдим. Бир тарафимиз болалар боғчаси. Шу тарафга каруселларни кўчирмоқчимиз, деб тушунтиришди. Бу ерда 150та хонадон бор.

Бу ер Мавлоно Лутфуллоҳ зиёратгоҳ маскани ва ҳамма келаётган одамлар зиёрат мақсадида келади, деб айтдик. Зиёратгоҳ ёнида дискотекалар, ўйин-кулгилар бўлиб ётибди. Нуроний отахонлар ҳам ташқарида ўтирадиган бўлган. Тепароқда масжид бор. Таъзия бўлса, ўша жойда жаноза ўқилади. Ўша жойларга ҳам дискотека, қўшиқлар овози етиб боради. Ал-Бухорий, Нақшбандий зиёратгоҳларига бордик. У ерларда анча яхши шароит қилинган экан», дейди Анорхон Ибрагимова.

«Бизга бирор огоҳлантириш келмади. Шундай келишяпти-да, «Жойларни бўшатинглар» дейишди. Биз қаерга борамиз? «Ётоқхонага бор» эмиш. Биз талаба ёшидаги одамлармизми? Ёнимиздаги зиёратгоҳ жойни ҳам «подахона»га айлантириб юборишди. Кечқурун келсангиз биласиз. Ёшлар бу жойларда нима қилса қилмоқда», дейди Закия Исамиддинова.

«Бу жойларни ўзи ҳар баҳор келиб уйларимиз бузилиши ҳақида ғулғула солиб кетишади. Қўлларида на қоғоз бор на бошқа. Бизга берилаётган вақт ҳам жуда кам», дейди Шокир Абидов.

«Бизга на ер кўрсатилди, на тайинли яшаш жойи. Ётоқхонага чиқинглар дейишди. Пул берамиз дегани йўқ. Биз хавотирга тушиб қолдик. Масалан, менинг юрак касалим бор. Ҳалигача тушунмаяпман. Ётоқхонада қандай яшаймиз?», дейди Йўлдашева Тубиниссо.

«Менинг уйим ушбу парк ёнида жойлашган. Ёз келгач, бу зиёратгоҳ атрофида юриб бўлмайди. Шовқин, дискотекалар, ароқхўрлик, маишатбозлик, ёшлар бир тарафда қучоқлашган, қисқаси расво ҳолат. Куз келишига бу жойлар чиқиндихонага айланади. Бу паркни кенгайтиришнинг нима кераги бор?», дейди яна бир мурожаатчи Марҳаматхон Арланова.

Шундан сўнг, мурожаатларда айтилаётган зиёратгоҳ ҳудудига кириб ўтишга қарор қилдик. Мавлоно Лутфуллоҳ зиёратгоҳига келган вақтимизда бу ерга келганлар Қуръон тиловат қилиб ўтирган бир вақтда ёнгинасида дискотека шовқинига гувоҳ бўлдик. Зиёратгоҳ ҳудудига яқин жойда ўтирган бир гуруҳ ёши улуғ отахонлар билан суҳбатлашганимизда, улар ҳам ўз эътирозларини билдиришди. Доим шовқин бўлиши, ҳеч ким уларнинг сўзларига қулоқ тутмаётганини айтишиб шикоят қилишди. Ушбу муқаддас қадамжони айланганимиздан сўнг, шикоятлар сабабчиси Чуст тумани ҳокимияти томон йўлга тушдик.

Мутасаддиларга қулоқ тутиб

Аҳмаджон Холмирзаев

Чуст тумани ҳокимлигида қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари Аҳмаджон Холмирзаев билан суҳбатлашдик. Мансабдор шахснинг айтишича, у бу соҳада катта тажрибага эга ва шу кунгача ундан ҳеч ким норози бўлмаган экан.

«Мустақил баҳоловчи ташкилотлар ушбу ҳудуддаги уй-жойларни нархлашди. Ҳеч кимни норози қилмайдиган тарзда бу ишни бажарамиз. Маблағ масаласи вилоят ҳокимлигидан ҳал бўлишини кутиб турибмиз. Уйлар кўчириладиган ҳудуд масаласи ҳал бўлганидан кейин бузилади. Мен ўзим ҳам гаплашганман. Қонунда қандай белгиланган бўлса, шундай қилинишини айтганман.

Биз аҳоли билан учрашганмиз, тушунтирганмиз. Бузиш иши осон иш эмас. Устига-устак марказда жойлашган бу уйлар. Аввало, чумолининг ҳам уйи бузилмасин. Бу соҳада 30 йилдан бери ишлайман. Қонунчиликда ҳам уй-жойга компенсация берилиши кераклиги, қолаверса, яшаш жойи билан таъминланиши кераклиги, ҳақидаги жойи бор. Улар сўзларимизни нотўғри талқин этишди. «Лозим бўлса, бизда бўшаган ётоқхона бор», деб айтганман. Шунингдек, кўпқаватли бинолардан уй ҳам олиш мумкин. Бошланғич тўлови компенсация билан тўланишини тушунтирдик. Баҳоланган уйлар ичида 800 миллион сўм чиққани ҳам бор. Баҳоловчини жўнатсак, уйларига киритишмади. Кадастр ҳужжатларига қараб баҳолари чиқарилди. Президентимиз келган вақтида Чуст халқидан вакил чиқиб, бу боғни кенгайтиришни сўраган. Кейин йиғилиш баёнига қараб қарор қилинган. Аҳоли огоҳлантирилгани ҳақида далилларим ҳам бор. Лекин яна бир бор айтаман, аҳолини рози қилиб қурамиз.

Зиёратгоҳ масаласига келсак, мен ўзим мансабга октябрь ойида келганман. Келганимдан бери бирорта ошиқча нарса қурдирмадим. Ўша сиз айтаётган шовқинли жойларда тадбиркорлар ишлайди, ҳаммасининг қўлида ҳужжати бор. Аттракционлар жуда кўпайиб кетган. Ҳар бир аттракционнинг муҳофаза зонаси бўлади. Биз у жойларда энди фақат янгилари қолишига рухсат берамиз. Лойиҳа бўйича иш қиламиз», дейди амалдор.

Мансабдор шахснинг изоҳларини эшитдик. Бу амалдор янги келган бўлса, олдиндан ишлаётганлар бу зиёратгоҳ масаласида чора кўрса бўлади-ку? Чуст аҳолисининг уй-жой масаласидаги муаммолари ҳал қилинишига умид қиламиз. Бироқ, Мавлоно Лутфуллоҳ зиёратгоҳи атрофидаги шовқинлар ва ҳурматсизлик ҳали узоқ давом этадиган кўринади. Мўйсафидлар бу ҳудудга ҳали-бери яқинлаша олмаслиги дилни хира қилади, албатта...

Мавзуга оид