Ўзбекистон | 10:10 / 07.06.2019
9074
5 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Энди табиблар ҳам қонуний фаолият юритиши мумкин

Жорий йилнинг 22 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, 1996 йил 29 августдаги «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 41-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритилди.

Унга кўра, «Тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар», дея белгилаб қўйилди.

– Қонунга киритилган ўзгартиришлар асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия фаолиятини ташкил этиш ҳамда халқ табобати билан шуғулланишга даъвогарлик қиладиган шахсларнинг мурожаат қилиш тартибини белгиловчи ҳужжат лойиҳалари тайёрланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 октябрдаги ПҚ-3968-сонли «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан ташкил этилган комиссия таркибига шифокорлар билан бир қаторда, психолог, техника мутахассислари, диний ва халқ табобати каби бир қанча соҳа вакиллари киритилган. Халқ табобати билан шуғулланишни истаган тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар келгусида ушбу комиссия вакиллари олдида тиббиёт илмидан қанчалик хабардорлиги, ўзидаги билим ва даволаш услубларни амалиётда қай даражада қўллай олиши бўйича синовлардан ўтади, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов. Синовдан муваффақиятли ўтган талабгор Махсус комиссиянинг тиббий маълумот ўрнига бериладиган хулосасини қўлга киртиб, ушбу хулоса асосида тиббий фаолиятнинг халқ табобати усули билан шуғулланиши учун ўрнатилган тартибда лицензия олади.

«Маълумки, аввал табиблар қонуний рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритган. Шу боисдан, улар ишлаб топган пуллардан давлатга солиқ ҳам тўланмаган. Энди эса улар юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, шундан сўнггина фаолият олиб бориши белгиланмоқда.

Яна бир гап, Президент қарорига кўра, эндиликда халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахслар ўз фаолияти натижалари бўйича тиббиёт ходимлари учун қонунларда назарда тутилган ҳажмда жавобгар ҳисобланади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, эндиликда маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимида халқ табобатининг роли оширилади, жумладан, ушбу йўналишда хизмат кўрсатувчи хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, соғлиқни сақлаш тизимининг амбулатор ва стационар муассасаларида халқ табобати усулларини қўллаш билан касалликларни даволаш бўйича махсус бўлимлар, дорихоналар тизими ташкил этилади.

Республикадаги тиббиёт олий ўқув юртларининг «Даволаш иши», «Педиатрия иши», «Тиббий-педагогика иши» бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув цикли ҳам жорий этилади. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида эса халқ табобати кафедраси ва «Халқ табобати» йўналиши бўйича малака ошириш курслари ташкил қилинади. Бу эса халқ табобатининг замонавий тиббиёт билан интеграциялашувига хизмат қилади.

Яна бир масалага алоҳида тўхталиш жоиз. Халқимиз орасида Қуръон оятлари ва турли дуолар билан бемор инсонларни даволовчи шахслар ҳам бор. Энди уларга ҳам қонуний фаолият олиб боришлари учун лицензия бериладими, деган савол туғилиши табиий. Бунга жавобан, шуни айтиш керакки, Адлия вазирлигида 3111-сон билан рўйхатдан ўтган «Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисидаги низом»да оккультизм-афсун, шунингдек, диний маросимлар орқали даволаш халқ табобати усулларига кирмаслиги кўрсатилган. Шу боис, диний йўналишда беморларни даволовчи шахсларга Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этилган махсус комиссия томонидан лицензия берилмайди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид