Ўзбекистон | 19:10 / 12.06.2019
22586
7 дақиқада ўқилади

Видео: Ўзбекистондаги илк атом реакторига пресс-саёҳат

Ўзбекистон давлат раҳбарияти мамлакат энергия мустақиллигини таъминлаш мақсадида республикада атом электрстанциясини қуришга қарор қилиб, дастлабки ишларни амалга ошира бошлагач, илмий доиралар ва кенг жамоатчилик асосан икки қутбга бўлинди. Биринчи гуруҳ Ўзбекистонда АЭС каби станциялар қуриш мумкин эмас, минтақа жойлашган ҳудуд географик ҳолати бунга имкон бермайди, каби турли важларни илгари суриб, Чернобил ва Фукусима каби АЭСларда рўй берган техноген офатларни ҳам мисол келтиришмоқда. Тарафдорлар лагери атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишнинг самаралари ва мамлакат иқтисодиёти учун қўшадиган ҳиссаси беқиёс эканини айтмоқда. Бу борада ҳар бир томоннинг ўз фикри ва далил-исботи борки, қарши тарафга ёнбосишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Бу борада учинчи томон ҳам мавжуд бўлиб, улар иккала томон фикрларини жўяли ва эътиборга молик деб билади, аммо уларни конструктив ҳал этиш мумкинлигига ишонади. Уларнинг биргина хавотири АЭС қурилишида нима учун айнан Россия билан ҳамкорлик қилиш керак, деган саволдир. Чунки, дунёда қатор ривожланган мамлакатлар АЭС қуришни режалаган мамлакатларга ўз атом реакторлари ва АЭС технологияларини таклиф этиши сир эмас. Шу билан бирга, учинчи томон фикрича, бизда АЭС қуриш учун етарли илмий ва технологик инфратузилма мавжуд эмас.  

Хўш, ким ҳақ? Ўзбекистонда атом энергетикасидан қанчалик самарали фойдаланиш мумкин? Илмий салоҳият мавжудми, сингари қатор саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий. Қолаверса, атомдан тинч мақсадларда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида кенг фойдаланиш мумкинлигини кўпчилик хаёлига ҳам келтира олмаса керак. 2019 йил 10 июнь куни «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси ҳамкорлигида ОАВ вакиллари учун Ўзбекистон ФА Ядро физикаси институтига ташкил этилган пресс-тур юқоридаги саволларга қисқа бўлса-да жавоб бериш мақсадида уюштирилди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Ўзбекистон ФА ҳузуридаги Ядро физикаси институти 1956 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда Марказий Осиёда ўз хусусиятлари бўйича ягона бўлган СМ сув-сувли реактори (ВВР-СМ) ишлаб туради. Даставвал қуввати 2 МВт бўлган реактор 1959 йил сентябрида ишга туширилган, кейинчалик модернизация қилинган реактор қуввати 10 МВтга етказилган.

Ўзбекистон ФА президенти, Ядро физикаси институти директори Беҳзод Йўлдошевнинг маълум қилишича, мазкур институтнинг бошқа тадқиқот марказларидан энг асосий фарқи бу ерда узлуксиз ва танаффуссиз занжир амалиёти йўлга қўйилган. Яъни, ядро физикаси, қаттиқ жисм радиациявий физикаси ва материалшунослик, фаоллаштириш таҳлили ва радиокимё, илмий асбобсозлик, ахборот технологиялари йўналишида илмий тадқиқотлар олиб борилиши баробарида уларнинг натижаси халқ хўжалигининг турли жабҳаларида қўлланилиб келинмоқда.

«Институтимиз маҳсулотлари бутун дунёда яхши маълум. Хусусан, биз радиофаол изотоплар ишлаб чиқариш бўйича кучли йигирматаликка кирамиз. Асосан техника ва тиббиёт эҳтиёжлари учун маҳсулотлар етказиб берамиз. Республикамизни юрак-қон-томир, скелет ва бошқа аъзолар касалликларини аниқлаш учун керакли барча изотоплар билан таъминлаймиз. Бундан ташқари, онкологик касалликларни даволаш учун радиофаол изотоплар ҳам ишлаб чиқарамиз. Мисол учун I-125 изотопи тозалиги ва сифати бўйича дунёдаги энг яхшиси бўлиб турибди», - деди Беҳзод Йўлдошев журналистлар билан мулоқотда.

Беҳзод Йўлдошев

Шу билан бирга, унинг маълум қилишича, институтда ўтказиладиган тадқиқот натижалари турли соҳалар, масалан, сувни тозалаш тизимида, турли тиббиёт анжомларини стериллашда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узоқроқ муддат сақлаш мақсадида қайта ишлаш ва бошқа соҳаларда қўлланилади. Айниқса, махсус қайта ишланган мева-сабзавотлар одатдагидан кўпроқ ўз ҳолатини сақлаб қолиши, бу бутун дунёда кенг қўлланилаётгани ҳақидаги фикр мен учун янгилик эди. Беҳзод Йўлдошевнинг таъкидлашича, бундай қайта ишланган мева-сабзавотлар экспортга йўналтирилса, ўша давлатлар божхона ва карантин ташкилотлари талабларига тўлиқ мос келиши сабабли ортга қайтарилмайди.

Яна бир мени ажаблантирган янгиликлардан бири, институтда шаффоф ярим қимматбаҳо тошларга гамма нурлари орқали қайта ишлов бериш орқали тус бериш амалиёти бўлди. Ядро физикаси институти директори биринчи ўринбосари Илҳом Содиқовнинг айтишича, бу ерда топаз тошларига махсус ишлов бериш орқали уларнинг ранги ўзгартирилади. Бугунги кунгача, топазларни кўк тусга айлантиришнинг 4 хил амалиёти муваффақиятли қўлланилиб келинмоқда. Институт турли хорижий фирмаларнинг буюртмаси асосида йилига бир тоннага яқин тошни қайта ишлайди.

«Эндиликда, топазларни пушти рангга киритишни ўзлаштирмоқдамиз. Чунки, жаҳон бозорида пушти топазларга талаб катта ва нархи ҳам сезиларли қиммат. Мисол учун, кўк рангга киритилган топаз хом-ашёдан 10 баробар қимматга сотилса, пушти топазлар 100 баробар қимматроқ сотилади. Таъкидлаш ўринлики, бизлар амалга оширган қайта ишлаш сифати билан ҳам ажралиб туради. Бизда ишлов берилган топазлар туси 200 йилгача ўзгармаслигига кафолат берамиз», - дейди Илҳом Содиқов.

Унинг айтишича, институт бир йилда 3 млн АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот ва хизматларни экспорт қилмоқда. Ярим қимматбаҳо тошларга ранг бериш орқали эса, 300-500 минг доллар даромад кўрилмоқда. 

Шундан сўнг, ОАВ вакиллари институт ҳузуридаги «Радиопрепарат» давлат корхонаси фаолияти билан танишди. Корхона тиббиёт, биотехнологиялар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар учун радионуклидлар; онкология, кардиология ва эндокрин касалликлар; инфекция касалликлари диагностикаси учун тест-тизими -  радиофармация препаратлари ишлаб чиқаради. Бу маҳсулотлар тури 60дан ортиқдир.

«Радиопрепарат» корхонасида ишлаб чиқиладиган айрим турдаги изотоплар ва радионуклеид моддалари тозалиги ва сифати бўйича дунёда етакчи ўринларда туради. Бу корхона дунёнинг АҚШ, Германия, Хитой, Украина каби 10дан ортиқ мамлакатига сифатли радионуклеид препаратларни етказиб беради. У дунёнинг шу каби маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи етакчи 20та корхонасидан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, институт ҳузуридаги Сув-сувли тадқиқот реактори, гамма-нурлаш қурилмаси, U-150 ва U-115 циклотронлари, нейтрон генератори кабилар атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш имкониятларини намоён этади.

Умуман олганда, ядро физикаси ва радиацион технологиялар маҳсулотларининг қўлланиш қамрови жуда кенг. Бу ерда тўпланган илмий тажрибалар натижаларидан Ўзбекистонда барпо этилиши режалаштирилган биринчи АЭС лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилади.

Толиб Раҳматов – Kun.uz мухбири
Мирвоҳид Мирраҳимов – Kun.uz оператори

Мавзуга оид