Light | 12:32 / 17.06.2019
5570
6 дақиқада ўқилади

Фрилансер қандай қилиб камроқ ишлаши ва кўпроғига улгуриши мумкин?

Лайфхакер сайти самарадорликни ошириш, ўзингизни яхшироқ ҳис этиш ва зарарли одатлардан халос бўлишда ёрдам берадиган маслаҳатлар билан ўртоқлашди.

Иш кунини қисқартиринг

Саккиз соатлик иш куни бу – афсона. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, энг самарадор мамлакатлар аҳолиси кунига 4-6 соат ишлайди.

Меҳнат сифати миқдор омилига қараганда анча муҳим. Кўпчилик иш жойида бўлган вақтида саккиз соатлик куннинг ярмидан кўпини бағишламайди. Қолгани эса ижтимоий тармоқларга сарфланади.

Фото: Лайфхакер

Олимларнинг аниқлашларича, қисқа интенсив жисмоний машқлар ўртача зўриқишга эга машғулотларга қараганда самаралироқ экан. Сифатли ҳордиқ ва қайта тикланиш билан кечадиган юқори зўриқиш яхши натижа беради. Бу ақлий меҳнатга ҳам тегишли. Максимал эътибор билан кечган 1-3 соатлик фаолият 8 соатлик суст меҳнатга қараганда самаралироқ.

Чунки ҳордиқ ҳам ишнинг бир қисми.

Айнан танаффус вақтида, мия бирор нарсага диққатни қаратганида мияга энг ғаройиб ғоялар келади. Шунинг учун яхшироқ натижага эришиш учун қувватнинг 20 фоизини меҳнатга, 80 фоизини эса ҳордиқ учун сарфлаш керак.

Бироқ ёдингизда бўлсин, ҳордиқ сифатли бўлиши лозим. Агар ишда бўлмасангиз, у билан боғлиқ ҳамма нарсани унутинг. Тадқиқотларга кўра, ҳордиқ вақтида ишларини психологик жиҳатдан унута оладиган кишилар кейин қатъият билан ишлашади ва руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолардан камроқ азият чекишади.

Ишнинг катта қисмини тонгда бажаринг

Кўпчилик  тонгни ўзига келиб олиш учун сарфлайди: қаҳва ичиш, бадантарбия қилиш, янгилик ва ижтимоий тармоқларни текшириш. Психолог Рон Фридманнинг фикрига кўра, бундай қилиш ярамайди, чунки уйғонгандан кейинги илк уч соат энг юқори диққатга эга бўлган давр. Мириқиб ухлаган бўлсангиз, албатта.

Бунинг бари уйқу вақтида онг ости ва онг эркин парвозда бўлиши ва дам олиши билан боғлиқ. Уйғонганингиздан кейин улар ижод ва ақлий фаолиятга тайёр бўлади. Ана ўша 3-5 соатни максимал даражада диққатни талаб этадиган фаолиятга сарфлаш учун энг қулай вақт.

Тонгни самарадорлигингизга ҳисса қўшмайдиган машғулотларга сарфламанг.

Ҳеч қандай ижтимоий тармоқ, хабар, қўнғироқлар керак эмас. Ҳатто жисмоний машқларни ҳам кейинга қолдириш керак: тонгги қувватни ишга сарфлаган маъқул. Сизни фавқулодда вазиятлардан ташқари ҳеч нима чалғитмаслигига ҳаракат қилинг.

Организмингиз ҳақида қайғуринг

Бу сезиларли бўлмаслиги мумкин, бироқ ишдан ташқари фаолият ҳам самарали меҳнат учун муҳим. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, жисмоний машқлар мия қаришини секинлаштиради, шунингдек самарадорликни оширади.

Шунинг учун ҳам ҳаётингизнинг бошқа таркибий қисмлари ҳақида унутманг. Танангиз ва онгингиз – ягона тизим. Унинг бир қисмидаги ўзгариш қолганларига ҳам таъсир кўрсатади.

Агар юқори самарадорликка эришишни истасангиз, танангизга зарар келтирадиган нарсадан халос бўлиш керак.

Фото: Лайфхакер

Нимани қачон истеъмол қилишингиз, соат нечада ухлашга ётиб, тонгда қайси пайтда уйғонишингиз, алкоголь истеъмол қилишингиз ёки чекишингиз, қанчалик кўп ҳаракатда бўлишингиз, буларнинг бари – самарадорлигингизга таъсир қилади.

Ҳаётни яхшилик сари ўзгартириш учун қатъият керак. Кўпчилик у ўзимизни назорат қилишимизга боғлиқ деб ўйлайди. Бироқ бундай эмас. Аслида қатъият ишончга боғлиқ бўлади.

Уни қўлга киритиш учун кичик муваффақиятлар керак. Улар аста-секин тўпланиб, йирик ғалабаларга сабаб бўлади. Янада кўпроқ ишончга эга бўлиш усулларидан бири – зарарли одатлар (фастфуд билан овқатланиш, шакарни кўп истеъмол қилиш, чекиш)ни фойдали одатларга алмаштириш.

Гап шундаки, одатлардан тўлиқ халос бўлиш имконсиз. Агар одам ҳаёт тарзига айланган нарсани бирданига бас қилишни бошласа, тўлдириш истагини уйғотувчи бўш жой ҳосил бўлади. Натижада ёки эски одат қайтади ёки яна бир янги зарарли одат пайдо бўлади.

Шунинг учун одатларни онгли равишда бошқа одатларга алмаштириш керак. Масалан, агар соғлом овқатланишни истасангиз, бироқ мунтазам фастфудга қайтсангиз, келаси сафар бургер ёки пицца ейиш истаги пайдо бўлганида 20 марта ўтириб туриш машқини бажаришни ўзингизга ваъда қилинг.

Захира режаларини ўйлаб топиш ҳам мумкин. Мисол учун, агар ўтириб-туришлар ноўрин бўлса, беш марта чуқур нафас олиш ва бир стакан сув ичиш. Айнан нима билан шуғулланишингиз катта аҳамиятга эга эмас. Муҳими – мияни эски одатдан чалғитиш. Ушбу ҳаракатларни бажариш учун сарфланадиган бир дақиқа давомида ўз мақсад ва вазифаларингизни ёдга оласиз ва зарарли одатни такрорлаш истаги йўқолади.

Мунтазам зарарли одатлар устидан ғолибликка эришиб, ўзингизга бўлган ишончингиз ортади. Ўзингизни назорат қилиш осонлашади, ўз кучингиз ва белгиланган мақсадларни амалга оширишга бўлган ишончингиз ортади.

Хулоса шуки:

Самарали бўлиш учун кунига 8 соат эмас, 3-5 соат сарфлаш керак.

Қолган вақтда эса сифатли дам олиш – иш билан боғлиқ ҳеч нарса қилмаслик ва ҳатто у ҳақида ўйламаслик керак. Бу фаолиятингиз самарадорлигини оширади.

Тонгда ишлаш керак. Уйғонганингиздан кейинги илк уч соат  - энг самарали вақт.

Саломатлик ва ўзингизга бўлган ишонч самарадорликка таъсир қилади. Чунки онг ва тана – ягона тизим.

Ўз-ўзига ишонч ҳиссига эга бўлиш  ва бир вақтнинг ўзида ҳаёт сифатини ошириш учун зарарли одатларни фойдалиларига алмаштириш лозим.

Эски одатларга қайтиш истаги устидан ғолиблик сизга ишонч ҳиссини беради. Бу ўзингизни муваффақиятли назорат қилиш, руҳий саломатликни яхшилаш ва иш самарадорлигини оширишда ёрдам беради.

Мавзуга оид