Ўзбекистон | 18:15 / 17.06.2019
127472
4 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йили учун қабул квоталари тасдиқланди — Президент қарори

Ўзбекистон Президентининг қарори билан 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди.

Ҳужжатда кўрсатилишича, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Молия вазирликлари билан биргаликда вазирлик, идора, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат буюртмаси ва иш берувчиларнинг олий таълим муассасалари битирувчиларига бўлган талаби параметрлари ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

а) олий таълим муассасаларига қабул олий маълумотли кадрларга талаб юқори бўлган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари учун давлат буюртмаси асосида;

олий таълим муассасаларининг мавжуд қувватлари, моддий-техник базаси ҳамда профессор-ўқитувчилари таркибидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари томонидан бўйсунувига кўра вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда белгиланадиган бакалавриат таълим йўналишларига табақалаштирилган тўлов-контракт, магистратура мутахассисликларига базавий тўлов-контракт бўйича қўшимча қабул параметрлари асосида амалга оширилади;

б) ногиронлиги бўлган шахсларга давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларининг умумий сонига нисбатан қўшимча икки фоизли давлат гранти асосида ажратиладиган қабул параметрлари бўйича олий таълим муассасаларининг кундузги, сиртқи ёки кечки таълим шаклларидан бирида таълим олиш ҳуқуқи берилади;

в) тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига, ўз хоҳишларига кўра контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилади;

г) давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишнинг тўлов-контракт қиймати тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги ўқитиш шакли учун белгиланган тўлов-контракт қийматидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади;

д) магистр даражасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар қатламини кенгайтириш мақсадида магистратурага қабул қилишда абитуриентларнинг қабул бўйича белгиланган турдош бакалавриат таълим йўналишлари негизидаги магистратура мутахассисликларидан ташқари бошқа магистратура мутахассисликлари бўйича ҳам танловда иштирок этишига рухсат берилади. Бунда, алоҳида мутахассисликлар ва уларга мувофиқ бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади;

е) олий таълим муассасалари ректорларига (филиаллар директорлари) бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда чет эл фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган базавий тўлов-контракт миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш ҳуқуқи берилади.

2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари:

а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига – 80 430 нафар;

сиртқи таълим шаклига – 19 985 нафар;

кечки таълим шаклига – 1 985 нафар;

б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 7 695 нафар этиб тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, 2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота - бакалаврлар учун 69 200 нафар, магистрлар учун 5903 нафар,  махсус сиртқи бўлимларда бакалаврлар учун 11765 нафар этиб белгиланганди.

Мавзуга оид