Light | 12:00 / 18.06.2019
26315
12 дақиқада ўқилади

50 маслаҳат: самарали ишлаш учун буни ўқинг

Лайфхакер кучни муҳим ишларга йўналтиришда ёрдам берадиган барчага маълум ва кутилмаган усуллар билан ўртоқлашди.

Вақт ва вазифаларни бошқаринг

Фото: Лайфхакер

1. Вақтни секинлаштиринг

Одатда бир дақиқада 12 тадан 15 тагача нафас оламиз. Агар чуқурроқ нафас олинса, вақтни қабул қилишни «секинлаштириш» мумкин. Бунинг учун диафрагма ва қорин мушакларини ишга солган ҳолда нафас олинг. Иш кунининг боши, мураккаб вазифага киришишдан олдин ёки асабийлашганда 7-9 марта ана шундай чуқур нафас олинг.

2. Кейин қайта ишламаслик учун ишни синчковлик билан текширинг

«Етти ўлчаб, бир кес» мақоли ёдингиздами? Барини тўғри бажарганингизни икки марта текширинг. Ана ўшанда хатоларни тўғрилаш учун вақт сарфламайсиз.

3. Телевизорни камроқ кўринг

Агар фильм, сериал ва бошқа кўрсатувлар учун сарфлаган вақтимизни қўшиб ҳисобласак, йиллар ҳосил бўлади. Ахир томоша қилиш учун кўрсатувларни танлаш, кейин эса уларни муҳокама қилиш учун ҳам вақт кетади. Яхшиси уни бирор фойдали нарсага сарфланг.

4. Эрта уйғонинг

Бу сизга иш олдидан кўпроқ вақт беради. Хабарларга жавоб бериш ва кунни режалаштириш ёки ўзингизга вақт ажратиш мумкин: китоб ўқиш ва спорт билан шуғулланиш.

5. Вақт кундалигини юритинг

Бир неча ой давомида вақтингизни нимага сарфлаётганингизни қайд этинг.  Вақт қайси пайтларда бекорга сарфлангани, қайси танаффуслар айниқса самарали эканини пайқайсиз.

6. Кутиш вақтини фойдали ўтказинг

Навбат кутиш вақтида мақола ўқиш, почтани тартибга келтириш, муҳим ҳужжатнинг қораламасини ёзиш мумкин.

Фото: Лайфхакер

7. Барини бошингизда сақламанг

Ишлар, харидлар ва ижодий ғоялар рўйхатини қоғозга туширинг. Ана ўшанда улар сизни ишдан чалғитмайди. Уларни бошингизда сақлашга ҳаракат қилиб, ўзингизга ортиқча зўриқиш яратасиз.

8. Келажакда вақтни тежаш учун бир марта бироз вақт ажратинг

Бу қоидани барча нарсаларга нисбатан қўллаш мумкин. Кечки овқатни пишираётганда иккита порцияга кўпроқ тайёрлаб, музлатгичга солиб қўйинг. Фойдаланганингиздан кейин ҳар сафар раковина ва душ кабинасини артинг. Ана ўшанда дам олиш кунлари уларни тозалашга кўп вақт сарфламайсиз.

9. Қарорларни тезроқ қабул қилинг

Иккиланиш, плюс ва минусларни ўлчашга кетадиган вақтни ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган бирор нарсага сарфлаш мумкин. Шундай экан, қарор қабул қилиб, олға ҳаракатланинг.

10. Вазифалар рўйхатини бошқаринг

Одатда рўйхатдан бажарган ишларимизнигина ўчирамиз. Бироқ аниқ улгурмайдиган ишларни ҳам ўчириш керак, акс ҳолда рўйхат катталашиб, сизга босим ўтказа бошлайди.

Фото: Лайфхакер

11. Бир-бирига ўхшаш вазифаларни гуруҳларга бириктиринг

Масалан, бир кунни тозалаш ва бошқа уй ишларига ажратинг. Бошқа кунни эса мажлисга, яна бошқасини – контент яратишга бағишланг.

12. Узоқ хабарлар юборманг

Қисқа ва тушунарли бўлсин: кўпгина хабарларни бешта гап билан баён этиш мумкин.

13. Жадвалдан айрим нарсаларни чиқариб ташланг

Жуда кўп нарсани зиммангизга юклаб олган бўлсангиз керак. Календарга қаранг, нимадан воз кечиш мумкинлиги ҳақида ўйланг. Масалан, мақсаддан узоқлаштирадиган ишлар, кўп куч оладиган вазифалар ва ҳаёт тарзингизга мос келмайдиганлар.

14. Кўп вазифага эгаликдан воз кечинг

Бир ишдан бошқасига ўтганда секинроқ ишлайсиз ва кўпроқ чарчайсиз. Битта вазифани танланг ва унга бор диққатингизни қаратинг.

Самарадорлик услубларини синаб кўринг

15. Pomodoro техникасини ўзлаштиринг

25 дақиқа ишлаб, беш дақиқа танаффус қилинг. Ишлаш вақтида ҳеч нарсага чалғимасликка ҳаракат қилинг, танаффусда эса дам олинг. 

16. Занжир усулини қўлланг

Календарда белгиланган вазифалар ёки катта ишни бажаришга муваффақ бўлган саналарни ўчиринг. Бир неча кундан кейин сиз узишни истамайдиган занжир ҳосил бўлади.

17. Икки дақиқа қоидасини эътиборга олинг

Агар вазифани икки дақиқа ёки ундан кам вақт давомида бажариш мумкин бўлса, бажаринг ва ортга сурманг. Get ThingsDone тизими асосчиси Дэвид Аллен ана шу қоидани қўллайди.

Фото: Лайфхакер

18. «Мажбурман, бажаришим шарт, истайман» усулини одатга айлантиринг

Ҳар куни тонгда ўзингизга учта савол беринг. Ишга максимал ҳисса қўшиш учун нима қилишга мажбурман? Келажагимни яхшилаш учун нима қилишим шарт? Кунни ҳузур билан яшаш учун нима қилишни истайман?

19. Парвоз режимига киришга ҳаракат қилинг

Тасаввур қилинг, самолётдасиз ва ҳеч нимага чалғимаслик учун интернетни ўчиринг. Бир соат давомида яхшилаб киришиб, 2-3 соатлик оддий вақт ўтказишга қараганда кўпроқ иш бажариш мумкин.

20. Ультрадиан суръатларни ҳисобга олинг

Бу организмнинг табиий биосуръатлари бўлиб, ҳар 90-120 дақиқадан такрорланади. Қувватингиз ортиши ва тушишини кузатинг. Ана ўшанда мураккаб вазифалар ва қачон танаффус уюштириш кераклигини режалаштира оласиз.

21. Мажлиссиз кунлар ташкил этинг

Ҳафтасига бир кунни асосий ишга бағишланг. Бу куни йиғилишларга чалғимайсиз. Агар шахсан ўзингизда бунинг учун ваколат бўлмаса, ғояни раҳбарингизга таклиф этинг.

22. Якшанба текширувини ўтказинг

Жамоангиз билан хабарлашиб, душанбага ҳамма нарса тайёр эканига ишонч ҳосил қилинг. Ёки ўзингиз учун қисқа текширув ўтказинг. Ҳафта учун режа мавжудлиги, ҳеч нарсани унутмаганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Ўз-ўзингизга диққатни жамлашда ёрдам беринг

23. Хабарномаларни ўчиринг

Муҳим вазифа устида ишлаётганингизда почта ва ижтимоий тармоқларга чалғиманг. Хабарларни текшириш ва уларга жавоб бериш учун алоҳида вақт ажратинг.

24. Сизни чалғитишлари мумкинлигини ҳисобга олинг

Бусиз иложи йўқ, шунинг учун иш жадвалида бўш жойларни қолдиринг. Ана ўшанда асабийлашмайсиз.

25. Сўнгги муддатни олдинга суриб қўйинг

Агар вазифани бажариш учун бир соат зарур деб ҳисобласангиз, дедлайнни 40 дақиқадан кейинга белгиланг. Тезроқ ишлашга тўғри келади, демак ташқи нарсаларга чалғимайсиз.

26. Бекор бўлган вақтларда бажариладиган ишлар рўйхатини тузинг

Масалан, столни тартибга келтириш, ҳужжатларни саралаш, соҳангизга оид янгиликларни ўқиш.

Фото: Лайфхакер

27. Бажариш керак бўлмаган ишлар рўйхатини тузинг

Унга кўп вақт оладиган ва самарадорликка халақит қиладиган зарарли одатларни киритинг. Бу рўйхат доим кўз олдингизда турсин.

28. Пароллар менежерини қўлланг

Ана ўшанда почта қутисининг паролини эслаш ёки сайтга кириш учун маълумотларни тиклашга вақт сарфламайсиз.

Қувват олинг

29. Тўғри овқатланинг

Фастфуд, ширин ва тез углеводларни четлаб ўтинг. Улар оз вақт учунгина қувват беради. Таркибида клетчатка бўлган маҳсулотларни танланг.

Фото: Лайфхакер

30. Спорт билан шуғулланинг

Бу жисмоний саломатликни мустаҳкамлаб, яхши кайфият беради. Бироз эрта уйғониш, югуришга чиқиш ва йога билан шуғулланишга ҳаракат қилинг.

31. Кофеин қабул қилиш вақтини ҳисобга олинг

Кофеин организмга тушганидан тахминан 40 дақиқа ўтгачгина таъсир қилишни бошлайди. Шундай экан, қаҳва ва чойни ишга киришгандан кейин эмас, аввалроқ ичинг.

32. Медитация қилинг

Бу сизни тинчлантиради ва эътибор қаратиш кўникмасини ривожлантиришда ёрдам беради. Энг оддий усулдан бошланг – кўзларни юминг ва диққатни нафасга қаратинг.

33. Хонада мақбул ҳароратни танланг

Агар жуда иссиқ ва совуқ бўлса, самарали ишлолмайсиз. Кўпчилик учун энг қулай ҳарорат - 21–22 ℃.

Ўзингизни тўғри созланг

34. Исталган натижани олдиндан аниқланг

Бирор кимсага қўнғироқ қилиш ёки ишга киришишдан олдин ана шу ҳаракат натижасида нимага эришмоқчи эканингиз ҳақида ўйланг. Кейин эса кутилган натижага эришган ёки эришмаганингизни баҳоланг. Агар йўқ бўлса, нима нотўғри бўлгани, уни қандай тўғрилаш мумкинлиги ҳақида ўйланг.

35. Ўсиш тафаккурини ривожлантиринг

Ишонинг, керакли кўникмаларни ривожлантириб, яхшироқ одамга айланишингиз мумкин. Барча қийинчиликларга бирор янги нарса ўрганиш имконияти сифатида қаранг. Ана шуни ўсиш тафаккури дейилади.

Фото: Лайфхакер

36. Ҳафта якунида келаси ҳафтага тайёрланинг

Почтани тартибга келтиринг ва барча ҳал этилмаган масалаларни ечишга ҳаракат қилинг. Иш столини тозаланг. Келаси ҳафта учун ишлар рўйхатига кўз ташланг. Эҳтимол, уларни анчадан бери ортга суриб келинаётган ишлар билан алмаштирарсиз.

37. Шукроналик кундалигини юритинг

Ҳар куни кечки пайт бугунги кун учун учта шукроналикка сабаб бўладиган нарсани киритинг. Бу ҳаётдаги имконият ва ижобий жиҳатларни кўришда ёрдам беради. Агар учта нарса чиқмаса, биттасини батафсил ёзинг.

38. «Йўқ» дейишни ўрганинг

Кўпчилик янги мажбуриятларни рад этолмайди, бироқ ана шундай қилиш керак бўлган фурсатлар бўлади. Акс ҳолда ўзингизни ёниш ҳолатига олиб борасиз.

39. Дам олиш учун ўзингизга вақт беринг

Масалан, дам олиш кунлари телефонни ўчириш ва кечки вақтларда иш бўйича қўнғироқларга жавоб бермасликни одат қилинг. Айрим ҳолларда иш билан боғлиқ нарсаларни унутиб, кучга тўлиш керак бўлади.

40. Жараёнли мақсадларни белгиланг

Бу катта мақсад йўлида амалга ошириш керак бўлган ҳаракатлар. Масалан, агар савдоларни 25 фоизга оширишни истасангиз, жараёнли мақсадингиз – кунига муайян миқдордаги истиқболли мижозларга қўнғироқ қилиш бўлади.

41. Хатоларни тан олинг ва олға ҳаракатланинг

Ўз-ўзингизни айблаш билан шуғулланманг. Хатолардан хулоса чиқаринг ва яшашда давом этинг.

Иш жараёнини ташкил қилинг ва устуворликларни белгиланг

42. Жуда кўп иловалардан фойдаланманг

Ҳозирда самарадорликка ёрдам берадиган календарь, трекер ва бошқа ёрдамчилар жуда кўп. Агар уларнинг баридан бир вақтнинг ўзида фойдалансангиз, ҳаётингизни мураккаблаштирасиз. Шунинг учун энг кераклилари билангина чекланинг.

43. Календарингиз доим очиқ ҳолда бўлсин

Ана ўшанда мажлисларни режалаштириш ва ҳамкорликдаги дедлайнлар ҳақида унутмайсиз. Оилавий календарни ҳам юритиш мумкин. Унда умумий тадбирлар ва уй вазифалари қайд этилади.

44. Кунига учтадан ортиқ вазифани режалаштирманг

Ишларнинг узун рўйхати самарали эмас: бир кунда жуда кўп вазифани бажаришга кучингиз етмайди. Энг муҳим учтасини белгиланг, қолган вақтни эса майда ишларга бағишланг.

45. Ёнингизда доим қоғоз ва ручка бўлсин

Агар иш вақтида миянгизга фойдали фикр келса, уни ёзинг ва муайян муддат давомида у ҳақида унутинг. Мияда ушлашга ҳаракат қилиб, чалғишни бошлайсиз.

46. Иш жадвалига йўл ва дам олиш учун кетадиган вақтни ҳам киритинг

Ўта тиғиз иш жадвалини тузманг. Деярли ҳар доим турли ўзгариш ва кутилмаган вазиятлар бўлади. Буни кун учун тузган режангизда ҳисобга олинг.

47. Ўзингизга устоз топинг

У сизга маслаҳатлар бериши, йўлингизда турган хатолар ҳақида огоҳлантириши мумкин.

48. Катта мақсадга эътибор қаратиб, қотиб қолманг

Майда қадамлар билан давом этинг. Биринчи навбатда бажариш керак бўлган ишга диққатни қаратинг. Акс ҳолда иш ҳажми сизни қотириб қўяди ва вақтни бекорчи нарсаларга сарфлашни бошлайсиз.

Фото: Лайфхакер

49. Перфекционизм ҳақида унутинг

Идеал мавжуд эмас. Бу тасаввурингиз маҳсули. Ишни яхши бажаринг ва кейингисига киришинг.

50. Ўзингизни рағбатлантиринг

Мақсадга эришганлик ёки муҳим босқичдан ўтганлик учун мукофот иштиёқни оширади ёки кайфиятни яхшилайди. Муҳими, ўзингизни ширинликлар билан мукофотламанг – яхшиси тинчлантирувчи массажга боринг.

Мавзуга оид