Жамият | 09:30 / 19.06.2019
5496
1 дақиқада ўқилади

«Тошиссиққуввати» ДУК ходими 27 миллион сўмни ноқонуний ўзлаштиргани аниқланди

«Тошиссиққуввати» давлат унитар корхонаси Чилонзор тумани бўлими техник ходими фирибгарлик йўли билан 27 миллион сўмни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

З.М. исмли ходим 2018 йил давомида 58 нафар фуқародан иситиш тизими ва иссиқ сув манбаси учун 27 миллион сўм ундирган. Бироқ у тўланган пулларни истеъмолчиларнинг шахсий ҳисоб-рақамларига туширмасдан, уларга тўлов квитанцияларини ёзиб бериш орқали маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Мазкур корхона мурожаатига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими томонидан олиб борилган терговга қадар текширувда мазкур ҳолат фош этилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан З.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид