Жамият | 21:40 / 20.06.2019
94980
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда танасига олов ёқиб сувга сакраган шахс юзасидан маълумот берилди

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган баданига олов ёқилган ҳолда сувга сакраган шахс видеоси юзасидан расмий муносабат билдирди.

Шу кунларда интернетда Урганчда ёшлар ўртасидаги баҳсдан сўнг йигитлардан бирига бензин қуйиб, ёқиб юборилгани, танасини аланга қоплаган йигит кўприкдан ўзини сувга отгани тасвирланган видео тарқалганди.

«19 июнь куни турли ижтимоий тармоқларда «Урганчда ёшлар ўртасидаги баҳсдан сўнг йигитлардан бирига бензин қуйиб, ёқиб юборилди. У ўзини сувга отди» номли видео тарқалган бўлиб, ушбу видео юзасидан ички ишлар органлари томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув жараёнида видеолавҳада ўзлари акс этган ва овози қайд этилган кимсаларнинг шахсига, ҳодиса қачон ва айнан қаерда бўлганлигига аниқлик киритилди», — дейилади хабарда.

Аниқланишича, ушбу шахсларнинг барчаси (тўрт нафар)  Хоразм вилоятида яшайди, улардан бири 1992 йилда, қолган уч нафари эса 1999 йилда туғилган. Видеода қайд этилган ҳолат 18 июнь куни Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи Шовот канали устидаги пиёдалар ўтиш кўпригида содир бўлган.

Танасида ёниб турган олов билан сувга сакраган шахс 19 июнь куни шифохонага мурожаат қилган, унга «оловдан чап қўл елка, бўйин, иккала курак ва бел соҳалари I-II-IIIА даражали термик куйиш. С-20%. Куйиш касаллиги, куйиш шоки ўрта оғир даражаси» ташхиси қўйилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 

Мавзуга оид