Ўзбекистон | 11:25 / 21.06.2019
143127
2 дақиқада ўқилади

Собиқ бош прокурор Отабек Муродовга нисбатан жиноий иш очилган

Ўзбекистон собиқ бош прокурори Отабек Муродовга нисбатан жиноий иш очилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сенатнинг 20-ялпи мажлисидаги чиқишида  маълум қилди.

Президент 20 июнь куни ишдан олинган собиқ бош прокурорни порахўрликда айблаган.

«Бунақа кетишда бўлса, прокуратура тизимини мутлақо қисқартириб юбораман, кўпроқ ваколатни Адлия тизимига бераман.

Ниғматулла Йўлдошев олти ойдан кейин келиб, нимани ўзгартирганини айтишини, тизимни тозалашини, яхши таклифлар беришини кутаман», дея Президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 20 июнь куни Отабек Муродов лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев бош прокурор этиб тайинланганди.

Қайд этиш керакки, бу сўнгги 4 йил давомида тўртинчи марта Ўзбекистон бош прокурори ўзгариши бўлди. 2000 йил февралидан Ўзбекистон бош прокурори бўлган Рашид Қодиров 2015 йилнинг апрелида лавозимини тарк этган ва унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаганди. Абдуллаев 2018 йил январида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимини эгаллагач, унинг ўрнида Отабек Муродов иш бошлаганди. Айни вақтда икки собиқ бош прокурор - Рашид Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаевга қарши жиноий иш очилган ва уларнинг иккиси ҳам терговда.

Мавзуга оид