Жамият | 15:00 / 24.06.2019
150341
13 дақиқада ўқилади

Туяқушчилик — бизнесми ёки молиявий пирамида?

Фото: Shutterstock

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар, радио ва ҳатто телевидение орқали туяқушчилик билан шуғулланиш катта даромад келтириши ҳақидаги реклама ва эълонлар берилишига бот-бот кўзимиз тушмоқда.

Туяқуш бизнеси билан шуғулланаётган қатор тижорат ташкилотлари (мақоламизда шартли равишда «Тадбиркор» деб юритамиз) эшитганда одам боласини шошириб қўядиган таклифларини ўртага ташлашмоқда.

Бу қандай бизнес?

Хабарингиз бўлса керак, шундай ташкилотларнинг айримлари Жанубий Африка Республикасидан келтирилган бир ҳафта ёки ўн кунлик туяқуш жўжаларининг бир донасини ўртача 2 млн сўмдан бўлган нархда таклиф қилмоқда.

Таклифга кўра, харидор шундай жўжалардан Тошкент шаҳри ва вилоятида камида 10та, бошқа ҳудудларда 3-5тагачасини юқорида айтилган нархда сотиб олиши, шунингдек ҳар бир жўжа учун 2 млн 200 минг сўмлик махсус ем ҳам сотиб олиши, кейин бир йил давомида боқиб катта қилиши талаб этилади. Келишув бўйича 1 ёшга тўлган туяқуш «Тадбиркор»нинг ўзи томонидан етиштирувчидан 10 млн сўмга сотиб олинади.

Тадбиркорлар Жанубий Африка давлатидан чекланмаган миқдорда туяқуш жўжаларини олиб келиб беришни ва 12 ойлик бўлган туяқушни 3-4 баробар қимматига қайта сотиб олишни ваъда қилмоқда.

Дарҳақиқат, интернет маълумотларига таянадиган бўлсак, туяқуш етиштириш ўз истиқболига эга бўлган бизнеслигини кўришимиз мумкин. Чунки, унинг деярли барча аъзолари, жумладан гўшти, ёғи, тухуми, териси, пати, ҳаттоки тирноқ ва киприкларини ҳам пуллаш мумкин. Бунинг учун, ишлаб чиқаришни тўлиқ таъминлаш мумкин бўлган қувватдаги, яъни жўжа ҳолидан то юқоридаги маҳсулотларни олишгача бўлган жараёнларни амалга ошириш имконига эга бўлган ферма бўлиши керак. Малакали мутахассисларни, талабга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотларни тайёрлаш, олинган маҳсулотларни қайта тайёрлаш цехлари ва истеъмолчиларга (харидор) етказиб бериш бўйича хизматлари бўлиши талаб этилади. Қоидага кўра, экспортга ихтисослашган корхона ўз ихтиёрида сифатни текшириш ва назорат қилиш лабораториясига эга бўлмоғи лозим.

Бироқ ҳозирда аҳолига кенг кўламда туяқуш жўжаларини етказиб бераётган (етказиб беришни ваъда қилаётган) корхоналарнинг бирортаси ўз чиқишларида шундай қувватга эга бўлган корхоналарга эгалиги ҳақида маълумотлар бермаган.

Ҳақиқатдан узоқдаги нархлар ва ваъдалар

Туяқуш бизнеси Ўзбекистонда янгилик эмас, бу соҳада катта тажрибага эга бўлган махсус фермер хўжаликлари ҳам мавжуд. Туяқушчилик билан шуғулланувчи шундай тоифадаги бизнес вакилларининг маълум қилишича, одатда жўжалар соҳага эндигина кириб келган ва етарли тажрибага эга бўлмаган шахслар қарамоғида боқилганда 12 ойлик бўлгунига қадар қарийб ярмидан кўп қисми нобуд бўлади. Риштонда катта туяқушчилик фермаси ташкил қилган тадбиркор Шахбоз Эркабаевнинг Spot нашрига берган интервьюсида, туяқуш етиштириш билан боғлиқ ўзига хос қийинчиликлар ҳақида сўзлай туриб, дастлаб олиб келинган туяқушларнинг 60 фоизи нобуд бўлганини таъкидлайди. Энди ўзингиз ўйланг, катта маблағлар эвазига махсус ташкил этилган фермада кўплаб мутахассисларни жалб қилган тадбиркор мана шундай муаммоларга дуч келган бўлса, унда бу соҳада бирор тажриба тугул, тасаввурга ҳам эга бўлмаган оддий фуқаролар қандай талофат кўриши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмас.

Борди-ю, боқилган жўжаларнинг ярмидан кўпроғи нобуд бўлса, мақоламиз қаҳрамонлари бўлган «Тадбиркорлар» етиштирилган туяқушни белгиланган вақтда ва белгиланган нархда сотиб олган тақдирда ҳам, тажрибага эга бўлмаган етиштирувчи бу бизнесда даромадга эриша олмайди. Чунки, туяқуш жўжасини сотиб олишдан ташқари унинг меҳнати, озиқ-овқати харажатлари, дори-дармони ва кўзда тутилмаган бошқа харажатлари ҳам мавжуд.

Нарх масаласига тўхталадиган бўлсак, «Тадбиркорлар» 12 ойлик туяқушни етиштирувчидан бир йилдан сўнг 10 млн. сўмга сотиб олишни ваъда қилаётган бир вақтда ички бозоримизда айнан шу ёшдаги туяқушлар 6-6,5 млн. сўмдан, Россия Федерациясида 800 АҚШ долларигача бўлган нархларда таклиф қилинмоқда. Африка давлатларида ҳаттоки улгуржи нархларда бунинг ярим баҳосига ҳам топиш мумкин.

Маълумки, бизнеснинг ёзилмаган қоидаларига кўра, сотиб олинган маҳсулот унга муайян устама қўйган ҳолда сотилади. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак етиштирувчилардан 10 млн. сўмга сотиб олинган туяқушларнинг устига тадбиркорлар ўз фойдасини қўйишлари керак. Демак, тадбиркорларимизнинг бир дона 1 ёшлик туяқуши учун камида 11 млн. сўм (1300 АҚШ доллари)дан чекланмаган миқдорда олувчи хорижлик харидорлари бор, деб ҳисобласак бўлади.

Энди савол туғилади: ички бозорда 6,5 млн. сўмдан тайёр туяқушлар таклиф қилинаётган бир пайтда «хорижда ўз харидорларига эга» «Тадбиркорлар» буни бир йил кутиб ўтиришидан маъно (мақсад) нимада? Жаҳон бозорида таклиф этилаётган нархлардан бир неча баробар қиммат бўлган туяқушларни айнан Ўзбекистондан чекланмаган миқдорда сотиб олишга тайёр бўлган «хорижлик ҳамкорлар» қаердан пайдо бўлди экан?

Дунё озиқ-овқат бозорида товарлар реализацияси учун аёвсиз кураш кетаётган бир пайтда, ўзининг муносиб ўрнини қўлга киритиш ва харидорларга эга бўлиш учун ҳар бир иштирокчи, керак бўлса рақобатчиларилардан арзон нархларни таклиф қилади. Бироқ, туяқушчилик бозорига шиддат билан кириб келган бўлса-да, экспорт бўйича бирор тажрибага эга бўлмаган ўзбек тадбиркорларининг нархлар борасидаги бу таклифлари нафақат иқтисодиётнинг қонун-қоидаларига, балки оддий мантиққа ҳам тўғри келмаётгандек, гўё.

Туяқуш учун ички бозорда талаб борми?

Интернет маълумотларини кўздан кечирар эканмиз, 1 кг туяқуш гўшти ўртача 100 000 сўм (12 АҚШ доллари ), унинг 1 дона тухуми эса ўртача 650 000 сўм (76 АҚШ доллари) атрофида эканига гувоҳ бўламиз.

Эътибор берган бўлсангиз, ҳозирги кунда бирор супермаркет ёки бозор расталарида туяқуш гўшти (ундан тайёрланган маҳсулотлар) ёки тухуми сотувда мавжуд эмас (муаллиф: ҳар ҳолда мен учратмадим), бундай турдаги ихтисослашган махсус дўконларни ҳам ҳозирча учратмадик. Мамлакатимиз аҳолиси эса истеъмол учун табиийки килограми 100 минг сўмлик туяқуш гўшти ва 80 АҚШ доллари турадиган тухумдан кўра, 40-50 минг сўм эвазига қўй ёки мол гўшти ва 700 сўмлик товуқ тухумини афзал билади. Яна бир маълумот, «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан  маълум қилинишича юртимизда туяқуш терисини қайта ишловчи корхона (цех) мавжуд эмас экан. Демак, ўз-ўзидан тушуниш мумкинки, туяқуш ёки унинг маҳсулотларига ички бозорда талаб йўқ.

«Тадбиркорлар» ўз рекламаларида 12 ойлик бўлган туяқушларни чекланмаган миқдорда сотиб олишга тайёр турган хорижлик харидорлари борлигини, ҳаттоки уларнинг бир қанчаси билан шартномалар ҳам тузиб қўйилганини даъво қилишмоқда.

Амалдаги қонунчилик талаби бўйича парранда гўштини тўғридан-тўғри экспорт қилишнинг имкони йўқ. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги ПФ-5286-сонли фармонига мувофиқ парранда, гўшт ва қўшимча озуқабоп гўштли маҳсулотлар, кўнчилик хом ашёси ва момиқ мўйна хом ашёси Президент ва Ҳукумат қарорларига асосан экспорт қилинадиган буюмлар ва маҳсулотлар рўйхатига киритилган.

Молиявий пирамида (эмасми?)

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, аҳолини туяқуш бизнесига қизиқтираётган тадбиркорларнинг таклифлари молиявий пирамида схемасига ўхшаб кетмоқда.

Молиявий пирамида қариндошлар, таниш билишларнинг ташвиқоти билан содда кишилар иштирокида ташкил этилади. Молиявий пирамидага одамларнинг тезроқ бойиш ва осон даромад олишга бўлган интилиши сабаб бўлади. Молиявий пирамидаларда авалига мўмайгина маблағ тикишингиз зарурлиги айтилади, катта фоизлар ваъда қилинади, берган пулингиз тезда қайтишига ишонтирилади, даромад кўриш учун сиздан танишларингизни жалб қилишингиз сўралади, улар ҳам ўз маблағларини тикиши лозим бўлади. Молиявий пирамида пул маблағларини доимий равишда жалб қилиб турган ҳолда тузилма иштирокчиларини даромад билан таъминлаб туриш демакдир. Бунда биринчи иштирокчининг даромади иккинчи ва бошқа иштирокчиларнинг пул маблағлари ҳисобидан таъминланади. Қоидага кўра, молиявий пирамида ташкилотчилари мижозларга олам-олам ваъдалар беришади.

Бироқ иштирокчиларнинг ҳаммасига ваъда қилинган пулларни қайтаришнинг имконияти йўқ. Одатга кўра, молиявий пирамидалар тижорат муассасаси сифатида рўйхатдан ўтади ва қандайдир лойиҳани молиялаштириш баҳонасида маблағ тўплай бошлайди. Агар лойиҳанинг ҳақиқий даромади мижозларга берилган ваъдалардан кам бўлса, ёки умуман даромад кўрилмайдиган бўлса, у ҳолда сўнгги мижозларнинг маблағлари биринчи мижозларга берилади. Яъни, Эшматнинг дўпписи Тошматга кийдирилади. Бунинг охирида лойиҳа касодга учрайди. Оддий сўз билан айтганда, энг сўнгги аъзо бўлган мижозлар «қўлларини бурунларига тиққанича» қолади. Улар молиявий пирамидага киритган сармояларидан маҳрум бўлади. Молиявий пирамида фаолият қанча узоқ давом этса, мижозларга пулларни қайтариш имкониятлари ҳам камайиб бораверади.

Туяқуш фирибгарларига оид мисоллар

The Guardian нашрининг 2000 йил 22 июнидаги сонига кўра, икки шахс ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида туяқуш фермерлик корпорациясини тузишади. Фаолияти давомида кўплаб мижозларга мўмай даромадлари манбаи саналмиш ушбу туяқушлар чўнтаклари учун қоп-қоп даромад эканлигини айтишади. Ушбу ноқонуний фаолият сўнгида маълум бўладики, 2800 нафар мижоз жами 21 миллион фунт стерлинг миқдорида чув туширилади. Бу ишлар узоқ муддат эмас 15 ой ичида амалга оширилади. Схема фош бўлгунга қадар ушбу «тадбиркорлар» мижозлардан олинган маблағларни оффшор зоналарга йўналтириб улгуришган эди.

Шунга ўхшаш катта туяқуш можароларидан бири 2012 йили Ҳиндистон жанубидаги Тамилнад, Керала ва Карнатака штатларида юзага келган. «SusiEmuFarms» компанияси мижозларига фантастик ваъдалар беради. Фирибгарлар молиявий пирамиданинг барча классик услубларидан фойдаланишади. Дастлабки мижозларига катта маблағлар қайтарилади, бу халқ орасида янада шов-шув бўлади.

Улар давлат бўйлаб катта пиар-кампания уюштиришади. Телеканалларда репортажлар, газета ва журналларда пул эвазига чиқартирилган мақолалар тўлиб кетади. Фирибгарлар ҳаттоки туяқуш гўштига ихтисослашган ресторанлар ва дўконлар ҳам очишади, очилиш маросимларига давлатнинг катта амалдорлари, вазирлар қатнашади. Бу ҳам мижозлар оқимини кескин оширади.

Полиция бир неча бор шубҳали бизнес ҳақида огоҳлантириш беради, лекин бу унчалик таъсир қилмайди. Якунда 12 минг кишидан кўпроқ киши фирибгарлар тузоғига тушган, 600 млн рупийга (12 млн АҚШ доллари) яқин маблағга куйиб қолишган. Фирибгарлар қўлга олинган.

Интернетда қидирсангиз туяқушчилик билан боғлиқ молиявий пирамидалар ҳақида яна кўплаб маълумотларни топиш мумкин.

ФАКТ! «Yourmoney» нашрининг маълумотига кўра, сўнгги йилларда молиявий фирибгарлик турларининг TOP-10 рейтингидан туяқуш бизнеси ҳам ўрин олган.

Молиявий пирамида ташкил қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган

Молиявий пирамида бу пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият ҳисобланади ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 188-1-моддасига кўра, пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ёдингизда бўлса «чинозлик Аҳмадбой» номи билан танилган «тадбиркор» минглаб фуқароларнинг миллиардлаб пулларини айнан молиявий пирамида ташкил этиш йўли билан талон-торож қилган эди.

Келгусида бу каби салбий оқибатлар келиб чиқмаслиги учун, молиявий пирамиданинг аломатлари мавжуд бўлган «туяқушчи тадбиркорлар»нинг фаолиятига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бир назар ташлаб қўйилса, «Аҳмадбой воқеаси» такрорланишининг олди олинган бўлар эди.

Хулоса

Ҳурматли туяқуш импорт ва экспорти билан шуғулланаётган тадбиркорлар, мақоламизда айтилган фикрлар ва гумонлар асоссиз бўлса, билингки бу мақола сиз ҳақингизда эмас. Яъни, биз мақоламизда туяқушчилик фермалари ташкил қилиб, машаққат билан ўз бизнесини олиб бораётган тадбиркорлар ҳақида гапирганимиз йўқ.

Ҳурматли юртдошлар, бирор тадбиркорликнинг бошини тутмоқчи бўлсангиз ёхуд бир сўмим икки сўм бўлсин десангиз, ўз сармоянгизни ишончли, вақт синовидан ўтган ва келажаги порлоқ лойиҳаларга йўналтиринг.

Юқорида айтган фикрларимиз изланишларимиз натижасида тўпланган тахминлар ва таҳлиллар йиғиндиси, холос. Биз тугал фикр беришга даъво қилмаймиз, кимларнидир айбдор дея эълон қилиш ваколатига ҳам эга эмасмиз. Асосий мақсадимиз, келгусида юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ва бу ҳақда фуқароларни огоҳлантиришдир.

Дилшод Абдуқодиров

Ҳуқуқшунос

Таҳририят: Kun.uz нашри мазкур соҳа тадбиркорлари учун доимо очиқ, уларнинг юқоридаги фикрлар асоссиз эканлигига оид муносабатларини ҳам нашр этишга тайёрмиз.

Мавзуга оид