Light | 09:30 / 26.06.2019
48895
5 дақиқада ўқилади

Мия қаримаслиги учун 5 тавсия

Серғайрат, янгилик яратувчи ва соғлом фикрловчи бўлиб қолиш учун ўз одатларингизни ўзгартиринг.

Бир неча авлод илгари одамлар 50 йил умр кўриш ҳақида орзу ҳам қилишмаган. Яхшиямки, ҳозир аксарият одамлар аввалгиларга нисбатан 20-40 йил узоқроқ ҳаёт кечиришяпти. Бироқ йил ўтган сайин мия ўз фаолиятини бажаришда қийинчиликларга дуч келади.

Ўтириб ишлашга мослашган ҳаёт тарзи ва зарарли одатлар бутун организмга салбий таъсирини ўтказади, хусусан мияга ҳам. Ёш қўшилган сари Альцгеймер касаллиги келиб чиқиши ва ривожланиши хавфи ортади.

Юқори аҳамиятли органнинг эрта қариши олдини олиш ва теран ақлни сақлаб қолиш учун бир неча муҳим тавсияларга амал қилиш зарур.

1. Овқатланиш тарзингизни ўзгартиринг

Соғлом овқатланиш ҳаёт тарзи нафақат қомат ва умумий ҳаракатланишга, балки мия учун ҳам фойдали. Бошланишига одат тарзингизда кичик ўзгаришлар қилинг. Масалан, кечки қаҳва ўрнига кўк чой ичинг. Унинг таркибида кофеинлар нисбатан кам ва мия ҳужайраларини зарарланишдан асрашга кўмаклашувчи антиоксидантлар кўпроқ. Дудланган маҳсулотлар истеъмолини камайтиринг.

Тўғри овқатланиш кун давомида фақатгина кўкат, салат ва ёрмалар ейиш керак дегани эмас. Олимлар аниқлашича, таркиби кўп миқдорда сабзавот, мева, зайтун ёғи, балиқ ва денгиз маҳсулотларига бойлиги билан ажралиб турувчи Ўрта Ер денгизи диетаси мия ҳужайралари йўқотилишини камайтириш ва идрок қобилиятини сақлаб қолиш хусусиятига эга. 

2. Кунига камида 20 дақиқа спорт билан шуғулланинг

Ҳаракатли машқлар мия саломатлигини сақлаб қолиш учун жуда муҳим. Аэробика қон айланишини тезлаштиради, хотирани яхшилайди ва мияда янги ҳужайралар ўсишига туртки бўлади. Шу орқали қўшимча нейроалоқалар вужудга келади.

Спорт, шунингдек, мияга кичик дозадаги антидепрессант каби таъсир ўтказиши мумкин. Жисмоний фаолият стрессдан чиқишга кўмаклашади. Аэробика ёки истаган спорт машғулотингиз билан ҳафтасига камида 1,5 соат, яъни кунига 20 дақиқа машғул бўлинг. Бу саломатлигингиз учун аҳамиятли.

3. Қулай ҳудудингиздан тез-тез узоқлашинг

Бизнинг миямиз турли хил бошқотирма ва қийинчиликларни ечишга мажбурлаб турилганда ўз ёшлигини сақлаб қола олади. Тез-тез такрорланувчи фикрларга хилоф равишда, мия дастурланмаган, у ўзгара олади. Агар одам истаса, эски одат ўрнига янгисини алмаштириши орқали ҳам бунга эришиши мумкин. Миянинг бу ўзгариши ҳодисаси нейропластиклик деб аталади.
Чет тилини ёки янги мусиқа асбобини ўрганиш миядаги пластиклик қобилиятини сақлаб қолади, янги нейроалоқалар вужудга келади. Шунингдек, нотаниш соҳа эгалари билан мулоқотда бўлиш ҳам ёрдам беради, дунёқарашни ҳам бойитади.

4. Етарлича ухланг

Уйқу давомида организмнинг лимфа тизимлари мияни нейротоксинлардан, жумладан, Альцгеймер касаллигини қўзғатувчи бета-амилоид ва тау оқсиллари, шунингдек, танада йиғилиши Паркинсон синдромига олиб келувчи альфа-синуклеинлардан тозалайди.

Тозалаш жараёни бир мунча вақт талаб этади. Айнан шунинг учун одам танаси кунига 7-9 соат уйқуда бўлиши керак.

5. Фаол ижтимоий ҳаёт тарзида яшанг

Инсон - ижтимоийлашган мавжудот. Бироқ ёш ўтган сари бизнинг мулоқот даврамиз қисқара боради, одамлар билан камроқ гаплашишга мослаша борамиз. Қариндошлар ва дўстлар билан алоқаларни сақлаб қолиш эса бизнинг когнитив саломатлигимиз учун муҳим. Бошқалар билан мулоқотга кам киришувчи одамларнинг мия имкониятлари киришимлилардагига нисбатан 70 фоиз камайиб кетар экан.

Қизиқарли жиҳат шундаки, ёлғиз яшовчи одамлар ҳушёрроқ ва нотанишлардан кўпроқ хавфсирайдиган бўлиб қолишади. Бунинг сабаби улардаги мулоқотдан узоқлашган мия бегоналар билан алоқага киришини номаълум ва таҳликали ҳаракат сифатида қабул қилади. Бу ўзига хос ҳимоя реакциясидир. 

Бутун умр давомида севимли одамлар билан бўлиш, хобби билан шуғулланиш ва янги нимадир ўрганишга кўпроқ вақт ажратиш керак. Шунда 100 ёшдан ўтганда ҳам мия ўзининг яхши хотиралари ва теран идроки билан сизни зериктирмайди.

Мавзуга оид