Жамият | 18:25 / 02.07.2019
56105
6 дақиқада ўқилади

Арнасой туман ИИБ раҳбарлари фермернинг отасини нега урди?

«Белимга қўли билан урдими, оёғи билан тепдими, билмай қолдим, бошим билан машина ичига кириб кетдим...»

2019 йил 1 июль куни Kun.uz сайтига шошилинч мурожаат келиб тушди. Унда Жиззах вилояти Арнасой тумани ИИБ раҳбар ходимлари ғалла ўримини назорат қилиш чоғида фермерлардан бирининг отасини ургани, жабрдийда туман Марказий шифохонаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида экани хабар қилинган эди.

Kun.uz мухбирлари 1 июль куни 18-00 атрофида Арнасой тумани Марказий шифохона шошилинч тиббий ёрдам бўлимига етиб келди ҳамда жабрланувчининг ўғли Аҳмедов Дилшод билан учрашди.

Сўнгра, шифохона Шошилинч бўлим бошлиғи Темур Назаров жабрланувчининг аҳволи билан таништирди.

«Маълум бўлишича, бемор юқори гипертоник қон босимида юради. Аввал микроинфарктни ҳам бошдан кечирган. Қолаверса, 2-даражали қандли диабет билан ҳам хасталанган. Бу ерга келтирилганда қон босими 220-120 нисбатда баланд бўлганлиги учун тезкорлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида жонлантириш хонасига киритдик. Керакли муолажалар кўрсатдик», - дейди Темур Назаров.

Унинг сўзларига кўра, бемор бел соҳасида кучли оғриқдан шикоят қилган. Рентген қурилмаси йўқлиги сабабли уни Жиззах шаҳрига ёки Дўстлик туман марказига олиб бориш талаб этилади. Аммо кучли қон босими ҳамда асаби бузилгани боис уни ортиқча ҳаракатлантириш мумкин бўлмаган.

Биз шошилинч ёрдам бўлими бошлиғининг рухсати билан Аҳмедов Маматқулдан бўлган воқеаларни сўзлаб беришни сўрадик. Унинг айтишича, Жиззах шаҳрида ишлайдиган ўғли Дилшод унга қўнғироқ қилиб, туман ҳокими уни пост ГАИда кутиб турганини билдирган. Туман ҳокими унга Арнасой ҳосилига бир иложини қилиб ҳисса қўшишни айтади.

Туман ИИБ бошлиғи “ГАИ” (ЙҲХБ) бошлиғига “Камаз” топиб келишни айтар экан, Маматқул аканинг ҳам далага бирга бориши кераклигини қистириб ўтади. Бироқ куннинг иссиқлиги, юқори қон босими, қолаверса, бир карра микроинфарктни бошдан кечирган ва 2-тип қандли диабетли хаста Маматқул ака тоби йўқлигини айтиб, далага бора олмаслигини билдиради. ИИБ бошлиғи ўринбосари Мисаев Акром ва сержант ёрдамчиси фермернинг отасини далага мажбурлаб олиб бориш учун уни ўзларининг машиналарига миндиришга уринишади.

«ИИБ бошлиғи ўринбосари Акром Мисаев келиб, нега бормайман, деяпсиз, деб сўради. Соғлиқнинг мазаси йўқ, боролмайман, дедим. Далага бориб, борини ўриб кетаверинглар, дедим. Шунда у менга нега тўғри гапирмаяпсиз, деди. Мен яна қандай тўғри гапирай, дедим. Қисқаси, шу ерда иккимиз сен-менга бордик. Сўкишдик-қирилишдик.

Мисаев, мен сенинг кўзингга кўрсатаман, борасан, деди. Мен яна бормайман, дедим. Сержант иккови нарироқда турган машинага судради. Мен бўпти, айтган жойингга пиёда бораман, лекин машинангга минмайман, деб, машинага қўлим билан тираниб турдим. Шу орада, белимга қўли билан урдими, оёғи билан тепдими, билмай қолдим, бошим билан машина ичига кириб кетдим. Бошим оёқ турадиган жойда. Шундай қотиб қолдим, чунки қаттиқ оғриқ берди. Барака топкур, балнисага ҳайда, кейин гаплашасан, мен билан, қамасанг-қамарсан, жонимни олмайсан-ку, дедим», - дея бўлган воқеа ҳодисаларни жабрланувчи сифатида сўзлаб берди Аҳмедов Маматқул.

Унинг сўзларига кўра, ИИБ бошлиқ ўринбосари Мисаев, сенга балнисани кўрсатаман, деб пост ГАИга, ИИБ бошлиғи олдига олиб борган. Бу ерда ИИБ бошлиғи Ёқуб Акабоев ҳолатга холис ёндашиш ўрнига, э оқсоқол, туринг, нега шантаж қиляпсиз, дея, Аҳмедовни ўрнидан туришга буюрган. Жабрланувчига кўра, Мисаев, бунақа шантажчиларнинг элликта-мингтасини кўрганмиз, дея таъкидлаган.

Жабрланувчи тез тиббий машинасида туман шифохонасига келтирилганда, ИИБ бошлиғи, ўғлини ишдан ҳайдатмасам, бўлмайди бунинг, номерини топинглар тез, деб буйруқ берган. Шифохона ходимларига, бу шантаж деб, акт тузиб берасизлар, дея кўрсатма берган.

Биз ушбу бўлиб ўтган воқеа қандай бўлганини ИИБ бошлиғи Ёқуб Акабоев ҳамда ўринбосари Акром Мисаев фикрларини тинглаш учун Арнасой тумани ИИБга бордик. Аммо бошлиқнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Диёр Эгамбердиевнинг билдиришича, улар ғалла ўримида ҳудудларда экан, шунинг учун ИББ раҳбарлари билан учраша олмадик. Капитан Диёр Эгамбердиевнинг маълум қилишича, 102 рақамига келиб тушган маълумот ҳудудий тегишлилигига кўра участка нозирига тақдим этилган. Участка нозири Бегзод Йўлдошев жабрланувчидан ва мазкур воқеанинг бошқа иштирокчиларидан керакли маълумотларни олиб, №921 рақамли хат билан ишни туман прокуратураси ихтиёрига ўтказган.

Шу ўринда фермер хўжалиги хусусида икки оғиз. Аҳмедов Маматқулнинг учинчи ўғли Аҳмедов Фарход номидаги «Аҳмедов Фарход чорваси» фермер хўжалиги чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, унда бугунги кунда 30 бош қорамол ва 100дан ортиқ қўй-қўзи бор. Ихтиёрида 16 гектар ердан, 4 гектарига беда экилган, қолганига арпа. Об-ҳавонинг ноқулай келгани боис арпалар ётиб қолган, кўзланган ҳосил олиш имконини бермаган.

Гарчи чорвачилик фермер хўжаликлари билан дон топшириш бўйича шартнома қилиниши қонунчиликка зид бўлса-да, «Дўстлик дон маҳсулотлари» АЖ билан 2018 йил 15 сентябрда ва 2019 йил 9 февралида давлат эҳтиёжлари учун бошоқли дон харид қилиш бўйича контрактация шартномалари тузилган.

Ўйлаймизки, туман прокуратураси Арнасой тумани ИИБ томонидан 2019 йил 1 июль куни №921 сон билан рўйхатга олинган ишлар юзасидан холис текширувлар олиб боради, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳам бу борада хизмат текшируви ўтказиб, натижаси билан ОАВни хабардор қилади. 

Толиб Раҳматов

Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид