Ўзбекистон | 16:33 / 05.07.2019
48789
8 дақиқада ўқилади

«Дамас»лар можароси. Термиздаги ҳолат тафсилотлари

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Термиз шаҳар ҳокимининг «Термиз шаҳрида автобус хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтиб, қарор қабул қилинди.

Ҳужжат билан 2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фаолият юритаётган «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаши эътироф этилиши белгиланди. 2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фақат автобусларга белгиланган йўналишлар бўйича йўловчи ташишга рухсат берилди.

Ўз навбатида, қарор остида юзлаб норозилик оҳангидаги фикрлар қолдирилган бўлса-да, у билдирилган фикрлар инобатга олинмасдан қабул қилинган. Бунинг натижасида, Термиз шаҳар ҳокимлиги биноси олдида ҳайдовчилар тўпланиб, ўз норозилигини билдиришди.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Исломжон Зокиров Термизда «Дамас» автомашиналари йўловчи ташиш йўналишидан олиб ташлангани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдириб чиқди.

Айтилишича, президентнинг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2724 сонли қарорида «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш ҳақидаги бирор жумланинг ўзи йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724 сонли қарори билан тўлиқ танишмаган аҳолида, «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш гўёки, «Президент қарори билан амалга оширилаётган экан», деган нотўғри хулоса пайдо қилади.

«Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу ПҚ-2724 сонли қарори битта шаҳардаги 700га яқин кишини ишсиз қолдириш учун эмас, балки, айнан мамлакат шаҳар ва қишлоқларида аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишда автотранспорт хизматлари кўрсатишнинг ролини кучайтириш мақсадида қабул қилинганини ҳам унутмаслигимиз керак», - дейди депутатлар.

«Албатта, жойларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини яхшилаш зарур. Бироқ бунга шу кунга қадар фаолият кўрсатиб келган тадбиркорларнинг фаолиятини тақиқлаш билан эмас, балки соғлом рақобат муҳитини, қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда ички автомобил йўлларининг сифатли даражага келтириш каби ишларни йўлга қўйиш орқали эришиш лозим деб ҳисоблаймиз», - дейилган муносабатда.

Шундан сўнг, Термиз шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Термиз шаҳрида «Дамас» ҳайдовчилари ишсиз қолиб кетгани» ҳақидаги постлар ва фикрлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Айтилишича, ўтказилган таҳлил натижаларига кўра шаҳар ҳудудида ҳаракатланувчи транспорт воситалари аҳолига ноқулайликлар келтирмоқда.

«Шаҳар ҳудудида фаолият юритувчи «Дамас» йўналишли таксиларнинг тартибсиз қатнови натижасида 2018 йил давомида 32та, 2019 йилнинг 4 ойи давомида 11та транспорт ҳодисаси содир этилиб, жами 17 киши турли даражадаги тан жароҳати олган. Шаҳар ичидаги йўналишларда фаолият юритувчи «Дамас»ларнинг аксарияти ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланаётгани аниқланган», - дейилган хабарда.

«Асосий масала йўналишли «Дамас» ҳайдовчиларининг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида, Термиз шаҳрига шаҳар атрофидан кириб келаётган таксилар («Дамас») учун янги йўналишлар тегишли тартибда ташкил қилиниб, барча «Дамас» ҳайдовчиларининг иш билан бандлиги таъминланган. 

Автобуслар ҳаракатланишига ноқулай бўлган ҳудудларда янги йўналишлар ташкил этилиб, қўшимча иш ўринларни яратиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 10та шаҳар атрофи йўналишлари икки томонлама ташкил этилди», - дейилади ҳокимлик изоҳида.

Адлия вазирлиги эса Термиз шаҳри ҳокимлиги томонидан шаҳардаги «Дамас» русумли автомашиналарга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланиш тақиқланиши билан боғлиқ масала юзасидан тақдимнома киритди.

«Таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур қарор лойиҳаси Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан кўриб чиқилиб, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи ва рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принципларини бузиши мумкинлиги туфайли Савдо-саноат палатаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан келишилиши лозимлиги ҳақида хулоса тақдим этилган.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши лозим.

Бироқ, Термиз шаҳар ҳокимлиги томонидан қарор тегишли идоралар билан келишилмасдан, адлия бўлимининг ҳуқуқий экспертиза якунлари бўйича ижобий хулосасини олмаган ҳолда қабул қилинганлиги натижасида қатор қонун ҳужжатлари талаблари бузилган.

10 кунлик муддатда мазкур қарорни бекор қилиш, шунингдек айбдор шахсларга тегишли чоралар кўрилиши учун 2019 йил 3 июль куни Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан Термиз шаҳар ҳокимлигига тақдимнома киритилди», - дейилган вазирлик маълумотида.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам Термизда йўловчилар ташиш билан шуғулланиб келган «Дамас» автомашиналари ҳайдовчиларининг норозилиги акс этган хабарлар юзасидан ўз суриштирув ишларини олиб борди.

«Термиз шаҳар ҳокимлиги шаҳар ичида ҳаракатланаётган йўналишли таксилар («DAMAS») ҳаракатини 2019 йил 1 июлдан тўхтатиш бўйича кўрсатмаси акс эттирилган қарори билан Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни 12-моддаси тўртинчи ва олтинчи хатбошилари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарори талабларини бузилишига олиб келган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан Термиз шаҳар ҳокимининг рақобатни чеклайдиган ҳужжатлари ҳамда ҳаракатларига баҳо бериш юзасидан тегишли иш юритувга олинди.

Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича қўшимча равишда маълум қилинади», дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Шундан кейин, йўналишли таксилар билан боғлиқ масала юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов раислигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, адлия ва монополия органларининг Термиз шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 июндаги «Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан билдирган эътирозлари ҳам муҳокама этилиб, қайд этилган қарорни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 17 августдаги қарори билан тасдиқланган «Шаҳарда йўловчиларни ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этишга оид» низомда белгиланган шартлар ва тартиб асосида очиқ тендерлар ўтказиш ҳамда бугунги кунга қадар тендер контрактига мувофиқ тегишли йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномасиз фаолият кўрсатиб келган транспорт воситалари учун ташкил этилган янги йўналишларда улар фаолиятининг давомийлиги таъминлаш билан боғлиқ масалалар белгилаб олинган.

Мавзуга оид