Ўзбекистон | 18:10 / 08.07.2019
19697
8 дақиқада ўқилади

Совитгичлар масаласи. Бозорда нарх тушиши учун нима зарур? 

Ҳар йили қиш ва эрта баҳорда бозорда мева ва сабзавотлар нархи сезиларли даражада юқорилайди. Бунинг сабаби кўпчиликка жуда оддий туюлиши мумкин: пишиқчиликкача ҳали бор.

Нархлар динамикаси нимани кўрсатади?

Давлат статистика қўмитасининг берган маълумотига кўра, 2018 йил давомида озиқ-овқат нархлари январ ойида максимал ўсиш нуқтасига – 3,5 фоизга етган бўлса, июль ойига келиб -2,3 фоизга пасайган. Ва бутун йил давомида нархлар кўтарилиши борасида етакчилик ҳар бир йирик гуруҳнинг салмоқ вазнларини ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳига тааллуқли бўлган.

Озиқ-овқат товарлари орасида эса мева-сабзавот маҳсулотлари истеъмол нархлари индекси ўсиши борасида таъсир даражаси бўйича етакчилик қилган.

Шунингдек, ойлар таҳлили бўйича товарлар нархи сезиларли даражада ошиши ва тушиши ҳам бевосита мева-сабзавотларнинг арзон-қимматлигига боғлиқ бўлган. Масалан, товарлар нархининг қимматлаши январ 3,0 фоиз, декабрь 2,3 фоиз, катта фарқ билан июн ойида 0,6 ва июлда 0,5 фоизни ташкил қилган.

Маълумотга кўра, 2017 йил декабрига нисбатан 19,5 ўсиш билан мева ва сабзавот нархларининг энг юқори чўққиси 2018 йил ҳисобида апрелга тўғри келган. Энг паст даражаси эса августда 20,5 фоиз пасайиши билан қайд этилган.

Статистика қўмитаси майдан августгача бўлган даврни «Бозорларнинг ҳосил билан тўйиниш даври» деб атайди. Ва айни шу даврда нархлар ҳам мўътадиллашади.

Бироқ охирги маълумотларга кўра, бу йил май ойида ҳам мева, сабзавот ва картошканинг нархи ўтган йил шу пайтга нисбатан баҳорги ўзгарувчан иқлим таъсирида 0,4 фоизга кўтарилган.

«Балансни тутиб туриш мумкин»

Қўшни Қозоғистонда мева ва сабзавотларнинг бозордаги таъминотини бир хилда ушлаб туриш масаласига ечим сифатида маҳсулотни сақлаш тизими тўғри ташкил қилиниши ҳам кўрсатилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ривожланаётган мамлакатларнинг маълумотига таяниб, йиғиб олингандан кейин қайта ишлаш ва маҳсулотнинг экин майдонидан сўнгги истеъмолчига етказишгача бўлган ташиш вақтидаги сақлаш нотўғри ташкил этилиши туфайли етиштирилган маҳсулотнинг 25-40 фоизи нобуд бўлади, дея ахборот берган.

Табиийки, Ўзбекистонда ҳар йилги ҳосилнинг қанчаси сақланади, бу тизим талаб даражасидами деган ҳақли савол пайдо бўлади.

regulation.gov.uz порталига жойлаштирилган, 17 ноябрь 2018 йилда муҳокамаси якунланган «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашни ривожлантириш борасида давлат-хусусий шерикликни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида бу мавзуга атрофлича тўхталиб ўтилган.

Ҳужжатда мамлакатда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш учун совутгичлар билан таъминланганлик даражаси 3,5 фоизни ташкил қилиши таъкидланган.

«Ўзбекозиқовқатҳолдинг» компанияси ахборотига кўра, республикада 2019 йил 1 январ ҳолати билан 1 минг 507 дона, умумий сиғими 760,7 минг тонналик совутгичлар мавжуд. Бу умумий фоизда жуда кам кўрсаткич ҳисобланади. Ривожланган давлатларда айни сон 40-60 фоизни ташкил қилади. Ривожланаётган давлатлар, жумладан, Туркия ва Эронда эса 8-12 фоизни ташкил қилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда ҳам совутгичлар сиғимини кейинги 3-5 йилда 8-10 фоизга етказишни режалаштирилган.

«Совутгич технологиялари учун импорт божхона ва ҚҚС тўлови қилинмайди»

«Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашни ривожлантириш борасида давлат-хусусий шерикликни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида 2019 йил ҳар бир вилоятда камида 5 тадан, 2020 ва 2021 йилда эса камида 10 тадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш корхоналарини давлат-хусусий шериклик асосида ишга тушириш кўрсатиб ўтилган.

Айни дамда муҳокамаси якунланган бу қарор-лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрганилмоқда. Ҳужжат эса ҳануз имзоланмаган. 

Айтиш жоизки, тадбиркорлар совутгич ва музлаткич технологияларини олиб келиш ва ўрнатишда қатор имтиёзларга эга:

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, Инвестициялар ва савдо вазирлиги, Божхона қўмитаси томонидан имзоланган қарорга кўра, электр ёки бошқа турдаги совутгичлар, музлаткичлар ва бошқа совитиш ва музлатиш жиҳозлари импорт божхона божи ва ҚҚСдан озод қилинган.

Шунингдек, улар имтиёзли тарзда кредит олишлари ҳам мумкин. Аммо Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб кўплаб ҚҚС имтиёзлари бекор қилинишини билдиргач, совуткичлар масаласи ҳам мужмал бўлиб қолган. 

Тадбиркорлар қандай фикрда?

Нархни барқарорлаштириш ва бу борада тадбиркорларнинг иштироки, фаолият бошлаш учун турли имкониятлар, совутгичлар амалиёти билан яхши таниш бўлган тадбиркорлар жамоатчиликка маълум бўлмаган фикрларни таъкидлаб ўтишди.

Суннатулла Умаров, Фарғона вилояти Марғилон тумани:

— 2 минг тоннага яқин сиғимли 3та совутгичим бор. Шартнома асосида фермер ва тадбиркорларнинг маҳсулотини сақлаб берамиз. Олдинлари қишда нарх ошмаслиги учун ўша ойларда «Озиқовқатзахира» уюшмаси томонидан мажбурий картошка қўйиларди. Бироқ 1 йилдан бери бунақа мажбурият йўқ. Чунки чегаралар билан муаммо йўқлиги туфайли одамлар қўшни давлатлардан ҳам мева-сабзавот олиб киришяпти. 

Тасаввур қилинг, тадбиркор 800 сўмдан сабзи олиб, уни то мавсум келмагунча сақлади, бозорда нархлар 2 000 сўмгача чиқишини кутди. Бироқ у яна ўша нархда – 800 сўмдан сотишига тўғри келяпти. Бу тадбиркор синганини англатади. Ўртада шунча харажат. Бу ҳолат бир неча йил такрорланса, кейин ҳеч ким совутгичда сабзи сақламайдиган бўлади. 3-4 йилдан эса кейин муаммо юзага келиши мумкин. Экспортдан фойда кўриш масаласи ҳам кўпинча таваккалчиликка асосланади. Ахир тадбиркорнинг мақсади фойда кўриш, оиласини таъминлаш, уларни ҳам тўғри тушуниш керак.

Умаровнинг айтишига қараганда, гарчи бошида «Озиқовқатзахира» томонидан берилган ун-ёғ ҳисобига у совутгич учун олинган кредитни қоплай олган бўлса ҳам, ҳозир ҳатто кредитни тўлаш қийинчилик туғдирмоқда. Фойда эса  иккинчи даражали масала.

— Чунки водийда совутгичлар сони жуда ошиб кетган. Шундай бўлса-да, яна кредит олиб, совутгич қуришни хоҳловчилар кўп. Ваҳоланки, водийда бу амалиётда юрган, менга ўхшаган қанча тадбиркорнинг бу қишда совутгичлари бўш қолди. Қўйганлар ҳам жуда арзон-гаровдан, фойда келтирадиган нархда сақлагани йўқ, —дейди у. 

Шунингдек, агар совутгичлар сиғими ошса, пишиқчилик бўлмаган ойларда нарх ҳам битта балансда бўлиши мумкинми? Яна бошқа бир хоразмлик 750 тонна совутгич эгаси Равшан Жуманиёзовнинг айтишича, 2 йилдан бери ишлатаётган совутгичлардан бир йил ҳисобида анча юқори даромад оляпти. Ижара асосида маҳсулотини сақлаб берганларидан бу йил Россияга пиёз экспорт қилганлар ҳам бор.

«Озиқовқатхолдинг» компанияси Фарғонада совутгичлар сиғими 72,6 минг тоннага тенглигини маълум қилади. Водий ҳудудида (Андижонда 144,7 минг, Наманганда 62,9 минг тонна) умумий сиғим 280,2 минг тонна бўлса, Хоразм 28 тонналик совутгичлар билан таъминланган.

Фоизлар оширилиши мақсад қилинган, бироқ айрим тадбиркорлар фойда кўрмаётганини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, бу тизимда ҳали мутасадди ташкилотлар учун ўрганилиши ва таҳлил қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Айнан совутгичлар кўпайиши бозорда нарх сиёсатига қанчалик таъсир қилади, маҳсулотларнинг қиш ва эрта баҳорда арзон бўлишига сабаб бўладими, бу ҳақда изланиш натижалари маълум эмас. 

Зилола Ғайбуллаева

Мавзуга оид