Жамият | 11:50 / 10.07.2019
8958
9 дақиқада ўқилади

Нима учун Сайлов кодексига зарурат туғилди?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларидан иборат бўлсада, афсуски, ҳануз яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эди.

Бинобарин, амалдаги сайлов қонунчилиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим мураккабликларни келтириб чиқараётган эди. Аниқроқ қилиб айтганда, бунга сайлов жараёнини ташкил этиш ва ўтказишнинг аксарият тартиб-таомиллари тарқоқ ҳолда бир нечта қонунлар билан тартибга солингани, аксарият қоидалар такрорланиши, шунингдек айрим ўта муҳим масалалар қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг тегишли низомлари ва йўриқномалари билан белгилангани улар ўртасида баъзи номувофиқлик ва қарама-қаршиликларни вужудга келтираётган эди.

Айни пайтда, сайлов қонунчилигининг баъзи нормалари демократик сайловларни ташкил этиш ва ўтказишнинг замонавий талаблари ва халқаро амалиётига тўлиқ ҳамоҳанг эмас эди. Масалан, парламентда барча сиёсий кучлар учун тенг шароитлар яратилган бир пайтда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига парламент қуйи палатасида олдиндан белгиланган квота асосида ўрин ажратилиши уларнинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтираётганди.

Сайлов кодексини ишлаб чиқишда халқчил ва халқаро тамойиллар инобатга олинди

Энг илғор халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсат ичида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. 

Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлаш жараёнида сайлов қонунчилиги тўлиқ хатловдан ўтказилди. Мамлакатимизда сайловларни ташкил этиш бўйича тўпланган амалиёт умумлаштирилди. Ривожланган давлатларнинг бой тажрибаси ўрганилди, уларнинг ижобий ютуқлари асосида самарали, халқчил нормаларни ишлаб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мазкур кодекс тарқоқ ҳолдаги 5та қонун («Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб қарор ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида ўзида мужассам этди.

Қайд этиш жоизки, сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда 50 дан ортиқ илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилди.

Айни пайтда, хорижий мамлакатлар сайлов қонунчилиги ва тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда 40га яқин давлатда, хусусан Франция, Бельгия, Бразилия, Беларусь ва Озарбойжон каби давлатларда сайлов кодекслари қабул қилинган.

Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги йилларда аксарият мамлакатларда, жумладан Чехия, Россия Федерацияси, Қозоғистонда сайлов қонунчилигини тизимлаштириш орқали уни ягона кодекс шаклида қабул қилишга бўлган ҳаракат кучайиб бормоқда.

Сайлов кодекси лойиҳаси жами 5 турдаги муҳокама ва экспертизадан ўтказилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди, фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик экспертизаси, илмий экспертиза, амалиётчи мутахассислар, яъни сайлов комиссиялари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари экспертлари ўртасидаги қизғин муҳокамалардан ўтди. Уларнинг якунига кўра 400дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди.

Эътиборли жиҳати шундаки, илк бор сайлов кодекси халқаро экспертизадан ўтказилди. Халқаро ташкилотларнинг экспертлари иштирокида 2018 йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди. Европадаги хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси каби халқаро ташкилотлар томонидан кодекс лойиҳаси ўрганилиб, тавсиялар берилди, уларнинг аксарияти инобатга олинди.
Шу асосда тайёрланган Сайлов кодекси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди ва расман кучга кирди.

Сайлов кодексидаги асосий янгиликлар нималардан иборат?

Барча халқаро стандартларни ўзида акс эттирган сайлов кодекси икки қисм, 18 боб, 103 моддадан иборат бўлиб, илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди: Хусусан:
– Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун Қонунчилик палатасига махсус ўрин ажратиш тартиби бекор қилинди, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлик (150 нафар) ўринлари сақлаб қолинди;
– сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиш тартиби қонун даражасида белгиланди, ягона ҳужжат – сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» бекор қилиниб, муддатдан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришда фойдаланиш имкони яратилди;
– сайловларни ташкиллаштириш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби жорий этилди; 
– сайловчига сиёсий партиялар томонидан имзолар тўплаш жараёнида бир неча номзодлар ёки партияларни қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш имкони берилди;
– сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга + ёки √ ёхуд Х белгисини қўйиши мумкинлиги белгиланди;
– барчанинг танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссиясининг овозларни санаб чиқиш ҳақидаги баённома нусхаларини сайлов участкасида 48 соатдан кам бўлмаган муддатга дарҳол осиб қўйиш тартиби жорий этилди;
– давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов пайтида сайлов округларини тузишдаги сайловчилар сонидаги мумкин бўлган максимал фарқ 10 фоиздан ошмаслиги ҳақидаги қоида назарда тутилди;
– участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниши ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилиши назарда тутилди;
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бир пайтнинг ўзида ўтказилган ҳолларда ягона сайлов участкасини ташкил этиш кўзда тутилди;
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоларини сайлаш тартиби қонун даражасида белгиланди;
– барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларига қўйиладиган талаблар (йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин) мустаҳкамланди;
– участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниши ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилиши тартиби белгиланди;
– Марказий сайлов комиссияси аъзоларига Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзоларига нисбатан қўлланиладиган дахлсизлик тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилиши назарда тутилди.

Жорий йилги сайловлар Сайлов кодекси асосида ўтказилади

Бу йил – сайловлар йили. Жорий йилнинг декабрь ойида ўтказиладиган сайловлар янги кодекс асосида юқори даражада ташкил этилади ва ўтказилади.
Эътироф этиш керакки, сайлов кодекси миллий амалиёт, халқаро ва хорижий тажриба асосида тубдан қайта кўриб чиқилди. Ягона шаклга келтирилган тарқоқ қонун ҳужжатлари янгича маъно-мазмун билан бойитилди.

Шу боис, сайлов жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун аҳолини мамлакатимизда сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида кенг хабардор этиш олдимизда турган муҳим вазифалардир. 

Айни дамда, жойларда кодексга киритилган янги қоидалар билан барча даражадаги сайлов комиссияси аъзолари ва ишчи гуруҳларини яқиндан таништириш лозим. Шу билан бирга, кодекс қоидаларини журналистлар томонидан ёритиш бўйича учрашувлар, туркум кўрсатувлар тайёрлаш айни муддаодир. Шу билан бирга, сайлов жараёнларини бошқаришнинг ахборот тизимида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳам долзарб вазифалардан биридир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси сайлов кодекси мамлакатимизда халқаро норма ва стандартларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, сайловга оид қонунчилик нормаларининг унификациясига, номувофиқлик ва коллизияларнинг бартараф этилишига, энг муҳими фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлашга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади.

Валишер Давлятов
Қонунчилик муаммолари ва парламент 
тадқиқотлари институти бош илмий ходими

Мавзуга оид