Иқтисодиёт | 07:32 / 11.07.2019
38219
3 дақиқада ўқилади

Буғдой уни ва гуруч нархи нега қимматлашди?

Фото: iStock

Давлат статистика қўмитаси 2019 йил июнь ойида истеъмол секторида нарх ўзгариши юзасидан ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида сезиларли ўсиш кузатилганлиги қайд этилди . 2019 йилнинг январь-июнь ойлари давомида товарлар ва хизматлар нархи 5,6 фоизга қимматлашди. Ўтган йилнинг шу ойига нисбатан истеъмол секторидаги нархлар 13,6 фоизга ошди.

Шунга мос равишда, асосий истеъмол маҳсулотлари бўлган гуруч ва буғдой қимматлашди. Гуруч нархи жорий йилнинг биринчи ярмида 9,7 фоизга, буғдой уни 3,6 фоизга қимматлашди. Ушбу маҳсулотлар нархларининг энг юқори даражада қимматлашганлиги жорий йилнинг январида қайд этилган бўлиб, унда нархлар мос равишда 2,4 фоиз ва 1,6 фоизга кўтарилган.

Давлат статистика қўмитасининг хабар беришича, истеъмол товарлари ва хизматлари нархлари индекси (ИНИ) инфляция даражасини акс эттирувчи кўрсаткичлардан бири бўлиб, ушбу маълумотлар қўмита, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий Банк келишуви билан ишлаб чиқилган «Товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари (тарифлари) кузатувини ташкил этиш ва истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш бўйича услубий низом» га асосан олиб борилади.

Истеъмол нархлари индекси маълумотлари ҳар ойнинг 10 ва 20 кунида республиканинг 120 та туман ва шаҳарларидаги алоҳида тартиб асосида танлаб олинган савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида аниқ турдаги товар ва хизматларни нархлари кузатилади ва улар асосида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади. Ҳосил бўлган натижалар худди шу тартиб бўйича аввалги даврларда шакллантирилган маълумотлар билан ўзаро таққослаган ҳолда нархларнинг ошганлиги ёки пасайганлиги аниқланади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гуруч ва буғдой уни нархи ошишига ўтган йилги қурғоқчилик асосий сабаб бўлди, дея ахборот берди. 

«Гуруч нархининг қимматлашгани ушбу маҳсулот захираси камлигидан бўлди. Ўтган йили ёғингарчилик кам бўлди. Бошқа экинларга ҳам сув етказиш зарурияти туфайли шоли майдонлари қисқартирилди. Натижада, белгиланган режа бажарилмай қолди. Ҳозир савдо расталаридаги гуруч ўтган йилги ҳосил ҳисобланади. Жорий йилда мавсум серёғин келганлиги ҳисобига октябр-ноябрь ойларида (янги ҳосил олинганда) нарх пасайиши кутилмоқда»,  —  дейилади ахборотда.

Вазирлик изоҳига кўра, буғдой уни ўтган йили асосий лалми ерларга ғалла экилмай қолгани ҳисобига қимматлаган. 

«Фақат сувли ғалла майдонларидан ҳосил олинди. Қолаверса, Қозоғистонда ҳам ун нархи кўтарилиши Ўзбекистондаги вазиятга таъсирини ўтказди. Россияда ҳам ўтган йили ҳосил кам бўлди ва шунинг учун Қозоғистондан буғдой импорт қилинди. Ўз навбатида, Қозоғистон нархларни оширди. Ўзбекистонда бу йилги вазият анча барқарорлашди (серёғин мавсум туфайли). Шу ойда буғдой нархиям мўътадиллашади», — дея қўшимча қилинади изоҳда. 

Муҳаббат Маъмирова тайёрлади

Мавзуга оид