Ўзбекистон | 23:16 / 11.07.2019
14095
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бионик протезлар ўрнатиш бўйича илк тажриба намойиш этилди

Жорий йилнинг 11 июль куни Протезлаш ва ортопедия марказида ногиронлиги бор шахслар учун янгича бионик протезлар ўрнатиш амалиёти тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар бермоқда.

Бионик протезлар Ўзбекистон Республикаси Инновация вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги Россиянинг «Моторика» компанияси билан ҳамкорликда ясалган.

Протезлаш ва ортопедия марказида даволанаётган беморлардан бирига синов тариқасида бионик протез қўл ясалган. Бу каби бионик протез қўлларни ўрнатиш амалиёти ҳар бир мижозга индивидуал тарзда ёндашган ҳолда, олган жароҳатига кўра, 3D технологиясини қўллаш орқали амалга оширилади.

Бионик протездан фойдаланган илк бемор қорақалпоғистонлик Хўжабаев Тенгелбайдир. У бундан бир неча йил муқаддам икки қўлининг билак қисмидан ажралган. Унинг айтишича, бу протез қўл билан энди ўзи таомланиши, сув ичиши мумкин ва у бундан хурсанд.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори биопротезнинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Шунингдек, тез орада бу каби протезлар ясаш кенг йўлга қўйилишини таъкидлади.

«Тақдир тақозоси билан меҳнатда жароҳат олиб, икки билагидан электр токи кесиб кетган бир йигитнинг қўлига Россиянинг Моторика компанияси билан ҳамкорлик қилишимиз натижасида биопротез ясалди. Бизда олдиндан протез қилиб келинарди, лекин улар асосан косметик протезлар бўлган. Қўлнинг шакли қилиб берилган, кийимнинг ичида худди қўли бор экан деган тасаввур берган холос. Бу эса бионик протез бўлиб, бу билан идишдан сув ичиши, ручка ушлаши мумкин…

Протезлаш ва ортопедия маркази ёнида замонавий протез маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона барпо бўлади», - дейди Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори Инаков Алишер Казакович.

Мавзуга оид