Жамият | 18:40 / 14.07.2019
22163
8 дақиқада ўқилади

Дарахт кесмасак, бино қура олмаймиз(ми)?

«Маҳалламизда анчагина манзарали дарахтлар экилган боғ бор. Яқин кунларда бу ерда иш бошланди. Темир устунлар ўрнатилиб, чуқурлар кавлаб ташланган. Қандай қурилиш бошланганини суриштирсак, ишчилар «ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ, бизга янги «забор» қилишни буюришган», дейишди. Маҳалла фуқаролар йиғинидагиларнинг ҳам ҳеч нарсадан хабари йўқ. Бу дарахтлар кесилмаса эди, деган хавотирдамиз...»

Таҳририятга шу мазмундаги мурожаат тушди. Мазкур ҳолатни ўрганиш учун Миробод туманига, Ойбек ва Нукус кўчаси кесишувидаги ҳудудга бордик. Нукус кўчасидаги катта машина йўли ёқалаб қад кўтарган боғда қурилиш ишлари бошланган. Ҳудудга темир устунлар ўрнатилмоқда. Лекин дарахтларга умуман тегилмаган.

«Бизга фақатгина боғнинг атрофини ўраб, реклама баннери ўрнатиладиган девор қилишимизни айтишган. Биз бирорта дарахтга текканимиз йўқ. Боғнинг орқа томонидаги бўш турган ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилади, шу боис қурилиш ҳудуди реклама баннери билан ўраб олиняпти. Лекин айнан қандай қурилишлиги ҳақида маълумотга эга эмасмиз», дейди ишчилардан бири.

Ҳолат ҳақида батафсилроқ маълумот олиш мақсадида шу боғ ҳудуди қарашли бўлган «Салар» маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилдик. Лекин улар ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас.

«Боғнинг орқасида каттагина бўш ер бор. 2006 йилдан бери бўш. Аввалига бу ерда кореяликлар хиёбон қураркан, дейишганди. Манзарали дарахтлар ўтказиб, сув ҳам тортиб келишган эди. Лекин икки ойга бормасдан жараён тўхтаб қолди. Ҳеч ким ишни давом эттирмади, дарахтлар қуриб қолди. Кейинроқ эса болалар учун ўйингоҳ, спорт мажмуаси, бассейн қурилади, деган гаплар чиқди. Одамлар жуда хурсанд бўлишган эди. Бунда ҳам ишни бир бошлашди, уч ойга бормасдан яна ҳаммаси тўхтади. Шундан бери бўш турганди, энди яқинда мана шу «забор» иши бошланди. Кўп қаватли уй бўлиши мумкин экан. Тўғри, ер давлатники, лекин одамларга керакли инфратузилмани ҳам инобатга олиш керак», дейди МФЙ ходимларидан бири.

Шу ҳудуддаги кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг таъкидлашича, яқин атрофда болалар учун ўйингоҳ, одамлар дам олиши учун хиёбон мавжуд эмас.

«Бу ерда болалар майдончаси қурилади деб ваъда беришганди. Энди эса меҳмонхонами, «дом»ми, кўп қаватли қандайдир бино қурилар экан. Энди майдончадан умидимизни узамизми?», дейди «Салар» маҳалласи 37-уйда яшовчи фуқаро.

«Нима қурилган тақдирда ҳам дарахтларга зиён етказмасдан қуришларини истардик. Улар маҳалламизга кўрк бериб турибди. Ҳар қандай лойиҳани ҳам дарахтларга дахл қилмасдан мослаштиришнинг имкони бор-ку», дейди исми кўрсатилишини истамаган яна бир фуқаро.

Миробод туман ҳокимияти тақдим этган маълумотга кўра, боғнинг орқа қисмидаги ҳудудда пастки қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлашган кўп қаватли турар жой биноси қурилиши режалаштирилган. 1800 метр квадрат (1,8 гектар) ер майдонига «Silk Road Group Investments» масъулияти чекланган жамияти томонидан иншоот қурилишига Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 12 январдаги 61-сонли қарори билан рухсат берилган.

«2022 йилгача бу кўп қаватли бино тўлиқ қуриб битказилиши режалаштирилган. «Silk Road Group Investments» МЧЖ катта миқдорда инвестиция киритмоқда. Лойиҳа 52 млн 200 долларга баҳоланган. 2 йиллик қурилиш давомида 2000га яқин маҳаллий қурувчиларни иш билан таъминлайди», дейди Миробод туман ҳокимининг қурилиш ва архитектура ишлари бўйича ўринбосари Фарҳод Нажмиддинов. 

Маълум қилинишича, боғ ва бино қуриладиган ҳудуд оралиғидаги ғиштли девор бузилади ва боғ оралаб машиналар кириб чиқиши учун ҳар бирининг эни 10 метрдан бўлган учта йўлак туширилади. Белгиланган тартиб бўйича, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси ва туман ҳокимиятининг рухсати билан йўлак очиладиган қисмдаги дарахтлар олиб ташланади. 

Шу ўринда бир савол туғилади. Шу кунларда дарахтлар кесилиши билан боғлиқ машмашаларнинг аксарияти ўша ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилиши билан боғлиқлигини кўриш мумкин. Тўғри, қурилиш мақсадларида дарахт ва буталарни кесиш тартиби ишлаб чиқилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 43-сонли «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори мавжуд. Унга кўра, дарахтлар ва буталарни кесишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

санитария мақсадида ─ дарахтлар ва буталар табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланганда, қуриётган ёки қуриб қолган ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиги, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган, шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, шунингдек, авария ҳолатида бўлган ҳолларда;

бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларни қуриш ва реконструкция қилишга, шунингдек, муҳандислик тадқиқот ишларини амалга оширишга тўсқинлик қилганда. Бу ҳолда Давлат экология қўмитаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кесилиши кўрсатилган дарахтлар ва буталарни бошқа жойга кўчириш масаласини кўриб чиқади. Бунинг имкони бўлмаса, ҳокимият кесиш учун тегишли рухсатномани расмийлаштиради. Дарахт ва буталарни кесганлик учун юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тўлов ундирилади.

Лекин баъзи хорижий мамлакатларда қурилиш ишлари дарахтларни кесиш учун сабаб бўла олмаслигини кўриш мумкин. Мисол учун, Норвегияда ҳукумат дарахтларни кесиш билан боғлиқ ўринлари мавжуд бўлган лойиҳаларга рухсат бермайди. Дарахтларни кесишда иштирок этувчи компаниялар билан ҳам ҳамкорлик қилинмайди.

Уй-жой қуришда ҳам ўша ҳудуддаги дарахтни кесмасдан, аксинча ундан лойиҳанинг бир қисми сифатида самарали ва креатив тарзда фойдаланиш анъанаси ҳам шаклланиб улгурган.

Жуда кўп соҳаларда илғор бўлган Япония бу масалада ҳам ўрнак кўрсатади. Мисол учун, Япониянинг Неягава шаҳридаги темирйўл станцияси қурилиши учун шу ҳудуддаги дарахтни олиб ташлаш талаб этилган. Лекин японлар бунинг ўрнига шунчаки дарахтни станциянинг бир қисми сифатида қолдиришни маъқул кўришди.

Қурилишлар бўлиши, қулай ва замонавий инфратузилмалар барпо этилиши яхши. Лекин улар тирик табиат зонасига дахл қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Бизда қурилиш учун дарахтларни қурбон қилиш (расмий рухсат билан бўлса-да) ва бу қурбонликни арзимаган компенсация тўлови билан ниқоблаш одатий ҳолга айланиб улугурган. Ваҳоланки, лойиҳани тузиш аввалидаёқ табиат зонасининг мавжудлигини энг асосий омил сифатида инобатга олиш, дарахтларга қурилишга халал берувчи эмас, балки уни тўлдирувчи объект сифатида муносабатда бўлиш мумкин.

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид