Light | 11:30 / 16.07.2019
21999
9 дақиқада ўқилади

Ақлли шаҳар нима ва бу концепция қаерда амалга оширилган?

Фото: Лайфхакер

Ақлли жамоат транспорти, қуёш батареялари ва хавфсизликнинг ягона тизими айрим шаҳарлар учун хаёлот эмас, ҳақиқатнинг ўзгинаси.

Ақлли шаҳар оддий шаҳардан нимаси билан фарқ қилади?

«Ақлли шаҳар» тушунчасига ёндашувлар хилма-хил, бироқ у доим технологиялар билан бойитилган аҳоли яшаш пунктини англатади. Бундай технологияларнинг моҳияти тушунарли – қурилмалар ўзаро алоқада ташқи олам билан инсон иштирокисиз, бироқ унинг фаровонлиги йўлида хизмат қилади. Оддий мисол – табиий ёруғлик етишмаганида ишга тушадиган кўча ёритгичи.

Ақлли шаҳарларнинг мақсади – шаҳарликлар ҳаётини қулайроқ ва хавфсизроқ қилиш, шунингдек, шаҳар молия маблағлари ва ҳудудини тежашдан иборат. Масалан, ақлли фонуслар билан шаҳар кўчалари тунда ҳам хавфсиз, бироқ электр энергияси учун минимал миқдорда пул сарфланади: қоронғи тушмагунига қадар у бекорга ёниб турмайди.

Келажакнинг идеал ақлли шаҳрида ҳар бир қадамда аҳолини технологиялар кутиб олади, улар ягона экотизимни ҳосил қилади ва инсон ҳаётининг барча жиҳатлари учун жавоб беради: жамоат транспортида ҳаракатланишдан тортиб, чиқиндининг қайта ишланишигача.

Шаҳарни нима ақлли қилади?

Дата-марказ

Маълумотларнинг ягона базаси турли ахборотни керак бўлганида бир-бири билан таққослаши ва ундан фойдаланиши мумкин. Масалан, қутқарув хизматига қўнғироқ қилинганида жабрланган кишининг жойлашган жойи ҳақида, касалхонага ётқизилганида эса – унинг тиббий дафтарчаси ҳақида маълумот олиш мумкин. Кўчада кимдир тўппончадан ўқ узганида эса ахборот гумонланувчи шахснинг камерадан олинган расми билан автоматик тарзда полициячиларга келиб тушиши мумкин.

Универсал шаҳар иловаси

Шаҳарликлар учун керакли барча маълумотлар иловада бирлаштирилиши мумкин. У орқали ақлли шаҳарда яшайдиган киши такси чақириши, тўловларни амалга ошириши, ҳукумат вакилларига йўлдаги ўнқир-чўнқир жойлар ҳақида хабар бериши, айнан шу фурсатда шаҳарнинг қайси қисмида тирбандликлар ва тўхташ жойидаги бўш ўринлар ҳақида билиб олиши мумкин. Айнан шундай дастур ҳозирда Чикагода ишлайди.

Ҳайдовчисиз автомобиллар

Tesla, Uber ва Google ўз технологияларидан йўлларда фойдаланишга шай. Йўл белгиларини ҳисоблайдиган ҳайдовчисиз автомобиллар эса кун келиб қўлда бошқариладиган ҳаракатланиш воситаларини сиқиб чиқаради. Бироқ ақлли шаҳарда бари ўзгача ишлаши ҳам мумкин: бундай автомобиллар тармоққа бирлаштирилади ва маршрутни режалаштиришда жойлашувдан келиб чиқиш иш кўрилади. Бу анча хавфсиз бўлиши лозим. Ҳайдовчисиз автомобиллар йўлдаги авария ҳолатлари ва тўхташ жойларидаги бўш ўринлар ҳақида ҳам олдиндан маълумот олишлари мумкин.

Ақлли тўхташ жойлари

Америка интеллектуал транспорт жамияти тадқиқоти шуни кўрсатдики, тирбандликларнинг 30 фоизи автомобиль ишқибозларининг тўхташ жойини узоқ қидириши натижасида пайдо бўлар экан. Ақлли шаҳар концепцияси эса бу жараённи илова ёрдамида осонлаштиради. Махсус датчиклар тўхташ жойи вақтини сониясигача аниқликда ўлчай олади: пул миқдори ҳам картадан автоматик равишда ечиб олинади. Тўхташ жойи сенсорларидан АҚШ ва Европанинг кўплаб жойларида фойдаланишади: тизим биринчилардан бўлиб Париж ва Канзас-Ситида татбиқ этилган.

Ақлли ёритгич

Биз қоронғу тушганида ишга тушадиган кўча фонуслари ҳақида айтдик. Бироқ ақлли уй концепцияси бундан ҳам қизиқроқ сценарийларни кўзда тутади. Масалан, Американинг Сан-Антонио шаҳрида ёмғирдан кейин транспорт артериялари бўйлаб қўйилган фонуслар ёруғроқ нур таратади. Шу тариқа ҳайдовчилар сирпаниш эҳтимоли юқори бўлган йўлни яхшироқ кўра олишади.

Қуёш батареялари

Экология ҳақида қайғуриш – ақлли шаҳарнинг муҳим банди, шунинг учун деярли барча лойиҳаларда электр энергиясини олишнинг муқобил вариантларига аҳамият берилган. Шаҳарга тегишли ва хусусий қуёш батареялари ихчам ечим саналади. Масалан, ақлли Фудзисава шаҳрида(Fujisawa Sustainable Smart Town) ана шундай панеллар деярли ҳар бир уйда ўрнатилган.

Камералар

Кенгайтмаси юқори камералар Чикагода кўча фонусларида ўрнатилади ва одамлар тўпланадиган жойларда хавфсизликни таъминлаш учун қўлланилади. Сан-Анториода эса ундан бошқа мақсадда фойдаланадилар: судланувчи фуқаролар судга боришлари шарт эмас, камера ўрнатилган махсус будкадан кўриниш беришнинг ўзи кифоя.

Ақлли жамоат транспорти

Ҳаракатланиш интервали – ақлли шаҳарда автобуслар ҳақида олиш мумкин бўлган ахборотнинг ҳаммаси эмас. Бундай технологиялар Россия шаҳарларида ҳам ривожланган. Масалан, Москвада тўхташ жойлари таблоларида керакли машина қанча вақтдан кейин келиши кўрсатилади.

Ёнғинга қарши датчиклар

Ақлли бундай қурилмалар одатий тутун датчиклари каби ишламайди. Аниқроғи, Америкадаги Луисвилл мисоли шуни кўрсатадики, ақлли датчиклар классик датчиклар билан бир жуфтликда ишлайди. Улардан ёнғин чиқиш хавфи бўлган ташландиқ биноларда фойдаланишади. Бундай қурилмаларда қуёш батареяси, микрофон ва алоқанинг оддий модули бўлади. Микрофонга одатий датчик сиренаси келиб тушганида ёнғин ҳақида ўт ўчирувчилар ва қўшниларга хабар берилади.

Ақлли чиқинди идишлари

Энг машҳур мисол – Америкада ўрнатиладиган Bigbelly идишлари. Ушбу конструкция туфайли улар атроф-муҳитни ифлослантирмайди, уларда кемирувчилар кўпаймайди, бироқ энг муҳими - тўлганида чиқиндини олиб кетиш хизматига уларнинг ўзи хабар беради.

Ўқ узиш локаторлари

Американинг кўплаб шаҳарларида ShotSpotter ўқ узиш датчиклари ўрнатилган. Улар ўқ узишлар миқдори, ўқ узилган жой ва қуролнинг турини аниқлай олади. Барча маълумотлар полицияга юборилади.

Очиқ маълумот

Ақлли шаҳар тамойилларидан бири – очиқлик. Бу тажриба алмашиш, олинган ахборотни шаҳар аҳолиси билан ўртоқлашишга ҳам тегишли. Масалан, Лондон мэрлигининг сайтида транспорт, атроф-муҳит кўрсаткичлари ва ақлли датчиклар ёрдамида олинган бошқа статистикани олиш мумкин.

Ақлли деб аташ мумкин бўлган шаҳар қандай кўринишда?

Ақлли шаҳар дейилганида турли хил аҳоли яшаш пунктлари назарда тутилиши ҳақида айтиб ўтдик. Мисол учун, Москванинг ҳам ўз лойиҳаси бор: Москва-2030. Америка, Осиё ва Европанинг йирик шаҳарларида, масалан, Сингапур, Дубай, Барселона, Луисвилл, Чикагода кўплаб инновациялар жорий этилган. Бироқ кичик ва яқинда қурилган, Panasonic томонидан яратилган япон полиси - Фудзисаву вакуумдаги ақлли шаҳар деб аташ мумкин.

Фудзисава - Panasonic полиси

Унинг майдони – 19 гектар. Унда маданий марказлар атрофида тўпланган турар жой бинолари, майдонлар, болалар майдончалари ва дўконлар мавжуд. Электр энергиясининг бир қисми қуёш батареялари билан таъминланади.

Кўча фонуслари ҳаракатланиш датчиклари билан жиҳозланган: йўловчи ёки автомобиль яқинлашиши билан ёрқинроқ кўринишга келади.

Ақлли шаҳар лойиҳаси

Ҳар бир уй шаҳарнинг телевизион тизимига уланган. Унинг ёрдамида аҳоли нафақат каналларни томоша қилиши, балки электромобиль ёки электр велосипедларни ижарага олишлари мумкин.

Ақлли шаҳар Фудзисавадаги телевизион тизим

Хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилган. Ўша телевизион тизим ёрдамида аҳоли зилзила ҳақида дарҳол огоҳлантирилади. Фудзисава ташқи оламдан узилганида эса у уч кун давомида ўзини электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлай олади.

Фудзисава ақлли шаҳри

Лойиҳа сайтида янгиликлар бўлими бор. Фудзисава доимий равишда бирор ҳодиса содир бўлади, масалан, 15 июда маҳаллий маданий марказда саломатлик куни бўлиб ўтган бўлса, 1 июлда бемор ва фармацевтлар орасида алоқа қилиш учун янги онлайн-сервис деморежимда ишга туширилди.

Фудзисавадаги саломатлик куни

Panasonic Фудзисавадаги муҳим жиҳат янги технологиялар эмас, экология ҳақида қайғуриш ва қўшнилар билан мулоқот қилиш деб ҳисоблайди. Яратувчиларининг фикрига кўра, шахсий автомобили бўлмаган киши ижарадан фойдаланмасдан, қўшнисидан электрокарни сўраб туриши мумкин.

Ақлли шаҳар лойиҳаси

Шаҳарда оилада чақалоқлар туғилишига мўлжалланган ақлли шаҳарлар бор, у ерда ясли ва болалар боғчалари фаолият юритади. Фудзисава ўз аҳолисининг кексайишига ҳам тайёрланади: кекса фуқаролар учун ижтимоий ходимларга эга кўп хонадонли уйлар бор. Уч авлод – юз йил ўтгач, шаҳар ўзини тўлиқ намойиш этади, деб ҳисоблайдилар.

Мавзуга оид