Жаҳон | 11:50 / 17.07.2019
78919
14 дақиқада ўқилади

Миллат давлатни қутқарган кеча. Туркия қандай «тўнтарилмай қолганди»?

Бундан 3 йил муқаддам, 2016 йилнинг 15 июлидан 16 июлга ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтаришига уриниш содир бўлганди. Туркия давлатчилиги тарихида 5-марта кузатилган бу ҳарбий тўнтаришга уриниш муваффақиятсиз якунланганди. Турк миллати ўз вақтида бирлаша олган ва давлатни қонли тўқнашувлардан сақлаб қолганди. Албатта, қурбонсиз эмас... Уч йил аввал 15 июль тунида Туркияда нималар бўлганди?

Таътилдаги президент, ижтимоий тармоқлар блокланиши ва русларнинг огоҳлантириши...

Давлат тўнтаришига уринишга жуда пухта тайёргарлик кўрилганди. Чунки, 15 июль куни олий бош қўмондон ҳисобланган президент Ражаб Тоййиб Эрдўған таътилда эди. Мармарис оролида оиласи билан дам олаётган Эрдўған исён бошланишидан бироз вақт аввал бу ҳақда хабар олади. Ўшанда Эрондаги ва араб нашрлари Туркия ҳукуматидаги ишончли манбаларига асосланиб, Эрдўғанни россиялик ҳарбийлар исёндан огоҳлантиришганини ёзишганди.

Эрдўған дам олаётган Мармарисдаги меҳмонхонага исёнчилар етиб боришганида, президент у ердан кетишга улгурганди, Эрдўған меҳмонхонани исёнчилар етиб боришидан 30 дақиқа аввал тарк этганди. Далмандаги аэропортга етиб олган Туркия президенти Истанбулга учишни режалаштиради, чунки унинг Анқарадаги макони қирувчи самолёт ва танкларда ўққа тутилган, у ер хавфсиз эмасди. Исёнчилар воқеалар ривожланиб кетишидан аввал мамлакат ҳудудида барча ижтимоий тармоқларга киришни блоклаб қўйишади. Шундай бўлишига қарамай, твиттерда Туркия кўчаларида юрган танклар суратлари пайдо бўлади.

Европа ва Осиёнинг айрилиши

Исёнчилар Туркиядаги ўта муҳим объектларни, жумладан Истанбулдаги Отатурк халқаро аэропорти, Европа ва Осиёни боғлаб турувчи Босфор кўрфази устидаги кўприкни ҳам танклар билан эгаллаб олишганди. Шунингдек, мамлакатдаги йирик телерадиокомпаниялар ҳам исёнчилар қўлига ўтади. Қирувчи самолётлар миллий разведка биносини ўққа тутишади. Исёнчилар ўз даъволарини TRT телеканали орқали эълон қилишади. Телеканалнинг машҳур бошловчиси Тижен Караш исёнчиларнинг баёнотини ўқиб эшиттиради: «Туркия ҳарбий кучлари ҳукуматни ўз қўлига олганини эълон қилади. Биз мамлакатда бузилган инсон ҳуқуқлари ва конституцион тартибни қайтаришга ваъда берамиз. Халқаро келишувларнинг барчаси ҳамон амалда. Умид қиламиз, барча давлатлар билан илиқ алоқаларни сақлаб қоламиз».

Бошловчининг кейинчалик айтишича, унинг қаршисида қурол ўқталиб бу баёнотни ўқишга мажбур қилишган. Ражаб Эрдўғанни хоин деб атаган исёнчилар мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилишади. Истанбулга барча рейслар бекор қилиниши нималар бўлаётгани ҳақида бутун дунёга сигнал беради. Истанбулга келаётган барча самолётлар ҳавода ортга қайтишга мажбур бўлишади. Истанбулга кирадиган ҳар қандай йўллар ёпилади.

Маҳаллий вақт билан соат 23:33да ҳарбий кенгаш Туркияни қўлга олгани ҳақида эълон қилганидан сўнг ОАВда Ражаб Эрдўған Германиядан сиёсий қочоқлик сўрагани ҳақида хабарлар пайдо бўлади. Бу вақтда исёнчилар президент қўриқчиларини зарарсизлантирган ҳолда унинг саройини эгаллаганликларини, ҳарбий кенгаш раиси ва Туркия ҳарбий ҳаво кучлари раҳбари қўлга олингани эълон қилинади. Мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири Биноли Йилдирим телеканаллардан бирида чиқиб ҳарбийлар давлатни тўнтаришга уринаётганини эълон қилади ва Эрдўған учун охиригача курашишини маълум қилади.

Тўнтаришни қутқариб қолган iPhone

Маҳаллий вақт билан соат 00:30да исённи бостириш учун катта қадам ташланади. Ҳали исёнчилар қўлига ўтиб улгурмаган телеканаллардан бирида фавқулодда чиқиш бўлиши эълон қилинади. Бошловчи қўлидаги iPhone'ни камерага қаратиб эфир бошланиши билан телефондаги одамга сўз беради. Не кўз билан кўришсаки, iPhone'да Facetime дастури орқали алоқага чиққан Ражаб Эрдўған турарди. Президент шундай дейди: «Мамлакатда бўлаётган воқеалар исён эканини айтмоқчиман. Ҳаммасининг ортида АҚШда яшаётган Фатҳуллоҳ Гулен турибди. Халқнинг кучи мана шундай кунда кўринади. Сизларни майдонларга чиқиб давлатни сақлаб қолишга чақираман. Мен сизга ишонаман».

Фото: AFP / Ozan Kose

Эрдўғаннинг бу гапидан сўнг мамлакат аҳолиси ўзи яшайдиган шаҳарларнинг марказий майдонларига чиқа бошлайди. Имкон борича қуролланган халқ қўлига Туркия байроғини олиб исённи бостириш учун кўчага чиқади. Истанбул мэри Иброҳим Гўкчи ҳам твиттердаги саҳифасида одамларни майдонларга чиқишга чақиради. Диний раҳнамолар овоз кучайтиргичлар орқали қонуний президентни ҳимоя қилишга чақиради. Бу вақтда исён борган сари катталашиб борарди. Анқарада йирик портлашлар содир бўлади. Истанбул ва Анқара аэропортларида отишмалар бошланади.

Президентнинг ҳавода сарсон бўлган самолёти

Исён авж олаётган бир вақтда Ражаб Эрдўғаннинг самолёти ҳавода сарсон бўлади. ОАВ Анқарадан Истанбулга деб учган «биринчи борт» аслида Германияга қараб учгани ва президент Германиядан сиёсий қочоқ мақомини сўрагани ҳақида ёзади. Бироқ унга Германиядан жой беришмагач, Эрдўған Буюк Британияга қараб йўл олгани ҳақида хабар тарқалади.

Махсус кучлар ҳаммасини ҳал қилишади

Фото: Murad Sezer / Reuters

Исён бостирилишида асосий ишни мамлакатнинг махсус кучлари қилишади. Эрдўған тўнтаришга уринишнинг тепасида турганини айтган Фатҳуллоҳ Гулен мамлакатдаги ўрта қатлам ҳарбийларини ўз томонига оғдирганди. Ҳарбий элита Эрдўған томонда қолади. Исёнчилар қуруқлик аскарлари, жандарма ва ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбийлари эди, Туркия махсус кучлари ҳамон ҳукумат назоратида бўлгани ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Президентга бўйсунувчи махсус кучлар аввало Истанбул аэропортини ўз назоратига олади. Бу вақтда миллионлаб турклар кўчаларга чиқиб ҳарбийларга қарши курашни бошлаганди. Босфор кўпригидан Истанбулга ўтишни истаган аҳоли вакилларига қарата ўт очилади ва кўплаб одамлар ҳалок бўлади. Тонгга бориб махсус кучлар ва полиция вазиятни ўз назоратига олади. 16 июль куни соат 08:19да Босфор кўприги қайта очилади.

«Бизга шунчаки машғулот бўлади дейишганди...»

Фото: Gokhan Tan / Getty Images

Вазият жиддийлашиб кетгач, ҳарбийларнинг кўпчилиги ўз ихтиёри билан таслим бўлади. Чунки исёнга ҳарбийларнинг бир неча гуруҳи алоқадор бўлган, холос. Аксарият аскарлар эса нимада қатнашаётганларини тушунишмаган ҳам. Уларга катта масштабдаги ҳарбий машғулот ўтказилади, деб айтишганди. Шу боис оддий аскарлар одамларга қарата ўқ узишмайди. Жума куни содир бўлган тўнтаришда ҳарбий мактабда ўқийдиган болалар ҳам олиб чиқилганди.

Маҳаллий вақт билан соат 03:30да Эрдўған Истанбул аэропортига қўниб одамлар олдида нутқ сўзлайди ва Анқарага учиб кетади. Бироқ президент саройига яна ҳаво зарбалари берилади. 16 июль куни тонгги соат 07:00да Эрдўған яна Истанбул аэропортида чиқиш қилиб одамларни ҳаммаси тинчиб кетгунига қадар кўчаларни тарк этмасликка чақиради. Чиқиш давомида Эрдўған ҳарбий тўнтаришга уриниш муваффақиятсиз якунланганини маълум қилади. Президент Туркияда уч ойлик фавқулодда режим эълон қилади. 16 июль куниёқ Туркияда исёнчиларни тутишга қаратилган улкан операциялар бошланиб кетади. Юзлаб аскарлар ўз хоҳиши билан ҳукумат кучларига таслим бўлади.

Инжирликдаги база нега ёпиб қўйилганди?

16 июль куни Туркиянинг Инжирлик шаҳрида жойлашган НАТОнинг ҳарбий ҳаво кучларига тегишли база ёпиб қўйилади. Кейинчалик фақат кириш парвозларини қабул қилган Инжирликдаги базадан бир муддат бирорта учоқ учиб кетмайди. Чунки Туркия ҳукумати бу база вакиллари исёнда қатнашганидан гумон қилади.

Норасмий маълумотларга кўра, Инжирликда АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган, шу боис Пентагон бу борада тезда муносабат билдирди ва база ёпиб қўйилганини маълум қилади. Маълум бўлишича, исён вақтида Инжирликдаги базага ҳам ҳужум қилишган ва ҳукумат кучлари қўлга олинганларни озод қилган.

«Сценарий муаллифи» - Фатҳуллоҳ Гулен

Фото: Charles Mostoller / Reuters file

Туркия АҚШда истиқомат қилувчи Фатхуллоҳ Гуленни исённинг ташкилотчиси ва ҳомийси деб эълон қилди. Баъзи манбаларга кўра бойлиги 30 миллиард долларлиги айтилган Гулен АҚШдан туриб барчасини назорат қилгани ва унинг кўрсатмаларини Туркиядаги ҳарбийлар орасидаги тарафдорлари бажариб туришгани иддао қилинган. Унинг тарафдорлари ҳарбийларнинг ўрта қатламига мансуб бўлишган. Улар орасида ҳарбий прокурор, 46 нафар офицерлар бор. ОАВ исённинг етакчиси Муҳаррам Кёсе эканини ёзади. Етакчи собиқ Туркия ҳарбий ҳаво кучлари раҳбари Акин Ўзтурк деган вариант ҳам йўқ эмас.

Ҳаммаси Инжирликдан назорат қилинган

Исёндан сўнг Инжирликдаги база раҳбари Бакир Эржон қўлга олинади. Туркия томони ҳаммаси айнан Инжирликдан туриб назорат қилинганини тахмин қилган. Шу боис исён бостирилгач, маҳаллий ОАВда марказий разведка бюросининг аралашуви ҳақида кўп ёзилди.

Туркия учун одатга айланган тўнтариш...

Албатта, исённинг ҳақиқатга энг яқин варианти сифатида Фатҳуллоҳ Гулен томонидан уюштирилгани айтилади. Аммо бошқа вариантлар ҳам йўқ эмас. Туркия учун ҳарбий тўнтариш ёки тўнтаришга уриниш янгилик эмас. Бунгача 1960, 1971, 1980 ва 1997 йилларда Туркияда ҳарбий давлат тўнтаришлари бўлиб ўтган. Шу боис, бу ерда четдан ҳеч ким аралашмаган ва исён ҳарбийларнинг ўз ташаббуси деган версия ҳам мавжуд. Ҳарбийлар айнан Эрдўған вақтида мамлакатнинг сиёсий ишларига унчалик ҳам аралаша олмай қолишди ва бу уларда норозилик кайфиятини пайдо қилгани аниқ. Бироқ бир нарсани таъкидлаш керак, Эрдўған исёндан икки кун олдин ҳарбий иммунитет тўғрисида қонунни имзолаганди. Унга кўра, мамлакат ҳудудидаги операцияларда қатнашган ҳарбийларга нисбатан суд иш оча олмасди. Қонунда командирларга нисбатан фақат бош вазир розилиги билан иш очилиши кўзда тутилган.

«Ҳаммасини Эрдўған уюштирган...»

Фото: REUTERS/Huseyin Aldemir

Эрдўған исённинг ташкилотчиси деб атаган Фатҳуллоҳ Гулен эртасига бу ҳақда чиқиш қилиб ўз тахминини билдирганди: «Ҳаммасини Эрдўғаннинг ўзи уюштирди. Бу ишлар келгусида кўплаб одамларни айблаш учун хизмат қилади».

Эрдўған амалга ошмай қолган тўнтаришга уринишдан сўнг халқининг ақл бовар қилмас ишончига сазовор бўлгани бор гап. Экспертлар яқин-яқингача парламентар республика бўлган Туркия 15 июлдан сўнг суперпрезидентлик давлатига айланганини айтадилар. Бу версияни қувватлайдиган бир маълумот бор. ОАВда айтилишича, Эрдўған Мармарисдаги меҳмонхонадан чиқиб Истанбулга қараб учганда исёнчиларнинг иккита қирувчи самолёти уни таъқиб қилган, лекин улар имкон бўлса-да, «биринчи борт»га ўқ узмаган.

Ҳарбий тўнтаришга уринишдан сўнг Эрдўған АҚШ президенти Барака Обамага мурожаат қилиб «Хизмат» ҳаракати етакчиси Фатҳуллоҳ Гуленни Туркияга қайтаришни, мамлакат айнан уни исёнчилар раҳбари деб билишини маълум қилди. Туркияда исёнчиларни жазолаш учун ўлим жазосини тиклаш ҳам кўриб чиқилди. Бу мамлакатнинг Европа Иттифоқига киришига тўсиқ бўлса-да, Туркия ҳукумати гуленчиларнинг борлиги ривожланишга йўл қўймайди деб ҳисобларди. Исён мамлакатнинг иқтисодий аҳволига ҳам жиддий таъсир қилди. Турк лираси қадрсизланиши оқибатида мамлакат бир кечада 100 миллиард доллар зарар кўрди.

WikiLeaks нашри исён ҳақида унинг бошланишидан бир ҳафта олдин олган маълумотларини эълон қилгани яна шов-шувларни пайдо қилди. 23 июль куни президент гвардияси тарқатиб юборилди ва мамлакатнинг куч тузилмаларида ёппасига «тозалаш» бошланди. Ўн минглаб одамлар тергов қилинди. 15 июль Туркия миллий байрамлари қаторига киритилди ва бу кунни турклар миллий бирлик куни сифатида нишонлашни бошладилар.

Исён оқибатида 265 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида махсус хизматларнинг 17 нафар аскари ҳам бўлган. Ҳарбий тўнтаришга уринишда учта ҳарбий кема, 74та танк, 246та БТР, 3 992та ўқотар қурол, 35та самолёт ва 37та вертолётдан фойдаланилган. Исёндан сўнг 3 мингдан зиёд ҳарбийлар, 100 мингдан зиёд давлат хизматчилари ишдан олинган. Таълим соҳасида 27 минг киши ишдан кетган. 15 июль воқеаларидан сўнг 3та ахборот агентлиги, 16та телеканал, 23та радиостанция, 45та газета ва 15та журнал фаолияти тўхтатилган. 20та сайтга кириш тақиқланган ва 29та нашриётнинг лицензияси олиб қўйилган. 88 нафар ОАВ ходими қўлга олинган ва 330 нафар журналист аккредитациясидан маҳрум қилинган.

Миллат қаҳрамонлиги...

Фото: REUTERS/Tumay Berkin

Юқорида воқеалар ривожини имкон борича тўлиқ эсладик. Аммо асосий фикр шуки, 15 июль воқеаларининг асосий қаҳрамони Ражаб Эрдўған ёки Фатҳуллоҳ Гулен эмас давлатининг тақдирига бефарқ бўлмаган миллат, юзини ҳеч ким кўрмаса-да, миллати учун жон берган аскарлар. Миллионлаб халқ қочиб, яшириниш учун жой қидирмади ва ватан тақдири учун майдонларга интилди. Ўз байроғини, миллатини ва ҳеч қачон бировга қарам бўлмаган Туркиясини асраб қолди.

Ҳарбийлар уларни алдашганини айтишмоқда ва шу боис улар тинч аҳолига ўқ узишмади, аммо аскарлар чиндан ҳам одамларни қириш учун танкларга чиққан бўлиши ҳам мумкин эди. Яъни, ўша майдонларга чиққан одамлар ўлимга тик боқиб кўчага чиқишди. Ватан тақдири учун курашишди, танклар остига ётишди, жон беришди. Балки шунинг учун Туркия бугун буюк давлатга айлангандир, балки шунинг учун бу давлат ҳеч қачон кимга қарам бўлмаган, балки шунинг учун бу давлат бешталаб давлат тўнтаришларидан кейин ҳам омон қолгандир...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид