Ўзбекистон | 22:30 / 17.07.2019
29931
2 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазири: Лотин алифбосини ислоҳ қилишнинг кераги йўқ

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов журналист Кирилл Альтманга берган интервьюсида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтиш борасида фикр билдирди.

«Тўғрисини айтганда, мен бунга қаршиман. Лотин алифбосини ислоҳ қилишнинг кераги йўқ. Бизнинг лотин ёзувига тўлиқ ўтмаганлигимиз унинг мукаммал эмаслигиданмас. Агар истасак шундоқ ҳам ўтишимиз мумкин эди. Ҳаттоки қандайдир экспертлар таклиф қилаётган бир нечта белгини қабул қилган тақдиримизда ҳам лотин алифбосига тўлиқ ўтишимизга кафолат йўқ. Аммо мана шу бир нечта белгини қабул қилиш барча дарсликларни бошқатдан нашр қилишга олиб келади. Бу — миллиардлар дегани. Ва биз яна бир неча авлодни йўқотамиз. 

Мен «айтичи» (IT) сифатида ортиқча ҳарфларга қаршиман. Яъни, стандарт инглизча клавиатура бор. Мана шу клавиатура доирасида ишлаш керак. Агар жуда содда қилиб айтадиган бўлсак. Тамом. Бизда эса албатта туркча белгилар, яна нимадир қўшишади. Бунинг нима кераги бор?», дейди вазир.

Бундан аввалроқ Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида иш олиб борган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг хулосалари тақдим этилган, унга кўра 4та ҳарф (Oʻ, Gʻ, Ch ва Sh) ўзгарган, битта ҳарфдан (ng) воз кечилганди.

Мавзуга оид