Жаҳон | 01:16 / 24.07.2019
18629
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда намойишчиларга ҳужум қилувчи шафқатсиз тўда пайдо бўлди

Фото: Reuters

Ҳонгконг метросида оқ футболкаларда бўлган бир неча ўн эркакдан иборат тўда намойишчиларга калтаклар билан ҳужум қилган. Оқибатда 45 киши жабрланган. South China Morning Post нашрининг хабар беришича, ҳужум қилганлардан аксарияти жазосиз қолган.

Нашр маълумотларига кўра, юзида ниқоби бўлган эркаклар оммавий норозилик намойишларидан қайтаётган намойишчиларга ҳужум қилган. Улардан баъзилари Хитой байроқларини ҳилпиратиб юрган. Босқинчилар асосан бир-бирларини таниш учун қора кийимда бўлган намойишчиларга ҳужум қилган. Тўданинг ҳужуми ҳақидаги хабардан кейин намойишчиларга метро станцияларида турли рангдаги кийим тарқатила бошланган.

Ўткинчи одамлар ҳам тўда зўравонлигидан жабр кўрган. Ёғоч ва металл калтаклар зарбасидан ўнлаб одамлар жабрланган. Полиция уюшган ҳужумда 100 дан 150 нафаргача киши иштирок этганини аниқлаган, бироқ 6 кишинигина ушлашга муваффақ бўлинган. Шунингдек, нашр Хитойни қўллаб-қувватловчи депутат Юниус Хо оқ футболкаларда ва Хитой байроқлари билан бўлган эркакларнинг қўлларини сиқаётгани видеосини эълон қилган.

Ҳонгконгда узоқ вақтдан бери Хитойга экстрадация қилиш қонун лойиҳасига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш қолдирилганига қарамай, намойишлар тўхтамаяпти.

Мавзуга оид