Жамият | 14:40 / 25.07.2019
20169
6 дақиқада ўқилади

Шифокор лоқайдлиги она ва туғилажак боланинг нобуд бўлишига сабаб бўлди

Фото: Fotolia

Аёл она бўлишдек ширин ташвиш тараддудида эди. Ҳазорасп тумани туғруқхонасида қарийб икки ҳафта даволаниб, ниҳоят, соғлом фарзандни дунёга келтиришга бўлган ишончи яна ортди.

Дилдора Болтаева (исм-фами­лия­лар ўзгартирилган) 2018 йил 7 декабрь куни уйидагиларига қўнғироқ қилиб, соғлиги анча яхшилангани, шу боис туғруқхонадан чиқишга рухсат беришганини айтади.

Аммо бу қувончли дамлар узоққа чў­зилмади. Кечагина уйга қайтишга ҳо­зирлик кўраётган Дилдора эрта тонг­да турмуш ўртоғи Э. Абдуллаевга асабий ҳолатда сим қоқди. Кечаси бирданига аҳволи оғирлашгани, навбатчи шифокорга хабар бергани, аммо ундан ҳамон дарак йўқлигини айтиб, туғруқхонага тезроқ етиб келишини сўради.

Э. Абдуллаев фурсатни ўтказмай шифохонага йўл олди. Аҳволи борган сайин оғирлашаётган бемор аёл ҳузурига бевосита шу бинода ишлаётган шифокорнинг келиши осон бўлмади.

Кейинчалик судда кўрсатма берган туғруқхона ҳамшираси О. Саидова ўша куни эрта тонгда бемор Д. Болта­е­­­ва­нинг аҳволи оғирлашгани, унга зудлик билан шошилинч тиббий ёр­дам кўрсатиш зарурати туғилгани ҳақи­да нав­батчи шифокор Фазилат Одамовага хабар берганини айтди.

Навбатчи шифокор бемор ётган хонага орадан 4,5 соат ўтгач, кириб келган. Бу вақт ичида бўлажак онани шошилинч равишда туғруқхонанинг жонлантириш бўлимига олиб ўтишган.

Судда гумонланувчи сифатида сў­роқ қилинган шифокор Ф. Одамова содир бўлган воқеада мутлақо беайб эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, Д. Болтаеванинг соғ­лиги ҳеч кутилмаганда оғирлашгани ҳақидаги хабарни навбатчи ҳамшира унга ўша куни соат 6-00 чамасида етказган. Шифокор эса, 2-3 дақиқадан сўнг етиб боришини билдирган.

Бироқ Ф. Одамованинг айтишича, шу орада туғруқхона қабул бўлимига зудлик билан ёрдам кўрсатилиши за­рур бўлган бошқа бир аёлни ҳам олиб келишгани боис у шу томонга йўл олган. У ердаги муолажа тадбиридан сўнг, яна бир жарроҳлик амалиётига уннаган.

Бу каби шошилинч тадбирлардан сўнг Ф. Одамова соат 10.00 лар атрофида хизмат хонасига қайтган ва фурсатни ўтказмай мадад кутаётган беморнинг хонасига кирган. Аммо аёлни аллақачон жонлантириш бўлимига олиб кетишгани туфайли ноилож ортига қайтган.

Туғруқ олдидан етарлича куч-қувват тўплаш ва шу аснода соғлом фарзандни дунёга келтириш илинжида ушбу масканга келган Дилдора Болтаева ва унинг туғилажак фарзанди ўзини шифокор ата­ган оқ либосли кимсанинг касб-ко­рига нисбатан кечирилмас хиёнати сабабли она ва унинг туғилажак фарзанди ҳам бемаврид нобуд бўл­ди. Тўрт нафар фарзанди етим қолди.

Кейинчалик маълум бўлишича, навбатчи ҳамшира акушер-гинеколог Ф. Одамовага ўша куни соат 5.30 ларда берилган хабардан сўнг орадан ярим соат чамаси вақт ўтгач, беморнинг аҳволи дақиқа сайин оғирлашаётганини маълум қилиш ва келмагани сабабини аниқлаш учун унинг хонасига икки марта борган. Бу ерда шифокорни ёзув билан банд ҳол­да кўрган.

Ҳамшира 30 дақиқалардан сўнг нав­батчи шифокорнинг ҳузурига тағин учинчи марта борган. Аммо энди уни хизмат хонасида учратмаган. Ноилож қолган ҳамшира бу гал ҳам изига қайт­ган.

Судда Ф. Одамованинг ҳамкасби, нав­батчи шифокор М. Юсупованинг кўрсатмаси ҳам тингланди. "Ўша ку­ни­ тонг чоғи чиндан ҳам, изма-из иккита муҳим жарроҳлик амалиётини ўтказдик, аммо бу ишларни Ф. Одамованинг иштирокисиз ҳам амалга ошириш имкони бор эди", — деди у. Табиийки, ўша куни рўй берган мудҳиш воқеа ортидаги ҳақиқатни ойдинлаштиришда бу кўрсатма муҳим аҳамият касб этди.

Д. Болтаева ва туғилиши кутилаётган чақалоқнинг фожиали қисматидан сўнг ўтказилган комиссия экспертизаси она қорнида мақбул жойлашган "йўлдош"нинг барвақт кўчиши билан боғлиқ талай ҳолатлар уларнинг ўлимига сабаб бўлганини кўрсатди. Лекин ушбу тадбирда қатнашган гувоҳ-мутахассислар С. Бегжигитов, С. Мат­ёқубова ва К. Жуманиёзовнинг кўрсатмасига қараганда, фожиа беморнинг умумий аҳволи навбатчи ши­­фокор томонидан тўғри баҳоланмагани, зарурий муолажа чоралари ўз вақтида амалга оширилмагани оқи­­­­батида рўй берган.

Ҳазорасп туманида содир бўлган ушбу фожиа тергов органи тарафидан Жиноят кодексининг ана шу қилмишни назарда тутувчи 116-моддаси 3-қисми бўйича малакаланди.

Суд ушбу хулосани асосли, деб топди ва Жиноят кодексининг бу қилмишни содир этган шахсга нисбатан ахлоқан тузалиши учун етарли бўлиши, тайинланажак жазо ёки бош­­қа ҳуқуқий таъсир чоралари адолат ва одиллик меъёрларига ҳамоҳанг келишини назарда тутувчи 7- ва 8-моддалари, ушбу кодекснинг шахсга нисбатан ҳар қандай ҳолатда ҳам алоҳида ҳукм чиқарилишини тақозо этувчи 54-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг муайян ҳуқуқдан маҳрум қи­лишга оид 45-моддасига амал қилди.

Ф. Одамова жазони озодликдан маҳрум этилган ҳолда ўташдек ан­ча­йин­ оғир қисматдан холи қолдирилди. Энди у 1 йилгача ўз касбида ишлай олмайди ва 3 йил мобайнида озодликни чеклаш жазосини ўтайди.

Мурод Рўзиматов,
жиноят ишлари бўйича
Ҳазорасп тумани судининг судьяси

Мавзуга оид