Ўзбекистон | 07:37 / 25.07.2019
38986
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ўзбекистондаги биринчи IT Парк ишга тушди

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

24 июль куни Ўзбекистондаги биринчи дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки – IT Паркнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олим Умаров, Ҳиндистон дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парклари жамияти (STPI) директори Омкар Рай, IT Парк директори Фарҳод Ибрагимов ва бошқалар иштирок этди.

Тантанали кеча меҳмонлари IT Парк бўйлаб экскурсия давомида мамлакатда стартапларни ривожлантиришга қаратилган эко-муҳит ва инфратузилма билан танишди.

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

IT Паркнинг Қабул Ҳайъати томонидан танлаб олинган биринчи стартап лойиҳалар алоҳида эътибор марказида бўлди. Танловдан ўтган дастлабки 15 та стартаперлар орасида:

– Акселерация дастури бўйича лойиҳалар: Fastаgo – Игор Ким; Document Scanner – Шуҳрат Зоҳидов; Electronic Shelf Label – Музаффар Маҳкамов; Agromart – Акбар Бобохонов; Arzon Apteka – Даник Камилов; Meteostation – Владимир Алатарсев.

– Инкубация дастури бўйича лойиҳалар: Revisor – Исломали Нуралиев; Event – Шохруххон Умаров; Altmed – Махмуджон Содиқов; Worklance – Бекзодхон Махкамов; Delivera – Азиз Қурбонов, Spherra – Рустам Юлдашев, AydaTuda – Владислав Вавилов; Patient Monitor – Мурод Ахунов; LockerPost – Рустам Асимов.

Тадбир давомида биринчи стартап лойиҳага Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов сертификат топширди.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, яқин келажакда IT Парк учун коворкинг маркази, IT академия, IT лаборатория ва IT меҳмонхонани ўз ичига олувчи учта янги бинони топшириш, шунингдек, бошқа ҳудудлардаги ёшлар ўз ғояларини рўёбга чиқариши учун енгиллик яратиш мақсадида мамлакат минтақаларида ҳам IT Паркнинг филиалларини очиш режалаштирилган.

Мавзуга оид