Жамият | 17:13 / 26.07.2019
16310
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ишловчи пенсионерлар сони 130 минг нафар — Пенсия жамғармаси

Бугун, 26 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан президентнинг 2019 йил 12 июлдаги ПФ-5765-сон «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишланган брифинг ўтказилди.

Берилган маълумотларга кўра, 2019 йил 1 августдан пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори 1,1 бараварга оширилиши натижасида 3,5 млн. нафардан ортиқ пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг моддий таъминоти янада яхшиланади.

Шунингдек, Фармонда 2019 йил 1 августдан бошлаб аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан:

- II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсияси энг кам миқдорини белгилашга нисбатан ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилди. Янги тартибга мувофиқ, II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар пенсиясининг энг кам миқдори ҳозирги ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади. Ушбу ўзгартириш қарийб 50 минг нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия миқдори ўртача 145 фоизга оширилишини таъминлайди.

- II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига устама миқдори ҳозирги энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилди. Яъни, ҳар ойлик пенсияси миқдорига яна қўшимча равишда 55,8 минг сўм қўшилади.

Мухбирнинг «Ўзбекистонда ишловчи пенсионерларга пенсияларини тўлиқ олиш имконияти берилди. Шундан сўнг ишга қайтган пенсионерлар сони неча кишини ташкил қилди?» деган саволига Пенсия жамғармасининг Маблағларни бошқариш ва ҳисобини юритиш бошқармаси бошлиғи Нуриддин Шадиходжаев шундай жавоб берди: «Пенсиянинг 50 фоизи бериладиган пайтда ишловчи пенсионерлар сони 100 минг нафарни ташкил қилган. Жорий йилнинг июль ойи ҳолатига бу кўрсаткич 130 минг нафарга етди. Хулоса қилиш мумкинки, 30 мингдан ортиқ пенсионерларимиз ишга қайтганлар ёки ишларини давом эттирганлар».

Мавзуга оид