Спорт | 14:10 / 30.07.2019
6467
2 дақиқада ўқилади

Вазир жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муаммоларни санаб ўтди

Бугун, 30 июль куни Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг жорий йил биринчи ярим йиллигида белгиланган мақсадли вазифаларни бажариш бўйича ҳисоботи эшитилди.

Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев соҳадаги бир қатор муаммо ва камчиликларни санаб ўтди. Унинг айтишича:

- Ўзбекистон олий спорт соҳасида ўқув-машқларнинг замонавий инновацион усуллари, етакчи давлатларнинг илғор тажрибаларини ўзлаштиришда орқада қолмоқда. Спорт федерацияларида олиб борилаётган ўқув-машқлар бугунги кун талабига тўла жавоб бермайди. Шу билан бирга спортчиларнинг муҳим халқаро мусобақаларда кўрсатаётган натижалари қониқарли эмас;

- Мураббийлар ва спорт ҳакамларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тўла қайта кўриб чиқиш керак;

- Спорт федерацияларининг моддий-техника базасини жаҳон стандартлари даражасига кўтариш лозим. Ҳозирда федерацияларда ўқув-машғулотлар ўтказиш учун нафақат замонавий қурилмалар, бакли оддий совуткич, музлаткич, чойшаб ва овқатланиш анжомлари ҳам етарли эмас;

- Терма жамоаларга малакали спорт врачлари, тажрибали психолог, диетолог ва массажчи кадрлар етишмайди. Айни пайтда федерацияларда 75 нафар врач, 75 нафар массажчи, 21 нафар диетолог ва 21 нафар психологга эҳтиёж мавжуд;

- Спорт фармакологияси масаласида ҳам қилинадиган ишлар талайгина. Фармакология мутахассислари ва спорт ташкилотлари ўртасида ҳамкорликнинг мукаммал тизими яратилмаган.

- Спорт соҳасида халқаро тажрибалар чуқур ўрганилмаган ва таҳлил этилмаган. Ривожланган давлатларнинг спорт тиббиёти, фармакологияси, илмий ютуқлари ва мураббийларни тайёрлаш методикаси бўйича маълумотлар умуман йўқ. Халқаро алоқалар фақат учрашувлар ташкил этиш билан чегараланиб қолган.

Юқоридаги мавжуд муаммоларни бартараф этиб, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш, зарур шароитларни яратиш ва ўқув-машғулотлар, Республика мусобақалари сифатини ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Мавзуга оид