Ўзбекистон | 07:52 / 01.08.2019
25144
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбеккўмир» 15та «БEЛАЗ» гигант автомобилини харид қилди

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Президентнинг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4234-сонли «Ўзбеккўмир» АЖ бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш, кўмир қазиб олиш тизимини такомиллаштириш, аҳолига сифатли маҳсулотлар етказиб бериш мақсадида «Ўзбеккўмир» АЖга Беларус давлатидан 15 та «БEЛАЗ-75131» русумли юк ташувчи оғир техника келтирилди.

Ушбу техникалардан Ангрен кўмир конининг юқори қатламни очиш ишларида самарали фойдаланиш кўзда тутилган. «БEЛАЗ» русумли юк ташувчи транспорт воситасини йиғиш ишлари учун беларуслик ва маҳаллий мутахассислардан иборат 2 та ишчи гуруҳ ташкил этилган эди.

«БEЛАЗ-75131» сўнгги русумдаги Cummins KTA50-C двигатели ўрнатилган бўлиб, 130-136 тонна юк кўтариш имкониятига эга. Руль чамбараги гидравлик бошқарув асосида ишлайди. Йирик техниканинг соф оғирлиги 107 100 тоннани ташкил этади. Мазкур юк ташувчи транспортига 33.00-51; 33.00Р51; 36/90-51 ўлчамдаги шиналар ўрнатилган. 

«БEЛАЗ»нинг баландлиги 5900 (±80см), узунлиги 12050 (±100см)га тенг. Ёқилғи бакининг ҳажми 1900 литр. Тўртта томонидан атрофни тасвирга олиб бир вақтнинг ўзида бошқарув бўлинмасига узатувчи камералар билан жиҳозланган ушбу оғир юк ташувчи транспорт воситаси ҳайдовчига атрофни қийинчиликларсиз назорат қилишни кафолатлайди.

Шу кунгача «Ўзбеккўмир» АЖ таркибида 30, 45 ва 110 тонна юк ортиш имкониятига эга БелАЗ юк ташувчи техникалари мавжуд эди. Эндиликда акциядорлик жамияти 136 тонналик гигант автомобилга ҳам эга бўлди.

«БEЛАЗ» ОАЖ билан тузилган шартномага кўра яна 8 та ана шундай йирик юк ташиш транспортини олиб келиш режалаштирилган.

Мавзуга оид