Иқтисодиёт | 13:19 / 02.08.2019
73177
10 дақиқада ўқилади

Энергоресурслар нархи нега оширилди - Жамшид Қўчқоровдан жавоблар

Фото: KUN.UZ

30 июль куни ҳукумат қарори билан мамлакатда ёқилғи, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун нарх ва тарифлар оширилди.

Шу билан бирга, электр энергияси учун базавий меъёр жорий қилиниши маълум қилиниб, у аввал белгиланган 300 кВт/соат.дан 250 кВт/соат.гача туширилиши белгиланди. Яъни, ушбу меъёрдан кўп фойдаланилган энергия манбаи нархи 1,5 баравар коэффициентгача бўлган миқдорда қайта ҳисобланиши билдирилган эди.

2019 йил 1 август куни Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ўзбекэнерго» АЖ мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий мавзуси энергоресурслар нархи оширилиши бўлди.

Кириш сўзи билан маъруза қилган Молия вазири Жамшид Қўчқоров энергоресурслар нархини ошириш борасидаги ҳукумат қарорининг мазмун-моҳияти, уни қабул қилишнинг объектив сабабларини изоҳлашга ҳаракат қилди. У бу қарорнинг иқтисодиётга ва одамларнинг турмуш даражасига қанчалик таъсирига доир фикрларни билдирар экан, икки-уч йил аввалги ҳолатларни хотирлаган ҳолда мисоллар келтириб, ўз сўзларини тасдиқлашга уринди.

Шу билан бирга, у ҳукумат қарори маълум бир маънода ёқимли бўлмаслигини эътироф этар экан, бозор иқтисодиётига ўтишни мақсад қилган эканмиз, нархлар ҳам эркин бўлиши кераклигини айтди.  

«Нарх-навони ошириш масаласи Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ёки бошқа бир идоранинг хоҳиш-иродаси эмас. Бу табиий жараён. Агар биз бозор иқтисодиётини қурмоқчи бўлсак, ҳамма нархлар бозор билан белгиланган бўлиши керак. Кимгадир у қимматлик қилади, кимгадир унчалик эмас, бошқа бир фуқаро миқдорининг фарқи йўқ. Бозор иқтисодиётида нархлар эркин бўлиши керак», - деди Жамшид Қўчқоров.

Унинг айтишича, бозор иқтисодиётига ўтишнинг асосий шартларидан бири, бозордаги каби тош-тарозу тўғри бўлишидир. «Агар, кимдир бир маҳсулотни 8 минг сўмга олса-ю, бошқа бир киши айни шу маҳсулотни 4 минг сўмга олса, демак, бу тош-тарозу бузуқ бўлган»ини англатади, дея бир вақтлар долларнинг бир неча курси бўлганига ҳам ишора қилинди.

Молия вазирининг билдиришича, аслида энергоресурслар нархини 1 июндан ошириш ҳамда бир киловатт соат электр энергияси учун 480 сўм белгилаш режалаштирилган эди.

«Аслида, нархлар 1 июндан кўтарилиши керак эди. Бироқ, президентимиз нархни оширишдан қайтарди. Давлатимиз раҳбари бу борада захира бор-йўқлигига қизиқди. Электр энергиясини бир кВт/соат учун 480 сўм қилмоқчи эдик. 2018 йил 15 ноябрда оширганимизда ҳам давлат раҳбари нарх-наволарни бозорга мослаштиришда одамларни қийнамасдан, босқичма-босқич ошириш вазифасини юклаган эди. Ўшанда, табиий газ нархи кескин оширилганди. Бу сафар кўпроқ электр энергияси оширилмоқда. Бу қарорнинг бош тамойили одамларга оғирлик қилмаслик», - дея ойдинлик киритди Жамшид Қўчқоров.

Унинг таъкидлашича, қайсидир жойда хато ва камчиликлар, муаммолар бўлса, биргаликда ҳал этишга, фуқароларни эшитишга Молия вазирлиги тайёр. Жамшид Қўчқоров бозор иқтисодиёти талабига кўра, барча нарх-наво эркин бўлиши кераклигини айтар экан, Ўзбекистонда бундай бўлмаётганининг сабабига ҳам тўхталди.

«Бизда, мана шу монополияларимизнинг нархлари нега эркин эмас? Насиб бўлса, электр энергияси соҳаси, нефть-газ соҳасининг ҳаммасини хусусийлаштирамиз. Бу соҳаларда, давлат корхонаси қолмаслиги керак. Худди бошқа тадбиркорлик субъектлари сингари маҳсулотини бозорга чиқариб сотиши керак. Бозор иқтисодиётида ҳамманинг мақсади фойда олиш. Фойда тараққиётнинг молиявий базаси. Бусиз олдинга ҳаракат йўқ, ҳеч ким кредит ҳам бермайди, хориждан инвестор ҳам келмайди. Қолаверса, дунёнинг 99,9 фоиз давлати бозор иқтисодиёти йўлидан ривожланмоқда», - деди Қўчқоров.

Унинг қайд этишича, бозор ҳақида гапирганига ҳам сабаблар бор, чунки нарх-наво ошиши каби жараёнларни фақатгина бозор иқтисодиёти билан изоҳлаш мумкин. Тадбирда, шунингдек, спикерлар матбуот анжуманида иштирок этган журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Хусусан, Жамшид Қўчқоров, аҳоли учун электр энергиянинг базавий меъёри 300 кВт/соатдан 250 кВт/соатга туширилгани бўйича журналист саволини қуйидагича изоҳлади.

«Электр энергиясидан фойдаланишдаги базавий меъёрга келсак. Биз Юнусободда тажриба ўтказганимизда, базавий меъёрни тажриба қоидаси сифатида 300 кВт/соат қилиб белгилаган эдик. Сизга тўғрисини айтаман, ўртаҳол хонадонга бу меъёр жуда кўп. Агар бирор оила ойига 300 кВт/соат ишлатса, у электр энергияси нархи бўйича давлат ёрдамига муҳтож бўлмаган оиладир. Буни исталган давлат тажрибасидан кўришингиз мумкин.

Ўзбекистоннинг вилоят, туман марказлари, майли қишлоқларда яшайдиганларни айтмаймиз, ўртача бир оила ойига 80-120 кВт/соат ишлатади. Тошкентда эса, дунёнинг барча пойтахтлари сингари бу рақам кўпроқни ташкил этади. Кондиционерлар, кир ювиш машиналари, компьютер ва бошқа техникалар бор. Шундай бўлса-да, 250 кВт/соатлик меъёр ҳам кўп», - деди Жамшид Қўчқоров.

Тадбирда қатнашган Kun.uz мухбири ҳам мавзуга доир саволлар билан мурожаат қилишди.

-        «2018 йил 15 ноябрида газ нархи 107 фоизга оширилгани ҳолда, электр энергияси нархи 45 фоизга кўтарилгани сабабли юқорида айтилган бозор тош-тарозуси бузилганини кўриш мумкин. Яъни, биздаги маълумотларга кўра, «Ўзбекэнерго» «Ўзтрансгаз»дан бугунги кунда 1 трлн 300 млрд сўмдан ортиқ қарздор. Бу «Ўзбекэнерго»нинг молиявий аҳволига қанчалик жиддий таъсир кўрсатади?»

«15 ноябрда нарх-наво оширилганда, газ нархи кескин оширилгани маълум бир маънода таъсир қилган бўлиши мумкин. Бироқ, нарх-наво оширилиши бир босқичли жараён эмаслигини ўзларингиз ҳам кўриб турибсиз. Ҳозирги кунда «Ўзбекэнерго»нинг «Ўзтрансгаз»дан 1 трлн 350 млрд сўм қарзи бор. Бир ойда 1 трлн сўмлик газ харид қилади. Шундан келиб чиқиб, тахминан 40 кунлик истеъмоли учун қарзи бор. Бу рақам каттами-кичикми, деган саволни мен очиқ қолдираман.

Саволингизга жавобим шуки, бу бир босқичли савол эмас. Бу сафар электр энергияси нархи кўпроққа оширилди ва бу ўз ўрнига тушади. Шу билан бирга, «Ўзбекэнерго» газ нархи нопропорционал оширилганидан қийналиб қолди, дейиш нотўғри. Бироқ, шу вақтгача ҳам катта даромад кўриб келган компания ҳам эмас. Агар шундай бўлганида, унинг чет эл кредитларини тўлашга биз ёрдам бермаган бўлар эдик», - деди Молия вазири.

-        «Нарх-наво оширилишида носоғлом молиявий ҳолат рўкач қилинади. Шу ҳолатга тушишга масъул раҳбарларга қандай чоралар кўрилди?»

«Мен бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Авваллари ҳам нарх-навони кескин оширган вақтларимиз бўлган. 40 фоизгача оширилган. Лекин, боя айтганимдек, тош-тарозу бузуқ тизимда нархни ошириш-оширмасликнинг фарқи йўқ. Мисол учун, 3-4 йил аввал машина нархини оширардик, бироз вақтдан сўнг, «қора бозор»даги доллар нархи кўтарилиши билан яна аввалги ҳолига келарди», - деди Жамшид Қўчқоров.

-        «Ўзтрансгаз» тизимида йўқотиш 30 фоизгача экани айтилди. Бу рақамларда коррупция улуши қанча? Халқ орасида гап юради-ки, иссиқхона ва ғишт заводи каби табиий газдан фойдаланувчи айрим нопок истеъмолчилар ходимлар билан келишиб олишади».

«Ўзтрансгаз»даги йўқотишлар хусусида гапирадиган бўлсак, 30 фоизлик рақам Янгийўлга текширишга борганимизда аниқланди. Унинг ичида коррупция улуши қанча, деган саволга аниқ бир жавоб бериш қийин. Албатта, бу нарса бор», - деди Молия вазири.

Унинг таъкидлашича, фуқаролар ҳам коррупция ҳолатларига барҳам беришда ёрдам бериши керак.

«Энди бу тизимларда коррупцияга қарши курашда давлат бир томон, фуқаролар бир томон бўлса натижага эришиб бўлмайди. Одамлар бу ишни қилмаслиги керак. Улар ҳам тўлаш маданиятини ўрганишлари керак. Иккинчидан, газнинг технологик йўқотишида унинг босими жуда муҳим. Чунки, ҳисоблагичлар, газнинг маълум бир белгиланган босимида келишига мослаштирилган. Газ босими паст бўлса, у ишламайди», - деди Жамшид Қўчқоров.

Таъкидлаш ўринлики, Бош вазир ўринбосари, шунингдек, тадбир давомида нореал қарздорлик хусусида ҳам фикрларини билдирди. Маълум қилинишича, бугунги кунда «Ўзтрансгаз»нинг дебиторлик қарздорлиги 3 трлн сўм бўлиб, шундан 1,2 трлн сўми нореал қарздорликдир. Вазирнинг сўзларига кўра, «Ўзбекнефтегаз» билан боғлиқ реструктризация жараёни якунлангач, мазкур нореал қарздорлик масаласига қайтилади. Унинг тахмин билдиришича, алалоқибат нореал қарздорлик бекор қилиниши эҳтимол.

Мавзуга оид