Ўзбекистон | 19:00 / 05.08.2019
183101
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Президенти неча кунга таътилга чиқиши мумкин?

Президент неча кун меҳнат таътилига чиқиши мумкин? У меҳнат таътилига чиққанда унинг вазифаларини ким бажариб туради? Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев масаланинг шу жиҳатларига эътибор қаратган.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига биноан, Президентга муддати 36 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади.

«Президент меҳнат таътилига чиққанда унинг вазифалари кимнингдир зиммасига юкланиши ҳақида қонунчиликда бирорта қоидага кўзим тушмаган. Менимча, бундай қоида йўқ ва бу тўғри. Чунки Президент халқ томонидан сайланган олий ваколатларга эга шахс ҳисобланади, унинг вазифаларини вақтинча халқ сайламаган шахсга берилиши жоиз эмас», — дейди Хушнуд Худойбердиев.

Фақат Конституциянинг 96-моддасида биргина қоида бор, амалдаги Президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати раисининг зиммасига юклатилади. «Ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолат»га айнан нималар киришига изоҳ берилмаган, лекин меҳнат таътили бунга кирмаслиги аниқ.

Давлат раҳбарининг меҳнат таътилига чиққанлиги тўғрисидаги 2 қаторли кичкина хабар тўрт жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга:

Биринчидан, бу Президент матбуот хизмати учун янгилик. Мустақил Ўзбекистон тарихида ҳали бирор марта бу ҳақида маълумот берилмаган. Биринчи Президент Ислом Каримовнинг меҳнат таътилига чиққанлиги тўғрисида ҳеч қачон матбуотга хабар берилмаган. Демак, матбуот учун бериладиган очиқ хабарлар йўналиши яна биттага бойиди.

Иккинчидан, 2017 йилда Президент томонидан ҳукумат вакиллари ҳамда раҳбарлар учун 2 йилга фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. Бугунги хабар ўз-ўзидан ушбу фавқулодда ҳолат якунлангани ва иш тартибида хотиржам бўлиш мумкинлигига ишорадир.

Учинчидан, бизда йиллар давомида меҳнат таътилига чиқмасдан ишлаш ўзига хос «анъана» тусига кирган. Айниқса раҳбарлар орасида. Уларнинг меҳнат таътилига чиқиши, худдики ишдан қочиш ёки дангасалик сифатида қаралишидан хавотир олишади. Аммо албатта бу меҳнат қонунчилиги бўйича маъқулланмайдиган «анъана».

Президентнинг меҳнат таътилига чиққанлиги ҳақидаги хабар шуниси билан ижобийки, бу қуйи бўғин раҳбарларига яна бир ўзига хос сигнал вазифасини ўтайди. Демак, қолган раҳбарлар ҳам меҳнат таътилига чиқиши мумкин, бу уятли иш эмас, ёхуд ўша раҳбарсиз бутун тизим тақа-тақ тўхтаб, ишлар орқага кетиб қолмайди.

Сўнгги 3 йилликда меҳнат қонунчилигига оид бу каби сигналлар кўп бора берилди. Якшанба куни ишга чиқмаслик, шанба куни вақтлироқ кетиш, эрта тонг ёки ярим кечаси мажлислар қилмаслик ва ҳ.к. Гарчи аҳвол яхшиланган бўлса-да, аммо минг афсуски ҳали амалиётда бунга тўла риоя қилинмоқда, дея айтиш қийин. Ўша-ўша мажлисбозликни давом эттираётганлар ҳам йўқ эмас. Лекин энг муҳими бу гапларнинг энг юқори даражада айтилаётгани, турли сигналлар берилаётгани.

Тўртинчидан, давлат раҳбарининг меҳнат таътилига чиққанлиги тўғрисидаги хабар Туркманистон президенти билан бўлган ҳодисага ўхшаш воқеаларнинг олдини олиш учун ҳам берилди. Маълум муддат матбуотда чиқиш қилмаслик ортидан турли миш-мишлар пайдо бўлиши мумкин эди.

Мавзуга оид