Аёллар нега жиноятга қўл уряпти?
Сўнгги пайтларда қизлар ва аёллар ўртасида содир бўлаётган жиноятлар сони ортиб бормоқда. Ҳафта давомида тарқалган янгиликлар ичида бирортаси албатта шу ҳақида бўлади. Боласини сотган, ташлаб кетган қизлар, турмуш ўртоғини, оила аъзоларини ўлдиришга жазм қилган аёлларнинг сони камайиш ўрнига ортиб бормоқда. Балки авваллари ҳам бундай мудҳиш воқеалар кўп бўлган бўлиши мумкин. Бироқ, бугун ахборот тарқатиш ривожлангани учун ҳам сув тубига чўкиб ётган баъзи оғриқли нуқталар энди кўриниш беряпти.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хотин-қизларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўлими бошлиғи Ш.Казакбаев:
Хотин-қизлар қўмитаси ҳар бир қизнинг ортидан кузатолмайди...
“Бизнинг замонда унақа эди, бунақа эди”, деб кўп таққослашга чевар катталарнинг гапи барчамизга, айниқса, бугунги кун ёшларига бироз ғалати, шу билан бирга, қулоққа ёқмайдигандек сезилади. Чунки, ёшлар ўша замонни билмайди-да. Билишимизча, аввал аёл жигарбандини уриш тугул, қаттиқ бақирмаган ҳам, боласини бировга сотиш хаёлига ҳам келмаган. Бозор иқтисодиётини нотўғри тушунаётган айрим хотин-қизлар бугун чақалоқ сотмоқда. Яқинда сурхондарёлик қиз қизини ҳеч кимга айтмай туғиб, ҳожатхонага ташлаб кетибди. Ҳали турмушга чиқмаган қизнинг бу иши олдин қилган хатосини яшириш эди. ОАВда эълон қилинаётган бундай мавзуларни бугунги ўқувчи оддий хабардек қабул қиляпти. Дастлаб бет чизиб, “вой, ўлай”, деган муносабатлардан аллақачон узоқлашдик. Чунки ўқувчи бу каби воқеаларни кўп ўқиб, ўрганиб ҳам қолди. Шунга ўхшаш ҳолатларни бутунлай бартараф қилиш фақат Хотин-қизлар қўмитасининг ўзига оғирлик қилади. Негаки, жамият катта, хотин-қизлар кўп. Шу боис барча айбни қўмитага ҳам тўнкаш адолатдан эмас.
“Ўша замон” дея таъкидланадиган тарихда ҳам тарбияни болага оила, ота-она, сўнг жамият берган. Бировнинг қизи турмушдан қайтса, бутун маҳалла, қўни-қўшни гап қилиб, қизни турмушига қайтарган, қайтиш уят, шарманда ҳисобланган. Уларнинг назарида, қиз бола эгилиб тушган жойнинг иссиғига ҳам, совуғига ҳам чидаши керак бўлган, шунча қийинчилик кўрса ҳам аёлларимиз чидаган ва бахтли бўлган. Бу билан аёллар маънан эзилиб, хўрлансин, демаймиз, бунга қаршимиз ҳам. Шунчаки, оилада келинни қул кўрмай, тарбияни яхши қилиш керак, демоқчимиз. Афсуски, ҳеч ким ҳеч кимнинг нози-ю карашмаси, эркалигини кўтаролмайдиган замонга мослашиш ҳам керак.
Айрим аёллар диний ва инсоний ахлоқ қоидаларини англаб етмагани боис, (масалан, никоҳсиз фарзанд кўриш ва бошқа) ўз хатоларини яшириш мақсадида (ёки эл-юрт олдида қандай бош кўтариб юраман деган ўй-фикрлар) бундай ҳолатларга йўл қўйилмоқда. Баъзи ҳолларда бундай ҳолатларга эркаклар ҳам сабабчи бўлиб, аёлларимиз зўравонлик қурбонига айланиб, стресс ҳолатида хатога йўл қўймоқдалар. Бунда жамоат вакилларининг вақтида муаммодан хабар топмай уларга тегишли ёрдамни вақтида кўрсатмагани, яъни беэътиборлиги сабабли бундай жиноятлар содир бўлмоқда.
Аёл боласини нега ўлдиради?
Ҳозирги кунда дунёда одам савдоси, айниқса, болалар савдосининг кенг тарқалаётгани энг глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу муаммо ривожланишининг асосий омиллари ривожланиш даражасининг пастлиги, қашшоқлик, иқтисодий тенгсизлик, кам таъминланганлик, билим даражасининг пастлиги ҳисобланади.
Бу каби воқеа-ҳодисаларнинг ҳаётимизда тобора кўпайиб бораётганининг асл сабабини қидирадиган бўлсак, яна гап ўша тарбияга бориб тақалаверади. Айрим оилаларда тарбиядаги сустлашув, ғарбдан кириб келган нотаниш ғояларни сезмаслик, фарзандида туғилган янгича фикрлаш дунёсини тўғри йўналтира олмаслик ҳам келажакдаги катта муаммоларга замин яратяпти. Баъзи оналаримиз қизларига фарзанд кўриш ҳисси энг олий бахт эканини англатмаяпти.
Ўз чақалоғини ўлдириш нафақат турли тарихий даврларда, балки бир даврнинг ўзида ҳар хил баҳоланган жиноятлардан биридир. Бунда аёлнинг биологик, психологик хусусиятлари, хулқ-атворини ҳисобга олсак, одатда, аёллар ўта таъсирчан, ҳис-туйғуларга бой бўлади. Бу беқарор руҳий жараёнлар туғруқ жараёнида сезиларли даражада кучаяди. Бундан ташқари, аёлларда неврозлар ва психопатиялар даражаси ҳам анча юқори бўлади. Буларнинг барчаси биргаликда онанинг ўз чақалоғини ўлдиришига сабаб бўлиши мумкин.
Аёлнинг боладан қутулиш нияти уни қасддан ўлдириш жиноятига айланишига имконият яратувчи бир қанча субъектив ва объектив омиллар мавжуд. Булар:
• никоҳсиз бола туққани учун атрофдагиларнинг қоралашидан қўрқиш ҳамда уялиш;
• боланинг отаси, ўз қариндошлари ёки бошқа шахслар онани ўз чақалоғини ўлдиришга оғдириши;
• ота-онасининг салбий муносабатидан қўрқиш;
• жиноий ҳомила тушириш билан шуғулланувчи шахсларнинг оғдириши;
• ҳомиладорликнинг олдини олиш, ҳомилани даволаш муассасаларида тушириш имкониятига доир махсус тиббий билимларнинг йўқлиги;
• сўққабош она болани тарбиялашда моддий ва маънавий қийинчиликларга дуч келишини тушуниш, ҳомиладор аёллар ва сўққабош оналарга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши ҳақида зарур ҳуқуқий билимларнинг йўқлиги.
Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, айниқса чақалоқ савдосининг олдини олиш юзасидан овул ва маҳаллаларда мунтазам равишда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, оғир турмуш шароитига тушиб қолган хотин-қизлар аниқланиб, уларга тегишли ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, ҳар туманда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари ташкил этилган бўлиб, бу ерга келган аёлларга биринчи навбатда психологик, тиббий, ҳуқуқий ёрдамлар берилиб, уларни руҳий тушкунликдан чиқаришга кўмак берилмоқда.
Психологлар бунга қандай изоҳ беради?
Бахтинисо Азимбаева, психолог:
Бугунги кунда аёллар ўртасидаги мудҳиш воқеаларнинг кўпайишига асосий сабаб оила, таълим берувчи масканларда жисмоний ва руҳий тарбия сустлигидадир. Масалан, мусиқа инсоннинг тинглаш қобилиятини оширади, ҳис қилиш, ижодий баркамолликни ривожлантиради, инсонда ички уйғунлик уйғотади. Расм чизиш руҳий хотиржамлик ҳиссини бериш билан бирга, сезги аъзоларини фаол ҳаракатлантиришга ёрдам беради. Рақслар танани эгилувчанлигини ошириб, борлиқдаги ҳодисаларни борича қабул қилиш, қийин вазиятлардан осон чиқиб кетишда ёрдам беради.
Нега айрим аёллар боласидан қутулишни истаяпти?
Қиз бола учун ёнида мард, ўзига ишонган, дадил қадам боса оладиган ота, ака ва турмуш ўртоқ бўлиши керак. Аёлга қарши жинс вакилларининг ғамхўрлик қилиши уни янада аёллик образини кучайтиради ва ўзини латофатли, гўзал ва кимгадир кераклигини ҳис эттиради. Мана шу ҳис уни келажакда яхши фарзанд, вафодор ёр, содиқ уй бекаси бўлишини таъминлаб беради. Бироқ, агар у ғамхўрлик, кераклилик ҳисларини туймаса, аёллик образини йўқотади. Энди у ўзи учун ўзи эркаклик ролини ўйнай бошлайди ва бу унга хуш келмайди. Қаҳр, алам, нафрат, туйғулари уйғона бошлайди. “Мен бу дунёга бошқа вазифа учун келгандим ку” , деган савол уйғонади. Ботиний онгга синган бу нафратни бошқариб бўлмай қолади ва турли номақбул ишлар қилишга мажбур бўлади.
Бундай кўнгилсизликларни олдини олиш учун ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг жавобгарлигини бўйнига олиб, ёшлигидан бола тарбиясида ўзлари намуна бўла олиши керак. Аёл ҳамиша муҳаббатни ҳис қилиши лозим.
Азалдан жамият никоҳсиз туғилган болани қабул қилишни хоҳламайди. Динимизда ҳам бу ҳолат қораланган. Ёш, ақли кўп нарсага етмаган қизлар қилган гуноҳини юваман деб, тирик жонни нобуд қилишга уриняпти. Аслида эса, бу гуноҳнинг ювилиши учун эмас, янада катталашиши учун хизмат қилади. Буни оналар фарзандларига уқтириши, фарзанд Аллоҳнинг буюк неъмати эканини қалбига сингдириши керак.
Озода ВАЛИЕВА
Мавзуга оид
11:47 / 03.12.2024
BBC ўзбекистонлик тадбиркор — Дилором Йўлдошевани «дунё бўйлаб илҳомлантирувчи ва нуфузли 100 аёл» рўйхатига киритди
18:52 / 27.11.2024
Президент аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилишга доир давлат дастурини маъқуллади
17:57 / 12.10.2024
Аёллар учун хавфсиз бошпана – реабилитация марказлари қандай ишлайди?
07:20 / 19.09.2024