Ўзбекистон | 15:03 / 09.08.2019
172883
4 дақиқада ўқилади

Тест натижалари бекор қилинармиш...

Фото: KUN.UZ

Тест натижалари бекор қилинармиш... Kun.uz бу ҳақда ёзганмиш...

Кенг омма азалдан миш-мишларга ўч бўлади. “Ҳақиқат этигини кийгунча миш-миш дунёни кезиб чиқади” деган мақол бежиз эмас. Интернет, ижтимоий тармоқлар ёлғон маълумотлар тарқалиши учун янада кўпроқ имконият яратди. Ана шундай асоссиз хабарларнинг яна бир шу кунларда ижтимоий тармоқларда айланиб юрибди.

Келинг, шу хабар билан танишамиз (матн лотин алифбосида, ўзгаришсиз чоп этилмоқда):

“Kun.uz rasmiy kanalining xabar berishicha 29.07 dan 06.08 gacha o'tkazilgan imtixonlarni o'tkazishda ancha xatoliklar va korrupsiyaga yo'l qo'yilhanligi takidlanmoqda. Dramning xabar berishicha. Ushbu oraliqdagi barcha imtixonlar bekor qilinishi kutilmoqd. Hamda barcha imtixonlar tugagach qytadan imtixon olinadi deya xabar berildi.

Biz bilan birga bo'ling”.

Кўриниб турибдики, бу хабар ҳатто “имтиҳон” сўзини ҳам хато билан ёзувчи инсон томонидан тарқатилмоқда ва бирор асосга эга эмас. Kun.uz сайтига умуман алоқадор жойи ҳам йўқ. Нега?

1. Аввало тест имтиҳонларининг бир неча куни натижаларини бекор қилиб ташлаш учун энг камида ҳукумат ёки суд қарори керак. Бу жараён эса ими-жимида тайёрланиши мумкин эмас;

2. Тест имтиҳонларига оид ташкилий ишлар ва уларнинг натижалари бўйича ҳар бир хабар дастлаб тест маркази томонидан тақдим этилади. Ҳар қандай ОАВ, шу жумладан Kun.uz сайти ҳам бундай маълумотларни шу марказга таяниб тарқатади (албатта, ўз кузатувларимизга оид, умумий характерга эга бўлмаган масалалар бундан мустасно). Юқоридаги мазмундаги хабар ДТМ сайтида ёки бирор ваколатли шахс томонидан эълон қилинмаган, қилиниши ҳам мумкин эмас;

3. Kun.uz ижтимоий тармоқларда ўзининг расмий саҳифаларига эга ва улар бир неча марта эълон қилинган. Уларда ёритилувчи ҳар бир хабар мутахассисларимиз томонидан жиддий текширилади ва кузатиб борилади. Юқоридаги хабарга платформа вазифасини бажарган телеграм мессенжеридаги каналимиз эса айни шу мессенжер томонидан берилган расмий мақомга ҳам эга. Шундай экан оддийгина текшириш орқали бу хабарнинг Kun.uz сайтига алоқаси йўқлигини билиб олиш мумкин эди;

4. Қизиғи, хабар ишончлилигини ошириш мақсадида унинг остига https://kun.uz/86861491 деган ҳавола ҳам кўрсатилган. Бу ҳавола чиндан ҳам сайтимизники, аммо унда ҳайит куни бўлиб ўтадиган имтиҳонлар бошқа кунга кўчирилгани ёритилган холос.

Аммо, рад этиб бўлмас далилларга қарамай, бу каби миш-мишларга ишонувчилар ёки ишонишни истовчилар бор экан, у яшин тезлигида тарқалаверади. Воқеликни тўғри англаб етмайдиганлар бу каби хабарларга лаққа тушиб қолаверадилар ва ўзлари ҳам тарқатиш кампаниясига қўшилиб кетадилар. Бундан манфаатдорлар ўз обуначиларини ошириш, ресурсларига эътибор қаратиш пайида бўлаверадилар.

Афсуски, бу биринчиси эмас ва катта эҳтимол билан охиргиси ҳам бўлмайди.

Хулоса ўзингиздан, рост ва ёлғонни ажратиш фурсати етди!

Мавзуга оид